ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ ГУНОҲИ КАБИРАЛАРДАНДИР.

Динимизда Аллоҳга иймон келтириш билан бирга унинг бизга белгилаб қўйган тақдирига ва яхши ва ёмон ишлар Аллоҳ таъолодан эканига иймон келтиришга ҳам буюрилган.
Мўъминман деган киши албатта бу нарсаларга ишониб ҳаётдаги қийинчилик, машаққат ва мусибатларга сабр қилиши ва берган неъматларига шукр қилиши лозим.
Лекин кейинги пайтда жамиятимиз кишилари орасида машаққат ва мусибат ёки хар хил муаммоларни деб ўз жонига қасд қилаётганлар ҳам афсуски учраяпти.

Аллоҳ таоло инсониятни яратган экан, уларга тўғри йўлни кўрсатувчи китоб ва Пайғамбарларини юбориб, унинг таълимотида инсонларнинг руҳий ва жисмоний эҳтиёжларини қондирувчи кўрсатмаларни баён этгандир. Банда Аллоҳ таолонинг амрини бажариб, буюрган ибодатларни адо этар экан, гуноҳларини кечирилиши билан бир қаторда ваъда қилинган савобларга ҳам эга бўлиб боради. Мўмин киши Аллоҳнинг рахмати ва мағфиратидан умидвор бўлгани ҳолда Ислом шариатида буюрилган амалларни адо этишда бардавом бўлмоғи ҳамда гуноҳга сабаб бўлувчи ҳар қандай ишларни қилиб қўйишдан сақланмоғи лозимдир. Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб-авайлаши, унга ҳиёнат қилмаслиги лозим. Акс ҳолда, энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: «Биз одамзотни азизу мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни сувда ҳам, қуруқликда ҳам юрадиган қилиб қўйдик. Уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ ато этиб, уларни бошқа ҳамма махлуқотдан афзал этдик» (“Исро” сураси 70-оят).

Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло Одамни ер юзида ўзининг ўринбосари қилиб яратганини баён қилган. Бу оятлар инсоннинг қадру қиймати нечоғли баланд эканлигини очиқ кўрсатади. Аллоҳ таоло одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неъматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса, ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим. Инсонга берилган неъматлар ичида энг улуғи имон неъматидир. Дархақиқат, киши имони ва солих амаллари туфайли дунёда фаровон ҳаёт кечиради, охиратда эса жаннат неъматларидан баҳраманд бўлади. Киши шаходат калимасини талаффуз қилиб, қалбан унга иқрор бўлиши билан мўмин бўлади. Бироқ имоннинг еттита шарти борки, уларни ҳам эътироф этиш имон мукаммал бўлишининг шартларидандир. Улар: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, барча пайғамбарлари ва китобларига, охират кунига, тақдирга ва ниҳоят қайта тирилишга ишонишидир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, имон Аллоҳ таолонинг инсонга берган энг улуғ неъмати бўлиб, хар бир мўмин-мусулмон уни асраб авайламоғи, унга путур етишидан сақланмоғи, имондан чиқадиган ишларни қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлмоғи лозим. Ана шундай имонга путур етказувчи, кишини мўминлик сафидан чиқарувчи, охиратда абадий жаҳаннамга тушишига сабаб бўлувчи гуноҳлардан бири бу – ўз жонига қасд қилишдир.

Муқаддас Ислом динимизда ўзини-ўзи ўлдириш қаттиқ қораланиб, хар бир тирик жон саломатлиги кафолатланган. Жумладан, бир одамни ноҳақ қатл этишдан, ўз жонига қасд этишдан қайтарилган. Аллоҳ таоло бундай гуноҳдан сақланишга буюриб Нисо сурасининг 29-ояти каримасида шундай марҳамат қилади:“Бир-бирларингизни (яъни, мўмин мўминни) ўлдирманг! Албатта Аллоҳ сизларга мехрибон бўлган Зотдир”. Ушбу оятда Аллоҳ таоло харом ишларни содир этиш орқали мўминларни бир-бирларини ўлдиришдан, молларини ботил йўл билан ейишдан қайтарди. Аллоҳ буюрган ва қайтарган ишларда одамлар учун раҳмат бордир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам бир неча хадиси шарифларида мусулмонларни ўзини-ўзи ўлдиришдан қаттиқ огоҳлантирганлар ва бунинг оқибати қанчалик аянчли эканини таъкидлаб ўтганлар: Собит ибн Заххокдан ривоят қилинган яна бир хадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар:“Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир. Ким бир мўминни кофирликда айбласа уни ўлдиргандек бўлибди. Кимки ўзини бирор нарса билан ўлдирса қиёмат кунида ўша нарса ила азобланади”. (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу хадиси шарифдан нафақат бировни, балки ўзини-ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Ислом динида инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. Хар бир инсон яшаш хаққига эга. Инсонни бу ҳақдан хеч ким маҳрум эта олмайди.

Инсон ўзини-ўзи ўлдириши Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиши, ҳаёт неъматига нонкўрлик қилишининг белгисидир. Киши асосан бошига бирор катта ташвиш тушганида, бирор муаммога йўл топа олмаган ҳолларида ўзини-ўзи ўлдиришлик каби катта гуноҳга қўл уради. Аммо, бу масаланинг ечими эмаслигини тушуниб етмайди. Ўз жонига қасд қилган киши эса ҳар қандай вазиятда ҳам Аллоҳ унга ёрдам беришига, бошига тушган мусибат ҳам қазои-қадари эканига, бундай гуноҳ ишни амалга оширса охиратда қаттиқ азобга дучор бўлишига, қайта тирилиб қилган мана шу гуноҳи кабира учун жавоб беришига ишонмаган бўлади. Буларга ишонмаса, Аллоҳ қайтарганидан қайтмаса, юборган пайғамбарлари таъкидлаб қайтарган гуноҳдан тийилмаса, Аллоҳнинг китобларида гуноҳ дейилган амални қилса ундай инсонни биз қандай мўмин дея оламиз. Аллоҳ барчаларимизни доимо Ўзининг хидоятида юришимизни ҳамда бугунги дорул омон кунларнинг қадрига етиб яратганга чексиз шукрона келтириб яшашлигимизни насиб қилсин.

О.Рўзметов

Боғот тумани “Толли бобо”

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *