ВАҚТНИНГ ҚИЙМАТИГА ЕТАЙЛИК

 «Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир» (Оли Имрон, 190-оят)

Имом Бухорий асарларида мусулмон киши ўтаётган ҳар кечаю ҳар кунидан ибрат олмоғи, унга берилган умрнинг, вақтнинг қадрига етмоғи лозим эканлиги таъкидлаб ўтилган. Чунки кеча ва кундуз янгиларни эскитади, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни қаритади, кексаларни фонийлик сари етаклаб ўтаверади. 

Албатта, мусулмон киши замоннинг ўтиши, кеча ва кундузнинг алмашингуви хусусида фикр юритмаслиги мумкин эмас. Ўтаётган ҳар бир кун, балки кечаётган ҳар бир соатда, балки тугаётган ҳар бир лаҳзада борлиқ ва ҳаётда турли ҳодисалар рўй бермоқда. Баъзиларини кўрамиз, баъзиларини кўрмай ҳам билмай ҳам қоламиз. Ер жонланади, уруғ униб чиқади, ўсимлик гуллайди, гул мева тугади, хосил йиғиштирилади ва экин хас-чўпга айланиб, шамоллар уни учириб кетади. Ёки она қорнидаги бола шаклланади, бола туғилади ва чақолоқ ўсиб, ўсмир улғайиб, улғайган кексайиб, кексалар вафот этади.
Фалак ва Ер тинмай айланар экан, инсонлар ҳолати ҳам енгиллик ва қийинчилик, бойлик ва камбағаллик, саломатлик ва хасталик, хурсандчилик ва маҳзунлик, машаққат ва роҳат, орасида айланаверади. Ушбулар ақли бор кимсаларга бир дарс, қалби борларга панду насиҳат, кўзи очиқларга ибратдир. Аммо ақл эгалари тафаккурдан, қалб эгалари шуурдан, кўз эгалари ибрат назаридан маҳрум бўлсалар, улар учун кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳеч қандай маъно касб этмайди.

Вақт мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли масалалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар дақиқа-ю сония, соат, кун, инсон умрининг хатосиз ўлчовидир. 
Аммо, афсуски, исломнинг вақтга нисбатан мавқеи билан бугунги мусулмонларнинг ҳаётида тутган ўрни ўртасида катта фарқ бордир. Ислом вақтга буюк қиймат беради, мусулмонларимиз эса, кўпинча уни фойдасиз елга совуришади.

Аллоҳ таоло вақтнинг аҳамиятини баён қилиб, Маккада нозил қилган сураларининг муайян қисмларида, бир неча сураларнинг эса бошларида вақтга қасам ичади. Бунга мисол тариқасида «Вал-Лайл», «Вал-Фажри», «Ваз-Зуҳо», «Вал-Аср» кабиларни олиш мумкин.

Агар Аллоҳ ўз махлуқларидан бирининг номи билан қасам ичса, бу ҳолат ё ҳодисага инсонларнинг диққатини қаратиш ҳамда ўша қасам ичилган нарсанинг қадри ва манфаати буюклигини инсонларга билдириш ҳисобланишини муфассир олимлар тушунтиришган. Пайғамбар суннатларида ҳам вақт қиймати алоҳида таъкидланади ва уни Аллоҳ олдида қиёмат кунида инсон бўйнидаги бир масъулият экани тасдиқлаб ўтилган. Ҳатто, ҳисоб-китоб кунида ҳам мукаллафга бағишланган асосий тўртта саволдан иккитаси вақт ҳақидадир.

Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинади, пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: «Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси — умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси — ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси — мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси — ўрганган илмига қандай амал қилгани сўралади». Баззор ва Табароний ривояти.

Имом Фахриддин Розий роҳматуллоҳи алайҳ аср сурасининг тафсирида қуйидаги маъноларни айтганлар: “Аллоҳ таолонинг аср билан яъни вақт билан қасам ичиши, унда ажойиботлар бўлгани учундир. Чунки хурсандлик ҳам хафалик ҳам, саломатлик ҳам беморлик ҳам, бойлик ҳам фақирлик ҳам барча-барчаси вақт ичида ҳосил бўлади. Ўтаётган умрни бирор бир бойлик билан баҳолаб бўлмайди.

Шундай экан агар сиз минг йилни бемани ишларга сарфлаб зое қилиб юборган бўлсангизу умринггизнинг сўнги дақиқасида тавба қилишга муваффақ бўлиб ўша лаҳзадагина сизга саодат собит бўлган бўлса ва бунинг натижасида сиз абадул-абад жаннатда яшашга эришган бўлсангиз демак сиз учун энг шарафли нарса ўша лаҳзадаги ҳаётингиздир.  Шундай экан вақт асл неъматлар жумласидан саналади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у билан қасам ичган. Кеча ва кундузнинг инсон зое қиладиган фурсат эканига эътиборни қаратган. Вақт ҳеч бир нуқсони бўлмаган холис неъмат бўлгани сабабли макондан кўра шарафли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у билан қасам ичган. Ҳа, хусронга йўлиқувчи айбдор шахс инсоннинг ўзидир.”

Ушбу қараш вақтнинг қийматига ҳамда барча неъматларнинг асли ва улуғи эканига ишора қилувчи оятлар маъноларининг бир тарафи холос.

Вақтнинг ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари бор. Бизлар уни тўғри маънода тушунишимиз ва унинг нури билан иш олиб боришимиз лозим. Вақтнинг хусусиятлари ушбулардир;

  1. Вақт тез ўтади.

Хоҳ шод-ҳуррамлик ва қувонч билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамол тезлигида ўтади. Бизга хурсандлик кунларимиз бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек кўринади. Аслида, ундай эмас, лекин инсонга шундай туюлади холос.

Бу ёруғ дунёда инсон умри қанчалик узун бўлмасин, модомики ўлим ҳар тирикликнинг ниҳояси экан, бас у қисқадир. 

Ўлим пайтида ўзи яшаб ўтган йиллар ва бир-бирига боғлиқ воқеалар бир неча лаҳзада тез ёниб-сўнувчи чақмоқ каби қисқа туюлади инсонга. Пайғамбарлар орасида энг узоқ яшаган ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом ҳақларида ҳикоят қилинишича, минг йилдан ортиқроқ умр кўрганларидан сўнг, у кишининг жонларини олиш учун ўлим фариштаси келди. Ва у кишидан, «Эй Пайғамбарларнинг энг узун умр кўргани, сиз дунёни қандай тушундингиз?» деб сўради. Шунда Нуҳ(а.с) айтдилар: «(Дунё) гўё бир ҳовлининг икки эшиги бўлиб, уларнинг биридан кириб бошқасидан чиқиб кетдим!» Бу қисса ҳақиқатга қанчалик тўғри ёки нотўғри бўлмасин, албатта, ҳаётий воқеликка тўғридир.

  1. Вақтдан ўтгани ортига қайтмайди ва ўрнига алмашмайди ҳам. Ҳар бир кун ўтади, ҳар бир соат ниҳоясини топади ва ҳар бир лаҳза кезувчидир, уни ортга қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришнинг имкони йўқ. Бу холни Ҳасан ал-Басрийнинг етук сўзлари чиройли тавсифлайди: «Ҳар бир тонгги ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: «Мен янги яратилдим (имкониятингман), ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Агар кетсам, қиёматга қадар қайтмайман».
  2. Вақт инсон эга бўладиган нарсаларнинг энг нафисидир.Модамики вақт тез ўтувчи ва қайтмайдиган ҳамда бирон нарса билан алмаштириб бўлмайдиган нарса экан, у инсон эга бўладиган нарсаларни энг нафиси ва қийматлисидир.

Вақтга катта эътибор берадиган, ҳатто уни ҳақиқий ҳаёт деб биладиган мусулмон кишининг вақт олдидаги вазифалари бор. Шундай экан, ҳар бир муслим уни кўз ўнгига келтирган ҳолда чуқур идрок этмоғи ва уни маърифат, идрок доирасидан иймон ваэътиқод доирасига, ундан сўнг эса, амал қилиш ва ижро этиш доирасига кўчириши лозим.

Мусулмоннинг вақт олдидаги биринчи вазифаси уни асраш, худди молини асрагандек, балки ундан ҳам ортиқроқ қиймат бериб асрашдир. Вақтнинг барча имконларидан фойдаланиб қолиши, дини ва дунёсида фойда берадиган, миллатини яхшилик ва фаровонликка, моддий ва маънавий юксалишга олиб борадиган ишлар билан машғул бўлиши лозим. Ўтмиш салаф олимлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) вақтларига қизғанчиқроқ бўлишган, чунки улар вақтнинг қийматини бошқалардан кўра яхшироқ билишар эди.

Олимлар: «Манфурликнинг аломати вақтнинг зое кетказишдир», деб уқтиришган. Ва яна: «Вақт бир қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади!» дейишган. Улар (олимлар) ўзлари турган мавқедан яна ҳам гўзалроқ даражага интилар эдилар. Шу жиҳатдан уларнинг бугуни кечасидан, эртаси бугунидан афзалроқ бўлар эди. Бу хусусда улардан бири: «Кимнинг бугуни кечаги куни каби бўлса, у алдангандир ва кимнинг бугуни кечагисидан ёмон бўлса, у лаънатлангандир!» деган.

Модам булар аввалгиларнинг вақтга бўлган қизиқиши ва унинг хотирини, қийматини эъзозлаши экан албатта, бу ёқда қалбларни ўртаб, жигарларни пора-пора қилиб, минг ҳасрату таассуф чекадиган бугунги кунда кўриб турганимиз кўп мусулмонларимиз қийматли вақтларини зое кетказиб, исроф қилиб, бефойда ишлар ишлар йўлида қурбон килмоқдалар.
Гапнинг ҳақиқати мол-дунёсини исроф этган аҳмоқликдан, вақтини исроф этган аҳмоқлик хатарлироқдир. Молини исроф этган кишидан ҳам кўра вақтини исроф этувчилар тошбўрон қилинишга лойиқдирлар, чунки молни бошқа нбрсаг䐰 ал蔼ашса бў䐻ади, лекин вақтни ҳеч нимага алмаштир萸б бўлмбйди.

Ҳар бир мусулмон вақткниРбир низом耠ذсосида тақсимлаши керак. Хоҳ диний, хоҳ дунёвий бўлсин, бири иккинчисига, муҳим бўлмагани муҳимига аралашиб кетмаслиги ёки халақит бермаслиги учун муайян бир низом лозим бўлади.

Чунки шошилинч ишлар тез бажарилиши учун унча зарур бўлмаганларини вақтинча кечиктириброқ қилса бўлади. Яъни, чегараланган вақт ичида бажарилиши шарт бўлган ишлар ўша вақтида бажарилмоғи керак.

Иброҳим (алайҳиссалом) саҳифаларидан Пайғамбаримиз (с.а.в.) ривоят қилган сўзда: «Оқил киши бир кунини тўртга тақсимлаши лозим: бир қисмида Роббига муножот қилади, бир қисмида ўзини ҳисоб-китоб қилади, бир қисмида Аллоҳнинг санъати борасида фикр юритади ва яна бир қисмида ейиб-ичиш каби ҳожатларини бажаради», дейилгандир. (Ибн Ҳиббон ривояти).

Вақтни тақсимлаш ва тартиблашга айниқса, маъсулиятли шахслар муҳтождирлар. Зиммаларидаги вазифа кўплигидан ҳатто улар вазифаларини вақтга қараганда кўпроқ деб ҳис этадилар. Киши вақтини тартибга солиш билан хордиқ чиқариш ва дам олишига ҳам имкон яратади, чунки одам узоқ тиришса, баданлари хориганидек, кўгилга ҳам малол келади.

Мусулмон киши вақт ундан қалб, тил ва бошқа аъзолар амалидан нима талаб этаётганини билиб англаши ва ана шуни амалга оширишга интилиши лозим. То унинг бажарган иши кўзлаган мақсадига муносиб тушсин ва ҳамда Аллоҳ (а.ж) ҳузурида қабул бўлсин.

Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) ҳазрати Умарни (р.а.) халифаликка тайинлаётган пайтларида: «Билгин (эй Умар), Аллоҳ учун кундузи қилинадиган амаллар бор, уни тунда қабул қилмайди ва шунингдек, тунда бажариладиган ишни кундузи қабул қилмайди», деб васият қилганлар.

Демак, инсоннинг бир ишни қайси замонда бажариши эмас, балки ўша ишнинг муносиб вақтини топиб бажариши муҳим экан. Шунинг учун Аллоҳ (ж.ж.) фарз ва бошқа ибодатларнинг кўпини вақт билан чегаралаб берди. Уларни ана шу вақтидан аввалроқ ҳам, кечиктириб ҳам бажариб бўлмайди. Бу билан Аллоҳ бизга ҳар нарса вақтидан аввал ҳам, кейин ҳам қабул бўлмаслигининг таълимини беряпти.

Мусулмон умрининг мазмунли- баракали ўтишини истаса, кунлик ҳаёти низомини Ислом талабига кўра тузиб олиши керак. Бу исломий низом мусулмоннинг эрта ётиб, эрта уйқудан уйғонишини тақозо этади. Мусулмоннинг куни тонг отишидан бошланади ёки бўлмаганида қуёш чиқишидан олдиндан.Шу (билан мусулмон) тонгни пок тоза ҳолда, осийларнинг нафаслари кирлатмасидан олдин қаршилайди.Осийлар уйқуларидан куннинг ярмида уйғонадилар. Мусулмон киши ҳар тонгини Расулуллоҳ (с.а.в) умматлари ҳақига дуо қилиб: «Эй Аллоҳим, умматимнинг тонгларини баракали қилгин», деганларига муносиб тарзда қаршилайди.

Мусулмонлар чалинган офатлардан бири улар кунлик ҳаёт низомларини ўзгартириб юборганларидир. Улар тунни узоқ суҳбатлар билан бедор ўтказиб, сўнг уйқуга кетадилар, ҳатто субҳи намозини ҳам қазо қиладилар. Салаф (олимлардан) бири: “Қуёш чиққанидан сўнг бомдод намозини ўқиган одам қандай ризқланишига ажабланаман”, дейди.
Имом ал-Бухорий Абу Ҳурайра (р.а.) орқали Пайғамбаримиздан (с.а.в.) келган ҳадисда ривоят қиладилар: «Сизлардан бирингиз, уйқуга кетганингизда шайтон бошингизнинг орқа тарафига уч тугун боғлайди. Ҳар бир тугунни у: “Сенга узун кечалар бўлсин!” деб тугади. Агар киши уйғониб Аллоҳни зикр этса, биттаси ечилади. Агар ўрнидан туриб таҳорат олса, иккинчи ва намоз ўқиса, учинчи тугун ечилиб, у ғайратли, кайфиятли ва кўтаринки руҳда тонг орттиради. Агар мазкурларни бажармаса, дангаса ва тушкун кайфиятли ҳолда уйғонади ҳамда кун бўйи ялқовлик ва тушкунлик унга ҳамроҳ бўлади”.
Шайтоннинг барча тугунларини ечиб, кунини зикр, таҳорат, намоз билан қаршилаб, ўзининг ёруғ кунига, ҳаёт майдонига хуш кайфият, ғайратли, очиқ қалб билан кириб борган одам билан бошида шайтон тугунлари ечилмай қолиб кетган, кунини кайфиятсиз қаршилаган ва чошгоҳ вақтигача ухлаб, ҳаёт майдонига ялқов, оғир вужуд билан ҳамда хатокор, кайфиятсиз бошлаган одам орасида албатта катта фарқ бордир.

Инсон яшаётган вақт ёки замон уч қисмдан иборат: ўтган, ҳозир ва келажак ёки кеча, бугун ва эрталардир. Инсонларнинг вақт ёки замонга алоқадорликлари бир неча хил бўлади. Одатда, улар ифрот ва тафрит ҳаддан ошириб юбориш ёки ҳаддан пасайтириб юбориш тарафида бўладилар. Бир тарафда ўтмишнинг қуллари, ёнларида ҳозирга сиғинувчилар ва уларнинг ёнида эса, келажакнинг хизматкорлари. Иккинчи тарафда мувозанадаги мўътадил кишилар. Улар учала вақтнинг ҳам ҳаққини ҳаддан ошмай, зарар ҳам кўрмай ўз вақтида адо этадилар. Лекин бундайлар жуда оздирлар.
Ҳар бир ўтган кун учун бир тўхтаб, инсон ўзини бир сарҳисоб қилиб: “Ўтган кунимда нима иш қилдим? Нима учун қилдим? Ўзимдан нима қолдирдим? Нима учун қолдирдим?” деб туриши керак. Кўпроқ бу сарҳисобни уйқуга ётишдан аввал қилса, яхшидир. Нафсини сарҳисоб – муҳокама қилиш лаҳзаси инсоний юксалиш лаҳзаларидан саналади. Чунки бунда инсон шаҳватига ақлини, ҳавою нафсига ички туйғусини ҳоким қилиб ажратиб туради. Мўмин иймонини нафсига таъқиб қилиб турадиган миршаб, ҳисоб-китоб қиладиган тафтишчи ва ҳукм чиқарадиган қози қилиб қўяди. Бу билан у «ёмонликка тўлган нафс» ҳолатидан, «маломатчи нафс» ҳолатига кўтарилади ва бордию одам шариат буюрган ишни қилишда нуқсонга йўл қўйса, ёки қайтарилган ишга кириб қолса, ўз эгасини маломат қилиб туради. Тепада зикр қилганимиз бир ҳадиси шарифда: «Оқил инсон учун тўрт соати бўлмоғи (яъни, бир кунлик умрини тўртга тақсимламоғи) керак, ундан бир соатида ўз нафсини ҳисоб-китоб қилади», деб айтилган.
Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб (р.а.): «Сизни ҳисоб-китоб қилинмасидан аввал ўзларингизни сарҳисоб қилингиз ва қилган амалларингиз ўлчанмасидан аввал сизлар ўз амалларингизни тортиб кўринг», дейдилар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин, агар кеч кирса, икки оёқларига қамчи билан уриб, ўзларига:”Бугун Аллоҳ учун нима иш бажардинг?” дер эдилар.

Ким ҳар куни ўзини ўзи ҳисобот қилолмаса, бир неча кунда бир марта қилсин ёки ҳафтада бир марта қилсин, шунда у нима унга фойдаю нима унга зарарлигини билади.
Кейин ҳар ойнинг охирида узунроқ ҳисобот қилиши лозим. Ва йил тугаб хайрлашиш ва янги йилни қаршилаш онида ўтган йилда нимани бой берганини текшириб, келаётган йилда нималарни тузатиши кераклиги ҳақида янада узунроқ ҳисобот қилиши даркор. Бунинг мисоли йиллик ҳисоботдир!

Оврупаликлар пайдо қилган оврупача янгилик ва, афсуслар бўлсин, айрим мусулмонлар тақлид қилаётган нарса — умрнинг бир йили тугаган вақтда дабдабали тўй қилиб, хуштаъм таом ва хушбўй ичимликлар тортиб, одамлар «туғилган кун» деб номлаган “шодиёна”лар ўтказадилар!
Одамлар Аллоҳ у ҳақда ҳеч қандай ҳужжат туширмаган турли тақлид ва удумларга берилиб кетдилар. Улар бир неча йиллик умрига хослаб ёки уни нишонлаб шамлар ёқади, сўнг уларни рамзий бир ҳаракат билан ўчиради ва шу муносабат сабабли табрик ва ҳадялар алмашадилар.

Оқил инсон на фойдаси ва на маъноси бўлган бундай кўр-кўрона тақлид ўрнига, ҳаётидан яна бир йил тугагани муносабати билан тааммул ва тафаккур қилиб бир тўхтаб ҳушёр тортмоғи лойиқроқ эди. Зийрак савдогар фойда зиёнини билиш ва нима унга зарару нима унга фойда келтирганини ҳис этиш учун ҳар йилнинг бошида ҳисоб дафтарига қараб, қўлидаги моллари ва қарзларини ҳисоб-китоб қилади, Аллоҳдан бугунги куни кечагидан ва эртаси бугунгидан яхшироқ бўлишини сўрайди.

Оқил инсон умридан том бир йил чегирилгани муносабати билан нафсини ҳисоб-китоб қилиши лойиқроқ эди. Чунки, Аллоҳ яқинда ўша ўтказган умридан сўрайди. Ваҳоланки, у қисқа замон эмас, бир йилдир! Бу дегани йил ўн икки ой, бир ой ўттиз кун, бир кун йигирма тўрт соат, ҳар соат олтмиш дақиқа, ҳар дақиқа олтмиш сония деганидир. Ҳар сонияда унга Аллоҳ берган бир неъмат ва омонат бор.

Оқил инсон умр минораси тобора қулаётгани ва ҳаёт китоби тўлаётгани учун нафсига қайғуриши лойиқроқ эди. Ҳар бир ўтган кун унинг ҳаёт дарахтининг япроғидир, у сўлиб тўкилиб боряпти. Аллоҳ раҳмат қилсин Ҳасан ал-Басрий айтадилар: «Эй одам боласи, сен ташкил топган кунлардан иборатдирсан. Ҳар бир куннинг ўтиши сенинг бир бўлагинг кетиши демакдир!» Оқил инсонга мана шундай фикрлаш лойиқроқдир.

Одамлар ҳадеб замонни айблаб, даврни маломат қилавермасдан эгриликни тўғрилашга ва бузуқни тузатишга ҳаракат қилиб, ўзларини тез-тез маломат этиб туришлари мақсадга мувофиқдир.

М.Собиров

Урганч туман “Ғоиб ота” масжиди имом-хатиби

Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар-Розий ИЎМБЮ мударриси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *