ПОКЛИК ИМОНДАНДИР

Аллоҳ таоло покликни ва покдомонликни севади. Зеро, муқаддас Ислом динида  буюрилган барча амаллар покликка асосланган. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Поклик иймоннинг ярмидир”,- деб марҳамат қилганлар.

Яна бошқа ҳадисда аввало, инсоннинг қалби пок бўлиши лозимлиги айтилган. Чунки қалб инсон жасадининг подшоҳи, қолган  аъзолар эса унга тобеъдир. Агар қалб пок бўлса, бошқа аъзолар ҳам покликка интилади, агар у нопок бўлса, барча аъзолардан нопок амаллар содир бўлади, дейилади. Қалб поклиги борасида аллома имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай деганлар: “Киши зоҳирий нажосатлардан сақланиши, ундан узоқ юриши лозим. Аммо ботиний нажосатлар ҳам бор, улардан сақланиш ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, ботиний ифлосликлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабабдир. Покликни  истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макондир.  Гина,  ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби қалб касалликлари жирканч махлуққа ўхшайди. Фаришталар қандай қилиб бу маконда қўним топсинлар?!”

Ислом шариатида адо этиладиган ибодат ва муомалалар, аввало, жисмоний ва руҳий поклик асосида бино қилинган. Инчунун, динимизнинг устуни бўлган намозни адо этиш.

“Эй, иймон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача  ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқларигача ювингиз!” (Моида сураси 6 оят)

Намоз учун қалб поклиги билан бир қаторда  бадан, сув, кийим, жой ҳам покиза бўлиши шарт. Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоилларга: (алайҳиссалом) “…Тавоф, эътикоф ва рукуъ-сажда қилувчилар учун Байтимни покланг!..” (Бақара, 125) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га эса : “Либосларингизни покланг”,  деб марҳамат қилганлар.

Яна Аллоҳ таоло “ У Ўз раҳмати (ёмғири) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборган зотдир. Осмондан пок сув (ёмғир) ёғдирдик” (Фурқон, 48) деб, ўз марҳамати билан осмондан покиза сув (ёмғир)ни тушуриб, у билан бандаларини покламоқни ирода қилганлигини баён этган.

Шунингдек, Ислом дини инсонга ҳаётий эҳтиёжи учун зарур бўлган  мол-дунёни ҳам пок ва ҳалол йўллар билан топиб, ҳалол нарсаларни истеъмол қилишга буюради. Ҳатто садақа, ҳайр-эҳсонни ҳам пешона тери билан топилган покиза ва ҳалол молдан қилиши, акс ҳолда харомдан қилган садақасини Аллоҳ қабул қилмаслигини Қуръони карим ва ҳадисларда баён қилинган. Расулуллоҳ: (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Албатта, Аллоҳ таоло пок ва У пок нарсаларни қабул қилади”, деб марҳамат қилганлар.

Мусулмон киши ўзи яшаб турган гўшасини ҳам озода сақлаши лозим. Дарҳақиқат, озодалик ва покликка риоя қилиш мусулмончиликнинг белгисидир. “Поклик иймондандир”, деб баён қилинган ҳадиснинг мазмуни шу қадар кенг маънони ўз ичига олганки, бу мўмин кишининг  нафақат ибодати, балки, юриш-туриши, кийиниши, ейиш-ичиши одобида ҳам дастуруламал бўлмоғи лозим.

Шу қоидаларга амал қилиб ўзимизни ва атроф-мухитимизни моддий ҳамда маънавий поклай олсак, ҳаётимиз баракали, икки дунёмиз саодатли бўлади, иншааллоҳ.

 

Х.Кенжаев

Урганч шаҳар

бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *