ОГОҲЛИККА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ.

Интернетдан яхши ёки ёмон мақсадда ҳам фойдаланиш мумкин,кимдир илмини ошириш учун унга кирса, кимдир эса унда вақтиҳушлик учун ва кимдир эса интернетдан тузоқ мақсадида фойдаланади.Ҳа айтишингиз мумкин дўст топса сўзлашса нимаси ёмон деб лекин ундаги дўстларнинг кўнглидаги ниятини қаердан биламиз, бундан ташкари азиз вақтимизни ва маблағимизни бўлмағур суҳбатларга сарфлашдан нима фойда топамиз.
Ижтимоий тармоқлар – инсоннинг ўз олдига қўйган маълум вазифаларини осонлаштирувчи бир восита холос. Ҳамма нарса ўз меъёрида бўлиши керак. Шундай экан, мазкур восита – ёрдам бериш ўрнига сизнинг шахсий ҳаётингизни бузишга киришяптими, ёҳуд оила тинчлиги учун раҳна соляптими, ундан дарҳол воз кечиш лозим.

Шу ўринда бир ҳикоя ёдимга тушди; Ўтган замонда бир йигит игнага ипни беш қадамдан отиб ўтиришни ўрганади ва мен жуда нодир ишни уддаладим энди подшоҳнинг олдига борсам мени мукофотлайди деб подшоҳнинг саройига борибди. Подшоҳнинг олдида унга ўз ҳунарини кўрсатиб беш қадамдан ипни игнага ўтказибди. Шунда подшоҳ бу йигитга кўрсатган ҳунари учун йигирма танга беринг ва яна йигирма қамчи уринг деб буюрибди. Йигит олдинига суюнибди лекин қамчини эштиб хайрон бўлиб подшоҳдан сўрабди Йигирма танга билан мукофотладингиз яна нима учун йигирма қамчи билан жазолаяпсиз? Подшоҳ; мукофотим ҳунаринг учун жазога буюришим эса шу ўзинга ҳам ўзгага ҳам наф келтирмайдиган ишни ўрганаман деб умрингни қанчасини бекор кетказганинг учун деб жавоб берибди.

Хулоса қиладиган бўлсак интернет ҳам яратганнинг бизга берган бир неъмати, ундан тўғри йўлда фойдаланайлик ва вақтимизни бекор исроф қилмайлик. Вақтимизни ва компьютерга кетадиган умримизни назорат қилишни ўрганайлик. Тармоқдаги нотаниш кимсаларга ишонмаслик керак. Интернетда истаган кишининг асл мақсадини яшириб, бошқача бўлиб олиш жуда осон.

Афсуски, хозирги кунимизда Аллоҳ таолонинг ўз бандаларини фақат тинчлик, осойишталик ўрнатишга, бағоят эзгу ва хайрли ишлар қилишга ундовчи бундай даъватларини унутган қабиҳ ниятли ёвуз кимсалар кўпайиб кетди. Афсусланадиган жиҳати шундаки, бундай шахслар ўзларини бузғунчиликларини Ислом  дини таълимоти билан хаспўшлашга интилмоқдалар. Айни дамда бундай хатти-ҳаракатлар хақ дин-Исломга нисбатан нохолис фикрлар ва қарашлар уйғотади. Халифалик давлатини тузиш  даъвоси билан чиқиб, бу йўлда бегунох инсонлар қонини тўкаётган, юртимиз тинчлигига, халқимиз хотиржамлигига рахна солишга уринаётган террорчи бузғунчи оқимлар аввал ҳам ўз ғаразли мақсадларини амалга оширишга бир неча бор уриниб келдилар. Аммо Аллоҳ таолонинг ғазабига, соғлом фикрли инсонларнинг қаҳрига, нафратига учраб йўқликка юз тутдилар. Ҳозирги кунда баъзи юртдошларимиз хорижга ишлаш мақсадида кетмоқдалар. Бу юртдошларимиз масаланинг фақат моддий тарафини ўйлаяптилар, ваҳоланки маънавий тарафдан кўрган зарарлари жуда бисёрдир.

Аллоҳ таоло инсон зотига ақлу идрок ато этиш билан уни яратган барча мавжудодларидан афзал қилди. Шу боис одамзот ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, ўз ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда амалга оширади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонларга ўз жинсларидан бўлган, ўзларининг орасида яшайдиган кишилардан пайғамбарлар юборди ва барча илоҳий кўрсатмаларини уларнинг онгларига мос қилиб нозил қилди. Ушбу илоҳий кўрсатмалар орқали Аллоҳ таоло бандаларига фойдали бўлган нарсаларни баён қилиш билан бир қаторда, уларни дунё ва охиратлари учун зарарли бўлган нарсалардан огоҳ қилиб келган.

Юртимизда маънавий-маърифий муҳитни янада барқарорлаштириш, аҳоли, айниқса, ёш авлодни турли ғоявий ва ахборот хуружларидан сақлаш, ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви, шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларидаги қуролли можаролар, ибодат уйларидаги қўпорувчилик ишлари бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлайди. Мамлакатимизда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром руҳида камол топтириш, уларни маънавиятимизга ёт зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аслида огоҳ бўлиш лозим бўлган соҳалар жуда кўп. Масалан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг!»,— деган ҳадисларида «Соғликни бемор бўлишдан олдин, ёшликни кексаликдан олдин, бойликни фақирликдан олдин, хотиржамликни машғул бўлиб қолишдан олдин ва ҳаётни ўлимдан олдин» ғанимат билиб, уларни бепарволик билан қўлдан бой бериб қўймаслик учун огоҳ бўлиб яшашликка чақирганлар. Биз мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлсак, Унинг чақириғига итоат этиб, юртимиз ва хонадонимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлиги ҳамда охиратимизнинг обод бўлишига панд берадиган унсурлардан огоҳ бўлмоғимиз, уларни бартараф этиш учун саъй ҳаракат қилмоғимиз лозим.

 

Б.Ходжаев

Хива шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *