МАВЛИД НАБИЙ МУБОРАК.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин. У зотнинг саҳобаи киромлари ва дин йўлида хизмат қилган уламои изомларга Аллоҳнинг раҳмату мағфирати бўлсин. 

Албатта, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг”.

Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда. Бошқа ибодатларда Аллоҳ таоло бандаларига буюриб қўя қолган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишда эса, Аллоҳ таолонинг Ўзи аввал саловот ўқиб, сўнгра малоикаларини буюрди. Ундан кейин мўминларга у кишига саловот йўлламоқни амр этди. Бундан маълум бўлаяптики, азиз биродарлар, Қуръони карим тиловати ва Аллоҳ таолонинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг афзал ибодатлардан бири ҳисобланади. Чунки, бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам, намознинг ташаҳҳудида, яъни аттаҳиётида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга  саловот айтилади. Имом Шофеъий мазҳабларида  ташаҳҳуддан кейин саловот айтишлик фарз.

Худои таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишининг маъноси, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади. 

Фаришталарнинг Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари, у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.

Мўмин-мусулмонларнинг Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминлар саловотига эҳтиёжлари йўқ. 

Анинг авсофини йўқ интиҳоси,

Нағу етмас деса васфин Худоси.

Яъни, ҳазрати Сўфи Оллоҳёр айтганларидек, У зоти бобаракотнинг васфларини ниҳояси йўқ, чунки инсу жиннинг мақтови етмайди Роббил аъламийннинг мақтови олдида. Қуръони каримнинг бир неча жойларида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни Худои таборак ва таолонинг Ўзи мадҳ этган. Холиқнинг мақтови олдида махлуқларнинг мақтови, албатта, заифдир.

Лекин мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.

Ибн Умар розиаллоҳу анҳо: “Албатта дуо еру осмон орасида муаллақ қолади, дуодан бирон бир калима ҳам кўтарилмайди. Тоинки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот юбормагунча” дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Кимики менга битта саловот айтса, Аллоҳ таоло унга 10 та саловот айтади”.

Абу Жаъфардан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга саловот айтишни унутса, у жаннат йўлидан адашибди”.

 Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимики менга бир кунда 100 та саловот айтса, Аллоҳ таоло унинг 100 та ҳожатини раво қилади. 70таси охиратда ва 30тасини шу дунёда” — дедилар.   

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимики менга битта саловот айтса, Аллоҳ таоло ҳам унга 10та саловот юборади ва 10та хатосини кечиради ва 10 даража мақомини баланд қилади” деб марҳамат қилдилар.            

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий ривоят қиладилар: отам бундай ҳикоят қилар эдилар: 

 “Бир куни Суфён Саврий тавоф қилиб юрганларида, оёғини ҳар кўтариб қўйганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтаётган кишини кўрдилар. “Эй Аллоҳнинг бандаси, тасбеҳ ва таҳлилларни тарк қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ўқияпсан. Бунга бирон ҳужжатинг борми?” дедилар у зот. Ҳалиги киши: “Аллоҳ офият берсин, сиз ким бўласиз?” деб сўради. “Мен Суфён Саврийман”, дедилар. Ҳалиги киши: “Агар сиз замонамизнинг ғариби бўлмаганингизда, ҳолимни хабарини айтмасдим, сиримни билдирмасмдим”, деди. Сўнг ушбуларни сўзлади: “Отам иккимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиш учун чиқдик. Бир манзилга етганимизда отам касал бўлиб қолди. Мен у кишини даволашга тушдим. Хуллас, бир куни тепасида турганимда отам вафот этди ва юзи қорайиб кетди. Мен “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, деб юзига рўмол ёпиб ўраб қўцдим. Кўзимга уйқу келиб ухлаб қолибман. Тушимда бир кишини кўрдим, ҳаётимда ҳали бунчалик юзлари чиройли, кийимлари пок ва ҳидлари ифорли кишини кўрмаган эдим. Оҳиста юриб, отамнинг олдига келди. Юзидан рўмолни олиб, қўллари билан силади. Отамнинг юзи оппоқ бўлиб қолди. Кейин кетмоқчи бўлиб бурилди. Кийимидан ушлаб: “Эй Аллоҳнинг бандаси, сиз ким бўласиз, нечук сиз туфайли бу мусофирликда отамни Аллоҳ бунчалик сийлади?” дедим. Айтдилар: “Мени танимаяпсанми, мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Қуръон соҳибиман. Аммо отанг нафсига зарар қилиб қўйган эди. Лекин менга кўп саловот айтарди. У мана шу ҳолга тушгач, мендан ёрдам сўради, мен саловот айтгувчиларга ёрдам бераман”. Сўнг уйғониб кетдим. Бу пайт отамнинг юзи оппоқ бўлиб қолган эди”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қиёмат кунида менга энг яқин инсон бу менга кўп саловот айтган кишидир” деб башорат бердилар.  

Аллоҳ таоло ҳаммамизга кўпроқ саловот айтишликни насиб айлаб,  у зоти бобаракотнинг шафоатларидан ҳаммамизга муяссар қилсин.

Х.Кенжаев Урганч шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *