ЮРТИМИЗ ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКДА НАМУНА.

    Абу Мансур Мотуридийнинг асарларида ҳам бағрикенглик ғоялари баён қилинган. Жумладан, Буюк ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарида: “Чунончи исломнинг бешта фарзидан бири бўлган “Закот”ни олишга ислом динига эътиқод қилувчилар ҳақли деб ҳукм чиқарилган бўлса, бошқа динга эътиқод қилувчилар ичида ҳам моддий ёрдамга муҳтож кишиларга хайр-эҳсон, садақанинг бошқа ҳамма турлари берилиши мумкин, деб ҳукм чиқарилади. Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Барча динларнинг аҳлларига садақа бераверинглар”, – деган ҳадисларидир”, дейилган. 

Мамлакатимиз том маънода диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилмоқда. XV аср бошларида Темур саройида бўлган Кастилия элчиси гувоҳлик беришича, Темур Самарқандда турли дин вакилларини йиғади, уларга илтифот кўрсатади. Бошқа манбаларда келтирилишича, Темурнинг ўғилларидан бири христианларнинг эҳтиёжларини қондириш учун масъул қилиб тайинланиб, у барча христиан мамлакатлари билан мавжуд алоқалар учун ҳам жавобгар эди. 

            Дарҳақиқат, юртимизда доимо “диний бағрикенглик” ғояси илгари сурилган. Хусусан, диёримиздан етишиб чиққан  Замахшарий, Марғиноний, Мотуридийдек буюк алломаларимизнинг асарларида “диний бағрикенглик” ғояси, шу заминда яшовчи турли эътиқодга мансуб халқларни  юрт фаровонлиги йўлидаги интилишларини таъминловчи муҳим омил бўлиб келганлиги таъкидланади. Ислом ақидалари халқимиз урф-одатларига монанд келгани учун мусулмончилик турмуш тарзимизга чуқур сингиб кетган. Бинобарин, ўзбекларда инсоний бағрикенглик билан динлараро бағрикенглик табиатан ва моҳиятан ўзаро уйғундир.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Нажд тарафдаги ғазотда бўлдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга изо дарахти кўп бўлган водийда етиб олдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир дарахт тагига тушиб, унинг шохларидан бирига қиличларини осиб қўйдилар. Одамлар водийга тарқалишди. Дарахтлар остида сояланишди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Ухлаб ётганимда манави қиличимни олибди. Уйғонсам, бошимда қилич яланғочлаб турибди ва менга: «Сени мендан ким қутқаради?» деди. «Аллоҳ», дедим. Кейин иккинчи марта яна: «Сени мендан ким қутқаради?» деди. «Аллоҳ», – дедим». Шундай дегач, қилични қинига солиб туриб: «Ана у, ўтирибди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қайрилиб ҳам қараб қўймадилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).  Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Яҳудий бўладими, насроний бўладими, мажусий бўладими, салом берса, алик олинглар, чунки Аллоҳ “Қачон сизга саломлашиш билан салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг”, деган” (Имом Бухорий ривояти).

            Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилган пайтларида у ерда анчагина яҳудийлар бор эди. У зотнинг давлат ишларидаги биринчи амаллари улар билан ақидаларини ҳурматлаш асосига қурилган аҳднома тузиш бўлди. Аҳдномага кўра, Ислом давлати яҳудийларни ўз ҳимоясига олади ва улар ҳам ўз навбатида Мадинага ёмон қасд қилган кимсаларга қарши мусулмонлар билан бир куч бўладилар. Бу билан Расули акрам исломий ҳазоранинг илк уруғларида диний эркинлик асосларини татбиқ қилганлар.

Мамлакатимиздаги мавжуд тинчлик ва осойишталик турган гапки, турли миллат ва халқларнинг ўзаро иноқлигига асосланган шунинг учун ҳам қалбимизда чексиз фахр тўямиз. 

Ватан-остонадан бошланади. Шундай экан, оила тинч бўлса, юрт ривож топади. Жамиятимизда диний ва маънавий муҳитни соғломлаштириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлида кенг қамровли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Элимизнинг ўзига хос меҳр-оқибат, аҳиллик, ўзаро тотувлик сингари фазилатларни ўзга миллат вакилларига ибрат ва намуна сифатида намойиш этилмоқда.

Тупроққалъа тумани бош имом-хатиби Ғ.Бабажонов

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *