ЭНГ КАТТА ХАТО ЭЪТИҚОДНИНГ БУЗУҚЛИГИДИР

 Авваламбор ислом дини инсониятнинг тўғри йўлга даъват қилади, ислом динидаги энг катта хато бу эътиқоддан адашишликдир ёки ақидани бузуқлигидир. Ибодатларнинг мукаммал бўлишлиги эътиқоднинг мустаҳкамлигига боғлиқдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча инсонларга “Эй инсонлар” деб мурожаат қилса, унинг динига эътиқод қилувчиларга “Эй мўминлар” деб хитоб қилган. Ана шундан маълум бўладики, барча мусулмонлар бир жамоат бўлиб ибодатда бардавом бўлиб келмоқдалар.

Пайғамбаримиз (С.А.В): “Уч нарсани қилган мўминнинг қалби ҳеч қачон ғам андуҳда бўлмаслигини айтганлар:

  • Амални холис Аллоҳ учун қилиш;
  • Мусулмонларнинг бошлиқларига самимий муносабатда бўлишлари;
  • Мусулмонлардан ажралмай, улар билан бирга бўлиши.

Шундан маълум бўладики, Аллоҳ таоло ўз бандаларини бирликка ва ҳамкорликка чақириб ўрталарида низо чиқариб фирқаларга бўлинишларидан қайтаради (Оли имрон сураси 103-оят), яъни “Ҳаммаларингиз Аллоҳнинг “аркони” (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг. Аввалги ўтган дин кишилари эътиқодни бўлмасдан турли хил адоватларни чиқарганлари учун ҳам, Аллоҳ бизларни ўшаларга ўхшаб қолмаслигимизга буюради.”

Пайғамбаримиз (С.А.В) биз мусулмонларга ҳаётда адашмаслигимиз учун нима иш қилишимиз лозимлигини айтганлар, яъни “Мен Сизларга иккита нарса қолдирдим, мадомики, Сизлар шу иккисини маҳкам тутсангизлар, тўғри йўлдан адашмайсизлар. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг суннатидир” дедилар.

Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Киши ўзининг жуфти ҳалолини унинг дунёвий манфаатлари учун севмайди. Балки Аёли уни кўплаб гуноҳлардан сақланиб туриши учун сабаб бўлганлиги туфайли севади. Яъни жуфти сабабли зино ва унинг сабабларидан четта бўлади. Қолаверса унинг фарзандларини тарбиячиси, у йўқлигида уй жойи, мол-дунёсини қўриқчиси, ўзининг ва турмуш ўртоғининг иффатини сақловчиси бўлганлиги учун севади”, деган эканлар. Демак ҳаётдаги биз билан ўзаро алоқаларда бўладиган барча инсонларни дўстликларини юқоридаги кўсатмаларга қиёс қилароқ белгилаб олишимиз мумкин.

“Куфрга қайтмоқликни, худди жаҳаннамга тушмоқликни ёқтирмагандек ёмон кўриши”, Куфрга қайтиш, ҳақиқатан ҳам жаҳаннамийликдир. Шундай экан куфрга олиб борадиган гуноҳ маъсиятларга эътиборсиз бўлмаслиги керак. Акс ҳолда бепарволик қилиб, гуноҳларни енгил санаш ёки уларни ҳалол деб билиш билан куфрга тушади. Натижаси эса жаҳаннамда абадий қолиш ила жазоланади. Баъзилар эса гуноҳ қилиш куфр эмаску деб бепарво бўладилар. Мазкур бепарволик секин асталик билан ўз эгасини гуноҳларни менсимасликка олиб боради. Бориб-бориб бирор гуноҳни содир этганида бурнига пашша қўнганчалик безовта бўлмайдиган бўлиб қолади. Аслида шунинг ўзи куфр эмасми? Ҳақиқий мўмин нафақат катта гуноҳларга балки, кичик гуноҳларга ҳам бепарво ва лоқайд бўлмайди. Хоссатан бизнинг аҳли сунна Мотуридия эътиқодимизда худди хадиси шарифдагидек гуноҳлардан ҳазар қилишда жаҳаннамдан ҳазар қилгандек ҳазар қилиш таълим берилади.

Баъзи адашган тоифа ва гуруҳларда эса гуноҳлар куфр эмас деб ҳоҳлаганини қилиб юриши, ҳатто энг буюк ибодатларни ҳам бемалол тарк этиб кетавериши бор ҳақиқат. Ҳа азизлар бепарволик, лоқайдликнинг ўзи энг катта гуноҳдир. Унутмайлик, ундан сақланмаслик эса куфр учун кўприкдир.

Сўфи Оллаёр ҳазратлари айтадилар:

  • Ақида билмаган шайтонга элдир,
  • Агар минг йил деб амал қилса елдир, деганлар.

Ҳозирги вақтда эътиқодни билмасдан амал қилиб, нотўғри йўлларга кириб кетишлик энг катта хато ҳисобланади. Ҳакимлар айтадилар: “Кимники устози  бўлмаса унинг устози шайтондир деганлар, банданинг эътиқоди мустаҳкам тўғри бўлса Яратганга яқинлаштиради. Инсон барча ҳукмларга ишониши билан мўмин бўлади.

Шунинг учун ҳам ақидамизни тўғри қилмоғимиз керак, ақидамиз тўғри бўлса тўғри йўлдан адашмаймиз.

   Ш.Бойназаров

Хива тумани “Хон Исмоил Журжоний”

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *