ТИЛ БОР ЭКАН-МИЛЛАТ БАРҲАЁТ.

 Mаълумки, жорий йилнинг  10 апрель кунида юртбошимиз “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Унга кўра, ушбу байрам ҳар йили милодий сананинг 21 октябрида, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган тарихий кунда нишонланадиган бўлди. Албатта, бу янгилик бутун халқимиз учун қувонарли воқеа бўлди. Зеро, тилга эътибор элга эътибордир. Тил бор экан-миллат барҳаётдир.

Бу жараёнда малакали мутахассислар,  тилшунос  олимлар  билан  ҳамкорлик йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Бу  борадаги  эзгу  амалий  саъй-ҳаракатлар юртимизнинг турли ҳудудларида аллақачон бошланган. Махсус тузилган  ишчи  гуруҳлар  кўчаларга  илинган эълонлар  бурчагига  давлат тилини  эъзозлашга  оид  теран  маънодаги ҳикматли  сўзларни, маъноли ва сифатли шаклда  яратилган шиор ҳамда  эълонлар жойлаштирмоқда.

Агар  чуқур  мушоҳада  қиладиган  бўлсак,  ўзбек  тилининг имкониятлари жуда кенг ва биз учун бепоён майдон. Вазифамиз ана шундай имкониятлардан  тўғри  ва  оқилона  фойдаланишдир. Бу борада тилшунос олимлар ва мутахассислар билан бамаслаҳат иш тутишимиз мақсадга мувофиқдир. Бунда эса албатта зийраклик  билан муносабатда  бўлиш, фидойилик, жонкуярлик, жамоатчилик билан ишлашда фаоллик талаб этади.

Бунда унга руҳий тайёргарлик малакаси қўл келади. Ушбу малакани халқимиз маънавияти ва маданиятига мос равишда чуқур ўзлаштириш учун эса она тилида мукаммал билимга эга бўлиш лозим. 

Соҳамиз йўналишидан  келиб  чиқиб айтадиган бўлсак, тил меъёрларига риоя қилиш шаръий талаб, динга эътибор бериш санасига киради, тил қанча равон бўлса, фикр ва маъно шунча тушунарли, таъсирли бўлади. Сўзловчи қанча халқчил сўзласа унинг гаплари жамиятнинг шунча кўп қатламига кириб боради.

Шунингдек тил ўрганиш ҳам муҳим илмлардан биридир. Қолаверса, ўз она тилимизни мукаммал билиш билан чегараланиб қолмасдан, ўтмиш аждодларимиздан ўрнак олиб, жаҳондаги бошқа тилларни ҳам изчил ўрганишимиз, илм-фан, теҳника соҳаларида дунё халқлари эришган улкан муваффақиятларни ўрганиб, улардан ўзбек халқининг равнақи, мамлакатимиз тараққиёти йўлида унумли фойдаланишимиз лозим.

Тил бебаҳо неъмат. Бу неъматнинг шукри тўғри адо этилган тақдирда, у соҳибини кўп яхшиликларга етказади. Икки дунё бахт саодатига эга қилади. Агар тилнинг ҳаққи адо этилмай, гуноҳ бўладиган ишларга қаратилса, эгаси ҳамма яхшиликлардан икки оламда маҳрум бўлади.   

Аллоҳ таоло Ўзи яратган инсонга нутқни – гапиришни ўргатди. Нутқ, сўзлашиш ва баён қилиш қобилияти Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан биридир. Айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажралиб туради.

Инсон Аллоҳ ерда яратган жонзотлар ичида нутқ ато этилган, мукаммал овоз чиқарадиган ягона жонзотдир. Аллоҳ таоло одамни Ўзининг ер юзидаги ҳалифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни берган. Бу ҳам бўлса, одамга турли нарсаларнинг номларини ўргатишидир. Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса илм-маърифат эди.

Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, Ер юзидаги ҳаётни ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин бўларди. Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: “… Одамларга яхши гаплар айтинг…” (Бақара сураси 83 оят)

Оятдаги “Одамларга яхши гаплар айтинг” жумласини тафсир қилиб, Имом Ҳасан Басрий : “Яхши гап – амри маъруф, наҳйи мункар, ҳилму авф, кечирим ва ширин сўзлардан иборатдир”, — деганлар.

Ислом кишиларни барча офатлардан, жумладан тил офатларидан ҳимоя қилиш чораларини кўради. Ислом  беъмани, бефойда сўзларни гапирмаслик, ботил, гуноҳ ишларни сўзламаслик, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилмаслик, одобсиз ва ахлоқсиз шунга ўхшаш сўзларни айтмаслик, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулмаслик, сирни ошкор қилмаслик, ёлғон ва ғийбат сўзларни сўзламасликни талаб қилади. 

Аллоҳ ўз фазли билан берган тилимизни улуғ неъмат эканини эътироф этиб, уни фойдамиз йўлида, инсонларга наф берадиган  тарзда ишлатишга ҳаракат қилишимиз зарур. Она тилимизни ўз онамизни,  жигарпораларимизни, бутун халқимизни,  юртимизни  севганимиз  янглиғ севишимиз лозим!

   Х.Кенжаев Урганч шаҳар бош имом-ҳатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *