ИСЛОМДА ОИЛАГА МУНОСАБАТ.

 Аллоҳ таоло инсон фарзандини бошқа барча махлуқотларга нисбатан азиз ва мукаррам ва ер юзини обод қилмоқ учун уни Ўз халифаси деб эълон қилган. Ерни обод қилмоқ учун ҳалол ва покиза инсонлар лозим. Мазкур сифатли инсонлар фақат соғлом никоҳ орқали пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларда инсонларни саҳиҳ никоҳ орқали жуфтланишлари ва ушбу никоҳни муқаддас билишлари ва бардавом бўлишлари учун кўрсатма ва тавсиялар келган. “Никоҳ” сўзининг луғавий маъноси эркак ва аёлнинг қовушиши, мажозий маъноси эса оила қуришни англатади.

Инсон оилани ўзига жуфт танлаш билан бошлайди. Турмуш ўртоғини танламоқчи бўлган инсон ўзи учун фақат ёстиқдош эмас, жаннатда ҳам бирга бўладиган йўлдош танлаётганини ҳис қилиши ва шунга қараб ҳаракат қилиши керак. Муносиб умр йўлдоши танлаш инсон ҳаётидаги энг муҳимҳаёт мамот масалаларидан бири ҳисобланади.

Насл насабнинг қандай давом этиши, фарзандларнинг тарбияси, одоб ахлоқи, соғлик саломатлиги ҳатто, ьяқин қариндошлар билан борди келдининг сақланиб қолиши ҳам бўлажак умр йўлдошига боғлиқ.

Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида аввалги улуғларимизнинг гўзал одатларидан ҳисобланади. Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.

Оила мустаҳкам бўлиши учун оилада эр ва хотин шариатимиз кўрсатмаларига мос ҳолда ўз мажбуриятларни тўлиқ адо қилишлари шарт.

Оилада эрнинг мажбуриятлари:

     1.Ўзи еган нарсадан аёлига едириши, ўзи кийганидан кийдириши, юзига урмаслиги, аразлашганда бир хонада ўрнини алоҳида қилишидир. Оиладаги моддий таъминотни эркак ўз зиммасига олиши керак. Кўча юмушлари билан эр,  уй юмушлари билан аёл шуғуллланиш лозим.

2.Эркак аёлининг эҳтиёжларини (маънавий, жисмоний)  ҳуқуқини поймол қилмаган,таҳқирламаган  ҳолда қондириши.

  1. Эр аёлининг қариндошларини ҳурмат қилиши керак.
  2. Аёли ҳомиладорлигида алоҳида эътибор. Фарзанд тарбиясига киришиш.
  3. Ҳалол луқма едириш

     Аёлнинг мажбуриятлари:  Эри ёқтирмайдиган кишини  уйга киритмаслиги, шариат буюрган ўринларда эрига итоат қилиши.

  Аёлбегона эркаклар билан муомалада жиддий муомала қилиши, назокат билан гапирмаслиги керак.

  Эр ва хотиннинг оилада бундан бошқа ҳам вазифалари, ҳақ ва ҳуқуқлари мавжуд бўлиб,  оила қурганлар булардан хабардор бўлиши ва амал қилиши керак.

Никоҳ ва оилага алоқадор бўлган яна бир муҳим шаръий масала – талоқ масаласи ҳам борки, бугунги кунда ёшларимиз ушбу нозик масалага енгил қарамоқдалар. Билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар. “Талоқ” сўзи айтилганда шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига ҳаром бўлиб қолади. Талоқ – охирги чора сифатида жорий қилинган бўлиб, Аллоҳ таолога хуш келмаслиги ҳадисларда ворид бўлган. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:

 “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ учун энг нохуш нарса – талоқдир”(Имом Абу Довуд ва Имом Можа ривояти).

Баъзи эрлар ўзлари ва оилаларига бахтсизлик  ва кулфатдан бошқа нарса келтирмайдиган қийинчилик ва мушкулот йўлини тутиб, шариат ҳукмларига хилоф тарзда “талоқ” сўзини кўп ва бўрттириб қўллаш ҳолатлари авж олмоқда. Аслида бу – улкан маъсият ва ҳаддан ошишдир. Маҳмуд ибн Лабид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабнок ҳолда ўрниларидан туриб: “Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”,дедилар. (У Зотнинг қаттиқ ғазабланганларидан) ҳатто бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” деб юборди” (Имом Насаий ривояти).

Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан аёлни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур. Кўпгина ёшлар “Нега хотингизни талоқ қилдингиз?” деган саволга “Билмай ёки ҳазиллашиб шундай қилиб қўйибман” деган жавобни беришади. Ваҳоланки, шариатни билмаслик ҳеч кимни масъулиятдан халос қилмайди. Зеро, илм олиш – барча мусулмонларга фарздир. Худди шу каби билмасдан ёҳуд ҳазил тариқасида айтса ҳам, талоқ тушади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада шундай деганлар:

» Уч нарсанинг жиддийси хам жиддий, хазили хам жиддий: Иток( Кул озод килиш), никох ва талок».

Фарзанд дунёга келгач, унга чиройли исм қўйиш отанинг энг муҳим вазифаларидандир. Зеро, исм киши ҳаёти давомида унга ҳар жиҳатдан таъсир қилиши бор ҳақиқат. Бу нарса тарихдан, хусусан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар тарихидан маълум ва машҳурдир. Масалан, Ҳудайбияда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саҳл ибн Амрнинг келаётганини кўриб: “Аллоҳ ишингизни енгиллаштирадиганга ўхшайди”, деганлари шунга далолат қилади.Яна бир муборак ҳадисда АбуДардо розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта сизлар Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар. Бас (шундай экан), исмларингизни чиройли қилинглар!” (Абу Довуд, Имом Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да,Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда бандалар Қиёмат кунида ўз исмлари ва оталари исми билан чақирилиши таъкидланиб, уларни чиройли ва маънодор исмлар қўйишга тарғиб қилинмоқда.

Ҳозирги кунда айрим эркакларда қуйидаги камчиликлар кузатилмоқда:

Баъзи эрлар, хотинини нафақа билан таъминламаётгани етмагандек, “Сен ҳам пул топсанг нима бўлади?”, деб маломат ҳам қилишмоқда.

Баъзилар эса ўзга юртларга кетиб, узоқ вақт қарамоғидагиларни нафақасиз ташлаб қўймоқда.

Баъзи эрлар кун бўйи кўча-кўйда юриб, аҳли-аёли ва фарзандларини олдига борганда телефонидан бошини кўтармайди. Ваҳоланки, эр оила аҳлининг тарбиясига масъул. Уларга ҳам вақт ажратиши ва уларнинг ҳаққини адо қилиши керак.

Баъзи номардлар очиқчасига: “Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман”, – деб пўписа қилади. Бу етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларининг нафақасини ҳам хотинининг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.

              Баъзи ҳолатларда узоқ муддат чет элларда юрадиган кишилар, у ерларда фаҳш ишларга ўралашиб, касбининг баракасини қочириб, турли касалликларни юқтириб келмоқдалар. Гоҳида бедаво касалликларни уларни кутиб турган пок аёлларига юқтириб, ўзларига ҳам, жуфтларига ҳам жабр қилишмоқда.

Юқоридагиларнинг барчаси аҳли-аёлга нисбатан зулм ҳисобланади. Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши қаттиқ қораланган. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир.

Хулоса қиладиган бўлсак, эр – оиланинг раҳбари. Агар эр зиммасидаги вазифаларини рисоладагидек бажарса, ўз-ўзидан аёли ва фарзандлари унга ҳурмат ва итоатда муомалада бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётнинг барча жабҳалари қатори никоҳ ва оила масаласида ҳам шариатимиз кўрсатмаси асосида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин!

  

Х.Адамбоев.

Янгибозор тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *