БИЛИМСИЗЛИК МУТААССИБЛИК, ВА ТУБАНЛИКДИР

Аччиқ бўлса ҳам тўғрисини тан олиш керак, илгари фақат ютуқларимизни кўрсатишга ҳаракат қилардик, чет эл матбуоти эса нуқул камчиликларимизни айтиш билан чекланарди. Натижа эса ҳаммамизга маълум. Кейинги йилларда мамлакатимизда шаклланган очиқлик сиёсати натижасида ҳаётимиздаги барча ўзгаришларни рўй-рост гапира бошладик. Бу одамларда ишонч туйғусини пайдо қилди. Бугунги кунда бирор соҳа йўқки, халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган янгиланишлар моҳияти аввало оммага етказилмаётган бўлса. Бундан биринчи навбатда жамиятимиз наф кўрмоқда, одамларда ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси юксалмоқда, ҳар бир ўзгариш эртага ҳаётимизга енгиллик олиб келади, турмушимиз фаровонлиги ортади деган қараш барчанинг онгига сингди.

Президент Шавкат Мирзиёев деярли ҳар бир нутқида, одамлар билан мулоқотларида ижтимоий ҳаётимиздаги ўзгаришлар халқимиз тафаккури, маънавий оламига қандай таъсир этаётгани ҳақида алоҳида тўхталади. Негаки, ислоҳотлардан мақсад аввало одамларнинг ўзида ҳаракат, интилиш уйғотиш, менинг ҳаётим яхши бўлиши ўзимнинг меҳнатимга боғлиқ, деган тушунчани пайдо қилиш. Бу бежиз эмас. Чунки одамларда боқимандалик кайфияти йўқолмас экан, сиёсий ва иқтисодий мустақилликка, маънавий-руҳий эркинликка эришиб бўлмайди.Мустақиллик йилларида халқимизнинг асрий орзулари амалга ошди. Миллий-диний қадриятларимиз тикланди, ўзлигимизни англай бошладик.

Ҳозирги ёшларга собиқ тузум давридаги воқеаларни айтиб берсангиз ишонмайди. Тилимиз, динимиз чекланди, бирор масалада собиқ марказнинг изми-ихтиёрисиз иш қилолмасдик. Худосизлик совет давлатнинг сиёсатига айланганидан эътиқодли одамларнинг чеккан азобларини бугунги ёш авлод тасаввур ҳам этолмайди.Бобомиз Шайх Муҳиддинхон Ургутий нақшбандия тариқатининг вакили бўлгани сабабли оиламиз бошига ёғилган кулфатлар, доимий таъқиб остида яшаш азобини тортганимизни яхши эслайман. Шу боис мустақиллик бебаҳо неъмат эканини, уни асраб-авайлаш кераклигини қайта-қайта таъкидлагим келади.

Х.Матякубов.

Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *