ИСТИҚЛОЛИМИЗ ҒУРУРИМИЗ

Истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан, мамлакатимизда халқимизнинг азалий муқаддас дини – Исломга катта эътибор берила бошлади. Чунки, Ислом дини Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “ота-боболаримиз дини, у биз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини унутмайлик. У қуруқ ақидалар йиғиндиси эмас. Ана шу маърифатни кишиларимиз жон-жон деб қабул қиладилар ва яхши ўгитларга амал қиладилар”.

Оғир синовлардан ўтиб истиқлолга етишган халқимиз Ватан озодлиги ва шарафи нечоғли юксак эканини чуқур англайди. Зеро, ишларимиз, ниятларимизнинг ижобати Ватан озодлиги, равнақи билан чамбарчас боғлиқ. Ҳаммамиз учун табаррук бўлган учта сўз бор: Имон, Ватан ва Истиқлол. Бу сўзларнинг мазмун-моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб турибмиз.

Имон – Буюк Аллоҳ ва Расулига ишониш, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиш ва Унинг амр-фармонларига итоатда бўлиш демакдир.

Ватан – бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни авайлаб-асраш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш, имон ва муҳаббат таянчидир.

Истиқлол – Аллоҳ таолонинг сизу-биз бандаларига берган энг улуғ неъматларидан бўлиб, у ҳаётимиз мазмуни, ғурур ва ифтихоримиз тимсоли ва ифодасига айланган.
Аллоҳ таолога бўлган имонимиз ва ихлосимиз Истиқлол шарофати билан янада мустаҳкамланиб ва зиёда бўлиб бормоқда. Барчаларимиз шу жаннатмакон юртнинг тенг ҳуқуқли фуқароларимиз. Бу эса бизга катта масъулият ва вазифалар юклайди. Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топишида ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарур.
Даҳрийликка асосланган собиқ иттифоқ тузуми пайтида барча диний ва миллий қадриятларидан узилган халқимиз, истиқлолдан кейин имон-эътиқод сари юз тутди. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий бир ҳол эди.

Ўзбекистон Республикасининг бош қомусида ҳам, халқимиз руҳига мос келадиган имон-эътиқод, адлу-инсоф, диёнат, меҳр-оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу мавзулар мужассамдир. Жумладан, кўп миллатли Ўзбекистонимизда турли диний эътиқод вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилган: “Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар қонун олдида тенгдир”.

Диёримизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва бемалол фойдаланмоқдалар. Қуйидаги оятда инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди:

Динга мажбурлаш йўқ, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…”.
Демак, ҳар бир шахс ўз виждони ва эътиқодидан келиб чиққан ҳолда бирор динни ўз ихтиёри билан танлаши, бунда ҳеч қандай зўравонлик бўлмаслиги лозим.
Бу Конституциямизда ҳам ўз аксини топган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” (31-модда).

Ислом дини бирон бир давлат, миллат ёки муайян гуруҳларга мансуб бўлмай, унинг ҳаётбахш таълимоти, аввало, инсонни энг азизу мукаррам зот сифатида эъзозлайди. Одамлар дин ва эътиқодда бир-бирларидан фарқлансаларда, уларнинг ўзаро меҳр-шафқатли бўлишлари ҳамда ораларида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашларига ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди.

Истиқлол, биз мусулмонларга мустабид тузум даврида топталган диний қадриятларнинг ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Хусусан буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида ҳадис, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи, маданияти ва фалсафасига оид ўнлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди.

Қуръони карим ва ҳадис тўпламларининг таржимаси ва шарҳлари бу соҳадаги энг муҳим ютуқларимиздан бўлди.

Халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржамлик ила адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Ўнлаб зиёратгоҳлар таъмирланиб, диний идора ихтиёрига топширилди. Ҳар йили ҳукуматимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз ҳаж ва умра зиёратига бориб келмоқдалар.

Шунингдек, Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро марказнинг фаолият бошлаши ҳам мамлакат маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди. Бу ерда ҳадис илми бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда, турли халқаро илмий анжуманлар ўтказилади, масжид имом-хатибларининг малакаси оширилмоқда.

Жаҳон ислом тамаддунига, фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланди, қадамжолари обод қилинди, уларнинг асарлари неча минглаб нусхаларда нашр этилди.

Шундай муборак кунларда қилаётган ибодат ва дуоларимизда Аллоҳ таборака ва таолодан юртимизни янада тараққий топишини, қудратли бўлишини, тинчлигимизни бардавом бўлишини, хонадонларимиздан қут-барака аримаслигини тилайлик.
Аллоҳ таоло юртимиз мустақиллигини мустаҳкам қилиб, халқимиз ҳаётини янада фаровон бўлишини насиб айласин. Ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини бардавом қилсин!

                                                                                                      

М. Матякубов

Қўшкўпир тумани “Қутбиддин бобо масжиди имомхатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *