ИККИ ДУНЁ САОДАТИ –ИЛМДИР.

Фарзандларимизнинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши,  аввало унинг ёшлигида олган одоб-аҳлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. Кўпинча катталарнинг лоқайдлиги  ва бепарволиги туфайли  фарзандлар турли бўлмағур йўлларга кириб қолади, енгил-елпи яшашга ўрганади. Бугунги кунда яратилган шарт-шароитларнинг шукрини қилиб,  берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фарзандларимизга дунёвий-диний билимларни уйғунликда ўргатиб, миллий-диний ҳамда умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаб, ёшларимизни ким қаёққа етакласа кетаверадиган қилиб эмас, онгли равишда ўз мустақил фикрининг соҳиби бўлиб, вояга етказиш, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссида тарбияласак айни муддао бўлур эди.

Бугун билимсизликни оқлашга ҳеч қандай сабаб, баҳона йўқ. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монеълик йўқ, аксинча чорлов бор, имконият бор. Юзлаб олий ўқув юртлари,  коллеж ва литцейлар очиб қўйилган. Динимизни ўргатадиган олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ишлаб турибди. Китоб-дарсликлар пайдар-пай чоп этилиб турибди. Жаҳондаги жамики илмларни жамлаган бепоён Интернет тизимига кириш имконияти бор.  Аммо бизда рағбат кам, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти баъзида. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий зиёфатларга сарфлаб юборяпмиз. Ўтмишда оила дастурхони устида хонадон улуғининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат уюштиргани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари қилишгани каби ҳолатлар бугун бизга худди эртаклардагидай эриш туюлади. Онда-сонда  вақт топиб, нимадир ўқишимиз ҳам «айниган»: дунё ва охиратга фойдали, илм ва фикрлашга ундовчи китоб, газета-журналлар ўрнига олди-қочди, таги пуч ёки бузуқлик тарғиб қилинган нарсаларни ўқишликдан сақланишимиз керак.

Дарҳақиқат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда: «У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар» (Жумъа сураси, 2-оят), деб марҳамат қилинган.

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Бир аллома устози ҳақида: “Отам мени кўкдан ерга тушишимга сабабчи бўлган, устозим эса ердан кўкка кўтарилишимга сабабчидир”, деган экан. Ота-она инсоннинг жисмини тарбия қилади, муаллим эса инсоннинг руҳини тарбиялайди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига  дуо қиладилар (Имом Термизий ривояти).

Аллох таоло ўз каломида “Эй иймон келтирганлар ўзингизни ва ахлингизни, ёнилғиси инсонлар ва тошлардан иборат бўлган дўззахдан сақланг” деб мархамат қилган . ( Тахрим сураси 6-оят).

Бундан кўриниб турибдики, биз ўзимиз хам илм ўрганишимиз балки ўз ахлимизга хам илм  ўргатишимиз лозим экан.

Расулуллох соллалоху алайхи васалламнинг ахиллари хам Расулуллохдан илм ўрганганлари мисоли жуда кўп. Жумладан Оиша розияллоху анхо онамиз Расулуллохдан сўрадилар “Я Расулуллох! Агар қадр кечаси қайси тундалигини билганимда Нима дейишим керак? Расулуллох соллалоху алайхи васаллам “Аллохим сен авф этувчисан ва Карим зотсан! Авф этишни ёқтирасан, шундай экан мени авф эт” деб айт дедилар.

Ушбу хадисдан  хам Расулуллох соллалоху алайхи васалламнинг аёллари хам Расулуллохдан илм ўрганганларини кўришимиз мумкин. Мустақиллик даврида кўплаб миллий қадриятларимиз халқимизга, ҳаётимизга қайтди. Шулар қаторида бугун биз сўз юритган бобомерос қадрият, устоз-шогирдлик анъаналарини янги шароитда, янги мазмунда ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари очилди. Бугун мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида ўқиётган фарзандларимиз ўз муаллимларига “Устоз” деб мурожаат қилиши урфга кирган. Бу – яхшилик аломати. Зеро, тилда қайта-қайта такрорланган калом вақти келиб, қалбга муҳрланади. Устозлар илмидан унумли фойдаланган ёшларимиз бугун илм-фан ва бошқа соҳаларда юртимиз байроғини юксак кўтаришмоқда. Умид қиламиз, келажакда фарзандларимиз орасидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний каби етук олимлар етишиб чиқади, иншааллоҳ! Бунинг учун ҳар биримиз масъулмиз, масъулиятимизни ҳис этган ҳолда фарзандларимизнинг илмли, ҳунарли бўлишлари ва бунинг учун энг аввало устозларни ҳурмат қилишлари лозимлигини уқтириб боришимиз лозим.

О.Рўзметов

Боғот тумани “Толли бобо”

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *