БАҒРИКЕНГЛИК  — ДИНИМИЗ ХУСУСИЯТИ

 «Бағрикенглик» сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб «бағрикенглик» чидамлилик, бардошлик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мурувватлилик, ҳимматлилик, кечиримлилик, меҳрибонлик, ҳамдардлик каби маъноларга эга дейиш мумкин.

«Бағрикенглик» чинакам исломий фазилат бўлиб, араб тилида «Самааҳатул ислам» дейилади. Исломнинг бағрикенглигини биз ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий намуналарида тўлиқ ва равшан кўришимиз мумкин. Зеро, умуман рисолатнинг мақсади, асосий вазифаси одамзотнинг бу дунёдаги ҳаётини енгиллатиб бериш, охиратда эса абадий роҳат маконидан ўрин олишига ёрдам беришдир. Шунинг учун Қуръони Каримнинг услубига қарасак, ўқиганимизда баъзан мўминларнинг қалбини жунбушга келтирувчи, уларнинг диққатларини муҳим бир масалага қаратувчи хитоб билан бошланган ояти карималарни кўп учратамиз. Бу оятларда «Йаа айюҳаллазийна аамануу», «Эй иймон келтирганлар!» деган буюк хитоб билан бошланади. Демак, бу хитоб билан бошлаган оятларда айнан мўмин-мусулмонларга тегишли масалалар келган бўлади. 

Ҳадиси шарифларда ҳам худди шундай. «Кимки…» деб бошланган барча ҳадисларда мутлақ инсон кўзда тутилади. Масалан, «Кимки бир дарахт экса ва ундан ҳайвонми, қушми, ҳашаротми, одамзотми еса, уни эккан одамга савоб бўлади», деган мазмундаги ҳадисни олайлик. Бу ерда ҳар қандай инсон назарда тутилган, унинг дини ёки бошқа жиҳати қайд қилинмаган.

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: – «Одамларга раҳм қилмаганга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди», деганлар. Бу ерда ҳам мусулмонлар эмас, умуман ҳар бир инсон, ҳар қандай одам тушунилади.

Мана шу каби оят-ҳадисларда биз динимизнинг бағрикенглигини кўрамиз.

Яна бир мисол. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир гуруҳ ансорийлар келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Сақиф қабиласи ҳидоятга кирмаяпти, уларни дуоибад қилинг» дейишганида у зот алайҳиссалом «Аллоҳумма, иҳди Сақифа» – «Аллоҳим, Сақифни ҳидоят қил», дедилар. Ансорийлар яна «Эй Аллоҳнинг Расули! Уларни дуоибад қилинг» дейишди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна «Аллоҳим! Сақифни ҳидоят қилгин» дедилар. Учинчи маротаба сўрашганда ҳам шу дуони қилдилар. Мана, бағрикенгликнинг ёрқин намунаси. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу муборак дуолари ижобат бўлиб, ана шу Сақиф қавмидан кейинчалик буюк зотлар, улуғ уламолар етишиб чиқди.

Динимизнинг бағрикенглик фазилатини ўрганар эканмиз, гап бориб аслида одоб-ахлоққа бориб тақалишини кўрамиз. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, динимизда ғайриддинларга, хусусан, насронийларга, яҳудийларга кескин муомала қилиш, душманчилик қилиш мумкин эмас экан. Яна бағрикенгликни шундай тушуниш лозимки, унда инсон тугул ҳайвонга ҳам озор бериш йўқ, ҳайвон тугул набототга бесабаб зарар етказиш йўқ. Ҳатто урушда, инсон ҳаётига хавф туғилиб турган вазиятда ҳам боғ-роғларни бекорга йўқ қилишдан, дарахтларни беҳуда кесишдан қайтарилган.

Ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.

Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча диндорларни тинчлик, тотувлик ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, Она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин, Аллоҳ Ўзи бизларни Ҳақ динидан айирмасин ва иймонимизни доимо ҳамроҳ қилсин!

Х.Худойназаров 

“Шайх Жалолиддин Румий”

масжиди имом хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *