САЛАФИЙЛИК ҚАНДАЙ ОҚИМ

Охирги йилларда аксар бемазҳаблар тарафидан саҳоба ва тобеинлар манҳажи ниқоби остида “салафийлик” байроғини баланд ҳилпиратиш ҳолатлари кўпайди. Наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг издошлари ҳам бугун “ваҳҳобий” деган атамадан воз кечишиб ўзларини солиҳ салафлар йўлидамиз деб иддао қилишмоқда. Носируддин Албоний шахсияти худди ўша “салафийлик” тарғиботчилари орасида доҳийлик касб қилган шахслардан биридир. Салафийлар Носир Албоний шахсиятига баҳо беришда жуда ҳаддан ошишган. Уни “Аср муҳаддиси”, “Суннат билимдони”, “Суннат ҳомийси” ва ҳоказо баландпарвоз илмий унвонлар билан лақаблаб олишган.

Шунингдек, салафийлар орасида охирги йилларда фиқҳий ва ҳатто ақидавий аҳкомларда ҳам Албоний фикрларига мурожаат қилиш ҳолатлари бирламчи одатга айланди.

Бугунги кунда Салаф ва салафийлик каби ибораларини кўп  ишлатилиши, унинг асл негизи қаерга бориб тақалишини кўплаб кишилар том маънода билмаслиги сир эмас.

            Мазкур истилоҳий маънонинг қўлланишининг (асосий) масдари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу орқали икки шайх ривоят қилган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида айтилган сўзларидир.

“Салаф” луғатда  “илгари яшаган одамлар”, “аждодлар” каби маъноларни ифодалайди. Истилоҳда исломий асрларнинг энг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқроқ бўлган (даврга) яшаб ўтганларга нисбатан қўлланилади.

Ислом уламолари юқоридаги ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, ана шу илк ҳижрий уч асрда яшаб ўтган саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлардан иборат олиму фозиллар ҳамда мужтаҳидлар “салафлар” деб аталишини таъкидлайдилар.

Ҳижрий тўртинчи асрдан бошлаб то ҳозирги кунимизга қадар яшаб ўтган бирорта олим, фозил ёки авлиёга нисбатан “салафи солиҳ” деган атамани ишлатиш мумкин эмас. Ҳатто дастлабки уч асрда яшаб ўтган бўлсалар-да, хорижийлар, муътазилалар, қадарийлар, жаҳмиялар ва бошқа фирқалар вакиллари ҳам “салафи солиҳлар”га кирмайдилар.

Кейинчалик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳижрий ўн иккинчи асрда ана шу атамани Нажд минтақасида янгидан жонлантирди. Ушбу оқимнинг ҳозирги замондаги энг кўзга кўринган вакиллари Абдулазиз ибн Боз, Муҳаммад Носируддин Албоний, Муҳаммад ибн Солиҳ ибн Усаймин, Яъқуб ал- Боҳисийн ва ҳоказолардир.

Мазкур давр саҳобалар, тобеъинлар ва табаа тобеъинлар давридир. Ана шу давр салафларнинг давридир. Бу ҳақиқатни ўзларини  “салафийлар”, деб атаётган сохта оқим аъзолари ҳам яхши билади.

Агар теранроқ ўрганиб чиқилса, бугунги “Сохта салафийлар” Исломнинг дастлабки уч асрида чиқарилган ҳукмлардан бошқаси бидъат дейишади-ю,  бироқ уларнинг ўзлари бунинг тескарисини қилишади. Ҳолбуки, улар Ибн Таймийя, Ибн Қайюм каби раҳнамоларининг сўзларидан бошқасини тан олмайди ва тўрт нафар мужтаҳид имом: Имоми Аъзам, Имом Шофиъий, Имом Молик ва Имом Аҳмад Ҳанбалий (раҳматуллоҳи алайҳим)га эргашганларни эса қоралайди.  Аслида улар эргашаётган “мужтаҳид”лар солиҳ салафлар қаторига кирмайди. Чунки Ибн Таймийя ва Ибн Қайюм Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан деярли олти юз йил кейин яшаб ўтишган. Демак, «салафий” оқимининг икки имомини солиҳ салафлардан олти асрлик тафовут ажратиб турибди. Орадан шунча узоқ вақт ўтган бўлишига қарамай, “Сохта салафийлар” бу икки шахснинг таълимотини жуда катта эътибор билан ўрганиб, амал қилишади.
Яна улар гўё “пок” шариатга қайтишга ва кейинги даврда пайдо бўлган “бидъатлардан” воз кечишга ҳамда барча ҳукмларни фақатгина Қуръон ва Суннатдан олишга чақиради. Бу шундай ҳам ҳаммага маълум. Лекин масала бошқа тарафда – у икки манбадан ҳукм қандай равишда ва қайси усуллар билан чиқаришдадир. Ҳақиқатан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръон ва Суннатга эргашишни буюрганлар. Қуръон ва Суннат — ҳадислар орқали англанади. Улардаги  шаръий ҳукмларни эса мужтаҳидлар тушунтириб берадилар. “Сохта салафийлар” эса, Суннатни бизга тушунтириб берган бу олимларни адашган деб эълон қилиб, Суннатга эргашиш имкониятини йўққа чиқаришмоқда. “Сохта салафийлар”нинг иддаосига кўра, аҳли сунна вал жамоадаги ақидавий йўналиш асосчилари Ашъарийлар ва Мотурудийлар – Аҳли суннадан чиқиб адашганлардир. Ҳолбуки, ҳадис тўпламларини шарҳ қилган деярли барча олимлар, эътиқодда Мотурудий ёки Ашъарий бўлганлар.

“Фақатина Қуръон ва Суннатга эргашиш керак” деган салафийларнинг чақириғи назариётдагина яхшидир, амалий ҳаётда эса, мусулмонларнинг кундалик муаммоларига тааллуқли минглаб саволларга дуч келинади. Охир оқибат, ҳар бир одам учун, “ҳақиқий мужтаҳид олимга эргашиш керакми ёки навбатдаги бир фирқанинг “етакчисининг” ижтиҳодигами?” деган савол кўндаланг бўлаверади. “Сохта салафийлар” ҳақида исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китобида бундай дейилади: “Сохта салафийлар — …араб ва мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган бўлиб, Ўрта Осиёга ҳам кириб келмоқда. Бу оқим тарафдорлари ислом динининг ҳар бир замон ва ҳар бир маконга мослаша олишини тан олмайдилар. Ўн тўрт асрдан бери Исломнинг етук алломалари, фақиҳу мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар.

                                                                       У.Мадаминов

Боғот тумани “Назар ота” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *