БАРЧАГА МАВЛИД НАБИЙ МУБОРАК БЎЛСИН.

Бутун инсонларнинг афзали бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай инсон бўлганликлари тўғрисида тўхталиб ўтсак. 

            Пайғамбаримиз аввало комил ахлоқ эгаси эдилар. Бу сифатни васф этиш учун оддий инсон тили ожизлик қилади. Бу борадаги васф инсонларнинг Роббиси томонидан келган. Аллоҳ азза ва жалла ўзининг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда хитоб қилиб: «Албатта, сен улуғ хулқдасан», дейди. (Қалам сураси 4-оят)

Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари оддий ахлоқ-одоб эмас, улуғ ахлоқ-одобдир. Бинобарин, у кишига эргашганларнинг ахлоқ-одоблари ҳам шундай бўлмоғи лозим. Инсонлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳоралари, мўминларнинг онаси Оиша Сиддиқа розияллоҳу анҳодан у Зоти бобаракотнинг хулқлари қандай бўлганлиги ҳақида сўраганларида: «У кишининг хулқлари Қуръон эди», деган эканлар. Бу дегани, у зот Қуръонда келган ҳамма яхши сифатларни ўзларида мужассам қилган эдилар, деганидир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги яхши сифат ва таълимотларни нафақат ўзларида мужассам қилган эдилар, балки уларни ҳарфма-ҳарф ўз умматларига тадбиқ қилиб, кўрсатиб ҳам берган эдилар.

Юртдошларимиз ушбу ойда Набий алайҳиссалом ҳақидаги китобларни мутолаа қилиб, суннатларини кўпроқ бажариш пайида бўладилар ва у зотга салавоту саломлар айтадилар. Ана шу амалларимиз сабабидан у зоти шарифга бўлган муҳаббатимиз янада зиёда бўлади, иншоаллоҳ.

“Мавлид” сўзи луғатда “туғилиш”, “туғилиш они” каби маъноларни англатади. Истеъмолда эса Муҳаммад алайҳиссаломнинг таваллуд кунлари, ойлари ҳамда шу муносабат билан ўтказиладиган йиғинлар ва уларда ўқиладиган салавот, дуою зикрларга айтилади.
      Мавлид ўтказиш анъанаси VI-VII асрларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни соғиниш, у зотга ҳурмат кўрсатиш, порлоқ хотирасини ҳар доим ёдда сақлаш мақсадида жорий қилинган. Ибн Ҳажар Асқалоний, Жалолиддин Суютий, Шайх Шаҳобиддин Қасталоний каби машҳур олимлар мавлид кунини нишонлаш, ушбу кунда Расули акрамга бағишлаб қасидалар ўқиш, дуруду салавотлар айтиш дурустлигига фатво берганлар.
Ўрта асрларда ислом оламида тасаввуф катта ўрин тутгани сабабли мавлид маросимларига тариқат пешволари бош бўлганлар.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, бизни ушбу кунларга етказди. Бу ойда мўмин-мусулмонлар севикли Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада кўпроқ танишга киришадилар, шу мақсадда мавлид маросимларини ўтказадилар, бу борада ёзилган асарларни ихлос билан ўқишни бошлайдилар. Мажлисларда хатми Қуръонлар қилиниб, Мавлид китобларидан байтлар ўқилиб, унинг маънолари халққа тушунтирилади. Барчамизга Мавлид Набий муборак бўлсин!!!

   

  Ў.Жуманазаров Ҳазорасп тумани “Шоҳпир” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *