МИССИОНЕРЛАРНИНГ ДАЪВОЛАРИГА РАДДИЯЛАР.

Бугунги кунда ижтимоий ва диний ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этаётган масалалардан бири-миссионерликдир. Унинг моҳияти нима? Юртимизга  қачондан бошлаб кириб кела бошлади?

Юртимизга миссионерлик ҳаракати аъзолари Собиқ Иттифоқ заифлашиб, тарқалиш олдида турган вақтдан кириб кела бошлаган ва  ўша пайтдаги беқарорликдан фойдаланиб, қонуний рўйхатдан ўтиб олган.   Миссионерлик ҳам террор ва экстремизм каби маълум бир динга тааллуқли эмас. Лекин бизда асосан христиан динининг миссионерлик ҳаракатлари кўзга ташланмоқда. Улар кимлар томонидандир маблағ билан таъминланади, шу сабабли, янги аъзоларига маълум миқдор мукофот пули бериш, дискотекалар ташкил қилиш, чет тилларини бепул таълим бериш, бепул китоблар тарқатиш каби ҳаракатлари кўрилади.  Миссионерлар бугунги кунда жуда жиддий ҳаракат қилмоқда. Чунки, Қуръони карим  Ўзбек тилида биринчи марта 1992 йилда чоп этилгани ҳолда, миссионерлар аллақачон “Инжил”ни собиқ Совет Иттифоқидаги кўпгина миллатлар тилига таржима қилиб бўлишган.  Уларнинг мақсадлари:

-кундан кун нуфузи ошаётган ислом динига путур етказиш;

-маълум бир халқларни маънавий жиҳатдан ўзларига қарам қилиш;

-мамлакат ичида фуқаролар урушини келтириб чиқариш;

-дин баҳонасида мулкка эгалик қилиш.

Шуни эслаб ўтиш жоизки, миссионерлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни билан таъқиқланади. Ушбу қонуннинг 5-моддасида: “…Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик ҳаракати ман этилади…”, дейилади.

   Насронийларнинг ўзлари ҳам тан олмайдиган баъзи миссионер секталар гўёки, инсонларни насроний динига даъват қилмоқдалар. Келинг, ўрганиб кўрайликчи,  бу ҳақда муқаддас динимида нималар дейилган экан!  Инсониятни гўдаклик босқичидан етуклик даврига етгунича Аллоҳ таоло уларга босқичма-босқич, оддийликдан мукаммалликка қараб турли илоҳий дастурлар жўнатиб турди. Ҳар бир пайғамбар орқали келтирилган шариъат олдинги пайғамбар келтирган динни тасдиқлаб, тўлдириб, мукаммаллаштириб келарди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломнинг тилидан шундай дейди: “(Мен) ўзимдан олдинги (нозил этилган) Тавротни тасдиқлаш ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиб бериш учун келдим…” (Оли Имрон-50).

Ушбу оятлардан Исо алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар қатори ўзидан олдинги пайғамбар (Мусо а.с) нинг шариъатини тасдиқлаганлиги, Аллоҳ таоло ўз шариъатини   Мусо а.с. давридагидан кўра Исо а.с. даврида янада мукаммал қилгани тушунилади.

Яна, “Эсланг, Исо ибн Марям : “Эй, Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман”,( Саф-6)-деган эди.

Ушбу оятларда ҳам Исо а.с. Тавротни тасдиқлаб, ўзидан кейин келадиган пайғамбар Муҳаммад с.а.в ҳақида башорат берганлиги маълум бўлади. Аллоҳ таоло пайғамбарлар силсиласини Муҳаммад с.а.в билан охирига етказди. Расулуллоҳ (с.а.в): “Менинг ва бошқа пайғамбарларнинг сифати шундайки, бир киши бир ҳовли (қаср) қуради. Уни жуда чиройли ва мустаҳлам қилиб охирига етказади. Фақатгина бир ғишт ўрни қолади, халос. Шунда бу ҳовли (қаср)га кирган кишилар қараб: “Бу ҳовли қандай чиройли барпо қилинибди-я! Фақат бир ғиштгина қўйилмай қолибди”,- дейдилар. Бас, мен ўша охирги ғиштман. Мен билан пайғамбарлик биноси мукаммал бўлиб битди” , (Жобир р. а. дан Имом Бухорий ривояти).

  Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони каримда, энди, то қиёматгача пайғамбар ҳам, илоҳий китоб ҳам келмаслигини хабар берди:

“Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан барортасининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳри (охиргиси)дир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир”. (Аҳзоб -40).

У зот Қуръони каримни то қиёматгача ўзгаришсиз сақлашини эълон қилди: ”Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) биз ўзимиз нозил қилдик ва уни ўзимиз асрагувчидирмиз”.

Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақдир. 14 аср ўтган бўлсада, Қуръони каримнинг бирор ҳарфи ўзгармасдан бизгача ёдлаш усулида етиб келди.

 Исо(а.с)нинг даврида Инжил китоб ҳолида бўлмаган. Кейинчалик Инжилни китоб ҳолига келтириб мана шу Инжил, дейдиганлар жуда кўпайиб кетди. Натижада император Константин милодий 325 йилда Никеяда катта мажлис чақирди. Турли жамоалардан 2000 дан ортиқ руҳонийлар ўнлаб Инжилларни кўтариб келдилар. Император мажлис аҳлидан  энг тўғри Инжилни танлаб беришни сўрайди. Узоқ талашиб тортишишлардан сўнг 4 нусха Инжилни танлаб олдилар.

  1. Мутто Инжили-унинг асли нусхаси хозир йўқ;
  2. Маркос Инжили-ким ёзгани ноаниқ;
  3. Лука Инжили-ким ёзгани ноаниқ;
  4. Юҳанно Инжили-500 таниқли насоро олимлари иштирокида ёзилган “Британия энциклопедиясида” бу китобни, қалбаки китоб, дейилган.

             Демак, биз Инжил Аллоҳ таоло томонидан Исо(а.с)га нозил қилинганига ишонганимиз ҳолда, унинг асл нусхаси йўқлигини аниқ биламиз. Агар бўлганида ҳам насоролар Муҳаммад(с.а.в)га эргашишлари лозим эди ва бу билан улар ҳеч нарса йўқотмасдилар, аксинча янада динларини комил қилган бўлар эдилар. Чунки Аллоҳ таоло “Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги (ҳақ) дин Исломдир”(Оли Имрон 19),-деб марҳамат қилади. Яна, оятида: “Ким Исломдан бошқа динни истаса, ундан(ўша дин ёки ибодати) ҳаргиз қабул қилинмайди”,(Оли Имрон 85)-деб огоҳлантиради.

Ушбу далиллардан маълум бўладики, Муҳаммад (с. а.в) ни охирги пайғамбар деб, эътиқод қилиш барча пайғамбарларга ишонмоқ ва илоҳий китобларни  тўғри деб, тан олмоқлик экан.

Яна бир тарафдан, исломни қўйиб насронийликка эргашиш комилликдан ноқисликка қайтишдир.

Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб(р.а) бир куни Расулуллоҳ(с.а.в)нинг олдида Таврот бўлагини ўқий бошлаганда, у зот(с.а.в) ғазабланиб: “Агар Мусо тирик бўлиб, менинг пайғамбарлигимгача етиб келса эди, албатта менга эргашарди”,-дедилар. (Жобир (р.а)дан Имом Дорамий ривояти).

Арзимас мол-дунё ва алдовларга учиб, ҳидоятни залолатга, савобни азобга, охиратни дунёга алмаштираётган ватандошларимиз      насронийликни даъват қилаётганларнинг юртида аҳвол қандайлигини ўйлаб кўрмайдиларми?! Ахир улар черковларини масжидларга айлантириб, тўп-тўп бўлиб исломни қабул қилмоқдалар-ку!

Ҳозирги кунда жаҳон аҳолисининг ҳар бештасидан биттаси Исломга эътиқод қилади. Охирги 50 йилликда Ер юзининг мусулмон аҳолиси сони 235% га ўсди ва ҳозирги кунда 1.6 миллиардни ташкил этмоқда. Ислом эътиқод қилувчилар сони жиҳатидан ҳатто, АҚШ, Франция, Буюк Британияда ҳам иккинчи динга айланди. Россияда эса 16 миллион мусулмон истиқомат қилади.

М.Мансуров

Боғот тумани “Казанпир бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *