ИСЛОМДА ЯХШИЛИККА ЧОРЛОВ

Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг бизга мустабид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берилди. Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Яқин Шарқ мамлакатларида бўлаётган нотинчликларни кўриб, мустақиллик ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган, қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъмат эканини янада чуқурроқ англаб етмоқдамиз.Абу Мусо (рз.)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобайи киром савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, не чора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Асҳоблар савол қилишди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: «Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди» Саҳобайи киром сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади».

Ушбу ҳадисдан англашиладики, мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади. Мусулмон кишининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиш зарур. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ҳақиқий мусулмон бу — бошқалар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишларидир».

Дунёда инсон яшар экан албатта у атрофидагилар билан муомала қилади, алоқа ўрнатади.

        Бу боғланишсиз инсон жамиятда яшай олмайди. Шу сабабдан инсонларнинг бир-бирларига ҳожати тушади. Кимларнингдир маънавий ва иқтисодий кўмаги ва ёрдамига муҳтож бўлади. Шу лаҳзаларда инсоннинг қадр-қиммати, кимлиги ва қандайлиги намоён бўлади. Ан-Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳу келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ҳақида  сўради. Расулуллоҳ: “Яхшилик ҳусни хулқдир.”, дедилар. Муслим ва Термизий ривояти.Аллоҳ таоло яхшиликларнинг аввалида Ўзига иймон келтириш, охират, қиёмат куни, фаришталар, нозил қилган китоблари ва инсониятни тўғри йўлга бошловчи пайғамбарларига  ишонишни зикр қилди. Чунки мусулмонни амалининг қабул бўлиш шартларидан биринчиси иймон бўлади. Шунинг учун Қуръони каримнинг кўпгина оятларида: “Иймон келтирганлар  ва амали солиҳ қилганлар”, дейилган. Аввал иймон, Аллоҳга, пайғамбарига бўлган ишончни айтиб кейин амали солиҳ, яхшилик  қиладиганларга бериладиган мукофот ва жаннатдаги неъматлари ҳақида хушхабарлар берилади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз. Нимани нафақа қиганингизни Аллоҳ таоло билгувчидир”, деб марҳамат қилади. ( Оли Имрон. 92-оят)
Яхшилик фақатгина молу-дунё билангина қилинмайди балки унинг турлари кўп.

        Инсонларга манфаат келтирадиган ва фойдали бўлган барча ишлар яхшиликдир. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмон учун садақа лозим», – дедилар. «Эй Расулуллоҳ! Агар садақа қилишга нарса топа олмаса-чи?» – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касб-кор қилиб, ўзига ҳам манфаат келтиради, ортганини садақа қилади», – дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» – дейишди. «Қийналиб қолган бечораҳолга ёрдам беради», – дедилар. «Ёрдам ҳам беролмаса-чи?» – дейишди. «Яхшиликка буюради», – дедилар. «Бу ишни ҳам қилмаса-чи?» – дейишди. «Ёмонликдан тийилади. Мана шу ҳам унинг учун садақадир», – дедилар». Бухорий ва Муслим ривояти.
Демак, қўлимиздан бирор бир яхшилик қилиш келмаса, ҳеч бўлмаганда одамларга ёмонлик қилмайлик, зарар етказмайлик, бировларнинг яхшилик йўлларига  ғов бўлмайлик, биз сабаб яхшилик йўллари беркилиб қолмасин. Инсондан қоладигани яхшилик ёки ёмонликдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек: Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлиб, Аллоҳ таолонинг раҳмати ва жаннатига эришган, ҳақиқий мўмини комил бўлиб яшамоқлигимизни Роббимиз барчамизга осон қилсин, Аллоҳ таоло барчаларимизни яхшилик қигувчилардан қилсин. Яхшилик йўлларини осон қилсин.

М.Юсупов

Боғот тумани “Тавал бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *