МУСОФИРЛИК НОНИ ШИРИН, АЗОБИ ЭСА ЯШИРИН

  Ўзгаларга хизмат айлаб,ўзга юрт қилсанг хавас,  

 Жон фидо қилганда хам узгалар хеч биздан демас

Миллатинг,юртинг омондир, сенга бордир эътибор, 

 Шу ватан кадрига етгил,ўзга юрт углим демас ..

  Тахтда йиғлаб ўтди Бобур бу Ватан ишқи билан, 

 Кимки севмасдир Ватанни ,ул киши инсон эмас 

 Сен Ватан қадрига етгил,хокини кузингга сурт 

Етти иқлим боғи -роғи бир сиқим тупрокчамас!

 

Фозил қори Ёсин қори ўғли

 

 

Доно халқимиз айтадики, Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, деган нақл наҳот шу қадар рост бўлса?! Ёки “Ҳуббул ватани мин-ал иймани”, яъни ватанни севмоқ иймондандир, ҳикматининг фақат исломий тилда айтилгани замирида ана шу теран ҳақиқат борми? “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл” мақоли-чи?!

Ҳа, донишманд халқимиз тафаккурининг нақадар теран эканини асрлар силсиласи тасдиқлаб келмоқда. Бу ҳикматлардан ўтказиб, таъсирчанроқ бирор нима дейиш маҳол. Фақат ҳамма бало шундаки, биз бу аччиқ ҳақиқатларни бошимиз деворга урилгачгина англаб етамиз. тафаккур хазинамиздан бир мисол келтиришга тўғри келади. “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”. Ҳамма гап мана шунда. Хом сут эмган банданинг, бани башарнинг деярли барча армонларига пойдевор бўлган иллат. Биз ҳеч бир неъматни ўз вақтида, ўз ўрнида қадрламаганмиз. Ўз юртимиз туриб, ўзга юртлардан… нимадир (бахт деб бўлмайди) излаб юришимиз ҳам мана шу иллатнинг бир кўриниши.

Гап нима ҳақида кетаётганини тушунганингизга шубҳа йўқ. Ҳа, гап пул топиш учун бошқа давлатларга иш қидириб кетаётганлар ҳақида. Айрим қишлоқларда бирор вакили хорижга кетмаган хонадоннинг ўзи йўқ. Нега? Нима, ўзимизда тирикчилик қилиб бўлмайдими? Бу ерда борига шукур, йўғига қаноат қилиб юрганлар қандай яшашмоқда? Ёки ўзга юртга пул қидириб кетмаётганларнинг ҳаммаси ҳам бой-бадавлатми? Йўқ, албатта. Бошига тортса оёғи, оёғига тортса боши очилиб қолаётган хонадонлар ҳали ҳам бор ва буни ҳеч ким сир тутаётгани йўқ.

Инсон қорни бир бурда нонга қорнимиз тўяди. Аммо биз ғофил бандалар юҳога айланиб кетган нафсимизни қондириш илинжида елиб-югурамиз. Унутганмизки, ҳар биримизнинг ризқимиз ўлчов билан белгилаб қўйилган.

Баъзан одам бойлик илинжида энг яқин одамларидан, туғишганларидан ҳам кечиб юборади, бой яшаш учун кимгадир туҳмат ҳам қилади, ҳатто тил заҳри билан озор етказади, хуллас, ўз нафсидан бўлак ҳаммага ва ҳамма нарсага зулм қила олади. Минг доллар маош берар экан деса, минглаб километр йўл босиб бориб, кучини ўз ихтиёри билан етти ёт бегоналарга сотади. Умрини, қувватини бекорчи хаваслар учун, қизини ҳеч кимдан “кам” қилмай узатишни “ният” қилган ёки қизи келин бўлиб борган жойида тили “қисилмасин” қабилидаги ўйлар билан чет элларга ишлашга ошиқаётганлар, аввало, “Бирор касб эгасими ўзи?”, бир ўйлаб кўришлари лозиммасмикан? Аксарият ҳолларда бундай кишилар ўз тақдирларини хорижга чиқиб, қисқа фурсат мобайнида “бойлик” орттириш, юртдан йироқда бўлса-да, ҳар қандай йўллар билан пул топиш каби ҳавойи ишларга боғлаб кўрмоқдалар. Ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан ёки бирор бир мутахасисликни яхши ўзлаштирмасдан гўёки хорижда осон пул топиш мумкин, деган ақийда айниқса ёшлар орасида кўп тарқалаётганини кўриш мумкин. Кези келганда шуни айтиш лозимки, хорижга ишлашга чиқиш кишилардан маълум даражада тайёргарликни, бу борада жиддий ёндашувни ҳамда мусофирчиликда бўладиган қийинчиликларни енгиб ўтишни талаб этади. Ҳаракат қилган шу ерда ҳам топяпти, ҳали ҳеч бир кишининг тўйи ўтмай қолганини эшитдингизми? Энг камбағалининг тўйида ҳам уч кун концерт бўлаяпти. Тўйникини худо етказади, деган гап бежиз айтилмаган.

Майли, орзу-ҳавасга айб йўқ, меҳнат қиламан деганнинг қаерда бўлса ҳам омадини берсин. Қаерга бўлса боринг, ишланг, дунё кўринг, юрт кезинг. Лекин кўр-кўрона, ким етакласа лаққа ишониб кетавермай, тайинли иш, турар жой, иш ҳақи, соғлиқ ва ҳаётингиз хавфсизлиги кафолатига эга бўлиб, яъни қонуний йўл билан боринг! Бу борада мамлакатимизда барча ҳуқуқий асослар яратилган. Дабдабали тўй ёки уй қилолмаганингиз учун маҳалла-кўй олдида хам қилгимиз келмаган бошимизни мусофирликда аллакимларга эгиб юришимиздан не маъни?

Ростини айтганда, турмушимиз йилдан-йилга фаровон бўлиб боряпти. Мустақилликнинг илк йилларида гуручдан тортиб унгача киши бошига граммлаб, тағин талон орқали берилган вақтларни ҳам кўрдик. Иккита “бўлка” учун саҳардан навбат кутган кунларимиз ҳам бўлди. Бугун-чи, бугун? Худога шукр, бозорларимизда одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор. Айниқса, нон бозоридаги манзаранинг ўзи ақлни шоширади, беадад шукроналаримизга лойиқ.

А.Матяқубов

Урганч шахар “Кўзли ота”

масжиди имом-хатиби

 

 

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *