ОНА ТИЛИМ – ҒУРУРИМ, ФАХРИМ

Инсон гўзаллиги, маънавияти, буюк мероси, ҳатто олам барқарорлигининг асоси ҳам бу — тилдир. Шу сабаб онадек азиз ўз она тилимизни асраб-авайлаш, эъзозлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи жоиз. Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

      Муҳтарам Президентимиз қаерда ва қай мавзуда маъруза қилмасинлар, юрт келажаги бўлмиш ёшлар масаласини бот-бот илгари сурадилар ва мана шу йўсиндаги сўзларини келтириб ўтадилар:

  Ёш авлод қалбида она тилимизни болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Токи, болаларимиз ўзбек тилида равон ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлиб етишсин”.

  Ушбу даъватлар ҳар бир ватандошимизни ҳушёр торттирмоғи ҳамда фарзандлар камоли йўлидаги улкан ишларга отлантирмоғи лозим.

  “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.               

Инсон ўз она тилиси билан улғаяди, камолга етади. Мана шу тил билан яшаб ўтади. Комилликнинг биринчи белгиси ҳам тилда намоён бўлади. Зеро, нутқнинг гўзаллиги, тилнинг бурролиги, ифоданинг аниқлиги инсон учун ўзига ҳос ҳусндир, бу ҳусн оxир-оқибатда жамият ва миллатнинг ҳуснини кўрсатади.                                    

Барчамизга яхши маълумки, 1989-йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди. Бу ҳақда Конституциямизда ҳам “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” деб ёзиб қўйилган. Демак, бу кунни чексиз қувонч ва ифтихор билан байрам қилишга ҳақлимиз. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили бу миллатнинг руҳидир. Она тили — эзгу фазилатлар, юксак туйғулар манбаи. Чунки, инсон учун ҳаётий зарурат бўлмиш билим ва тушунчаларни тил воситасида oнг-у шууримизга сингдирамиз, адоб-ахлоқимиз, феъл-атворимиз тил орқали берилган ўгит ҳамда насиҳатлар асосида шаклланади. Ўзбек тили дунёнинг энг қадимий ва бой тилларидан бири ҳисобланади. 

Шундай экан инсон зотига берилган қисқа умрда бир-биримизга тилимиздаги яхши сўзлар билан дилларимизни хушнуд қилайлик.

Она тилини севмаган одамда ўзи туғилиб ўсган заминга, аждодларимиз минг йиллар давомида яратган буюк маданий меъросга, ота-онага, урф-одатларимизга муҳаббат бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Кимда ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин”. Ҳозирги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда. Ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолган. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.

Р.Эрназаров Боғот туман бош имом-хатиби  

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.