ЁМОН ГУМОНЛАРДАН ЧЕТДА БЎЛИНГ!

 Биз ёмон гумон деб таржима қилган маъно диний адабиётимизда бадгумонлик деб ҳам аталиб келган. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик юритишдир. Одатда бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, бехуда бўлади. Ҳасад сўзи луғатда арчиш ва силиш маъносини билдиради. Чунки ҳасад қалбни арчади ва шилади. Уламолар ҳасад — бировга етган неъматга рашқ билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибдан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлаш, дейдилар.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар», деган.

Ҳужурот сурасидан бўлган бу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларига: «Эй иймон келтирганлар!» деб мурожаат қилмоқда ва улар учун жуда муҳим бўлган масалаларни баён қилмоқда. Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатларидан, ахлоқий касалликлардан, ҳар қандай ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда.

Улардан биринчиси: «Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир». Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири-бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «…кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейиляпти.

Ўтган уламолардан аз-Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик-яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишликдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган эса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», деганлар.

Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак. Бу ҳақида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: « Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил », деган эканлар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки, бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир », деганлар.

Бошқа бир ҳадисда эса: «Гар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», деган эканлар.

Хусусан, иш бошида турган раҳбарлар бу нарсада эҳтиёт бўлишлари лозимлиги Имом Абу Довуд Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда яққол кўринади. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: « Агар амир одамлардан айб ахтараверса, уларни бузади », деганлар.

Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса жосуслик дерлар Шунинг учун ҳам, биз ўрганаётган ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг «Жосуслик қилманглар», деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда.

Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг кароматини, ҳурмат, иззати ва обрўйини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир.

Ислом мазкур ҳуқуқларнинг муқаддаслигини эътироф этади, уларнинг ҳеч бир ҳолда паймол бўлмаслигининг чорасини кўради. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, молу мулклари, уй-жойлари омонликда, сир-асрорлари-ю яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Хатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ. Очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб ҳукм чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Бадгумонликдан сақланиг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ким ўзарга уриниб ўзаро ҳасад қилишманг. Бир бирингизни ёмон кўрманг ва бир бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», дедилар ». Тўртовлари ривоят қилган.

Ҳақиқатан ҳам, инсонлар қалбида ўзгаларга нисбатан бадгумонлик ва ҳасад бўлмаслиги улуғ фазилатдир. Чунки, бундай одамдан ҳеч бир ёмонлик чиқмайди. Аллоҳ барчамизни бадгумонлик ва ҳасадгўйликдан сақласин! Элу юртимизни бу оғир дарддан Ўзи қутқарсин! Омин!

Н. Шожонов  Янгиариқ туман

“Хожи бобо” масжиди имом хатиби  

       

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *