ПАЙҒАМБАРИМИЗГА БЎЛГАН МУҲАББАТ

Ҳозирги кунимиздаги ёшлар орасида тарбияни бузилиб кетаётгани ва илми-хунари бор холда одоб-ахлоқ, мехр-мурувват, юмшоқлик, кечирувчанлик каби инсоний фазилатларни ёшларимизда етишмаётганини хам сабабларидан бири, Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни шахсиятларни билмаслиги, у зотни доим одоб-аҳлоқни биринчи ўринга кўйганларини билмасликларидандир.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) сахобалар билан бирга ўтирганларида: “Мени ҳаммадан хам яхши кўрмаган хақиқий мўмин бўла олмайди”- деб марҳамат қилдилар. Шунда Хазрати Умар (р.а.): “Ё Расулуллох, мен сиздан ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра яхши кўраман»- дедилар. Шунда Расулуллох (с.а.в.): “Йўқ Умар, мени ўзингдан ҳам кўпрок яхши кўрмагунингча хақиқий мўмин бўла олмайсан”- дедилар. Шунда Хазрати Умар (р.а.):
“Ё Расулуллох, (с.а.в.) мен сизни ўзимдан ҳам кўпрок яхши кўраман”- дедилар. Шунда Расулуллох (с.а.в.): “Энди иймонинг мукаммал бўлди эй Умар”- деб марҳамат қилдилар. 

     Дамашқ шаҳрида бир тақводор онахон истиқомат қилар экан. Бир куни у фарзандларидан бирига: “Ўғлим! Юртимизда диний билимга эга энг катта уламоларнинг қайси бирини биласан? Агар шундайларни биладиган бўлсанг, менинг ҳузуримга олиб келсанг, сўрайдиган бир муҳим масалам бор эди”, деб илтимос қилади. Ўғил онасининг сўзларини тинглар экан, ҳаёлиги нафақат Сурия, балки бутун дунёга машҳур бўлган Муҳаммад Саид Рамазон Бутий келади. Бу пайтда Шайх ҳали шаҳодат бахтига муяссар бўлмаган эди. 

Йигит онасининг илтимоси билан Шайх Бутий ҳазратларининг олдига бориб: “Менинг қари онам бор. Юртимиздаги энг билимли олимни олиб кел, дея илтимос қилди. Ўзи эса саломатлиги туфайли ташқарига чиқа олмайди. Шаҳримизда сиздан ўтадиган олимни топа олмаганимдан, олдингизга илтимос билан келдим”, деб ҳолатни тушунтиради. Рамазон Бутий кўп ўйлаб ўтирмай, боришга розилик билдириб, онахоннинг уйига ташриф буюради.

«Бир савол мени бир неча кундан бери жуда қийнаб келади. Шунинг жавобини сиздан сўрамоқчи эдим, – дейди онахон олимга – Мен ёшлик чоғимдан ҳар куни тушимда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламни кўриб келаман. У зотни тушимда кўрмаган кечам йўқ. Бироқ, негадир сўнгги кунларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тушларимга кирмай қўйдилар. Шундан безовта бўляпман. Умрим бўйи у зотни тушимда кўриб келиб, энди нега кўра олмай қолдим? Шунинг жавобини айта оласизми?

Бу гапни эшитган Шайх кўз ёшларини тутолмай қолди, ҳўнграб йиғлаб юборди. Онахоннинг гапларидан таъсирланар экан, у: «Биз ўзимизча дин соҳасида, Аллоҳ таолонинг йўлида, Унинг мусаффо динига даъват қилиб юрибмиз, деб ўйлаймиз. Бироқ, сизга ўхшаб Аллоҳнинг Расулини ҳар тун тушимизда кўра олмаганмиз. Сиз бахтли инсон экансиз, бизга сиздек бўлишга анча бор экан. Шу билан бирга, саволингизга жавоб бериш жуда қийин, мен бунга қодир эмас эканман», деб бор гапни айтади.

     Шайх Бутий эртаси куни ўзи устозлик қиладиган мадрасада дарс чоғида шогирдларига ўша аёл ҳақида ҳикоя қилиб беради. «Умр бўйи ҳар куни тушида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламни кўрибди», деган гап шогирдларда ҳам катта қизиқиш уйғотади. Дарс сўнггида икки шогирди ўрнидан туриб: «Устоз, рухсат берсангиз, шу аёлнинг манзилини бизга айтсангиз. Биз уни зиёрат қилгач, Расулуллоҳ салаллоллоҳу алайҳи васалламни ҳар куни тушда кўриш бахтига қандай муяссар бўлганини, бунинг учун нималар қилиш кераклигини сўраб, билиб олсак», дейди. Имом Бутий ҳазратлари шогирдларига онахоннинг манзилини айтиб беради.Талабалар мазкур тақводор аёлнинг уйини топиб боришади. У ҳақда устозларидан эшитганини, бундан ҳайратда қолганини ва яна мумкин бўлса, бунинг сабабларини билмоқ учун келганларини сўзлашади. «Болаларим, буни билишни истасангизлар, эрта тонгда шу ерда бўлинглар. Фақат келишдан олдин нонушта қилмай, оч қорин келинглар», дейди аёл. Талабалар эртаси куни тонг отиши билан аёлнинг уйида ҳозир бўлишади. Онахон бўлса, икки талабани уйининг бир хонасига киргазиб: «Шу ерда бўлинглар, мен ўзим айтмагунимча бу хонадан ҳеч қаерга чиқманглар», деб тайинлайди. Шайтон алайхи лаъна — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўринишига кира олмаслигини, у зотни тушда кўрган одам чиндан ҳам ул зотнинг ўзларини кўрган бўлишини яхши биладиган икки талаба шу бахт илинжида онахоннинг айтганларини сўзсиз бажарарди. Уй эгаси қачон эшигимизни очиб, бизга ваъз-насиҳат айтар экан, деб кутиб ўтираверишди. Бироқ, онахондан дарак йўқ, вақт эса ўтиб борар эди. Бир маҳал онахон талабаларга тушлик учун таом келтирдида, ҳеч нима демай, қайтиб чиқиб кетди. Эрталабдан бери туз татимаган талабалар овқатни паққос тушуришди. Таомнинг шўрлигини ҳам сезишмади, аччиқлигига ҳам парво қилишмади. Қизиғи шундаки, хонадон соҳибаси таом олиб киргандию, ичгани на чой, на сув берганди.

Шундай қилиб, кеч ҳам кирди. Шўр ва аччиқ таом сув талаб қилиб, талабаларнинг тинкасини қуритарди. Ташқарига чиқиб сув ичайин дейишса, онахоннинг «Менинг рухсатимсиз хонадан чиқманглар», деган буйруғи бор. Буйруқни қандай бузиш мумкин?! Шу боис, ташналик ичларини қанчалар куйдирмасин, сабрбардош билан ўтираверишди.

Онахондан эса ҳали ҳам дарак йўқ. Икковлари уни кута-кута чарчаб, кўзлари илиниб, шу хонада уйқуга кетишди. Эрта билан хонага онахон кириб келди.

– Яхши ухладингларми?

– Ҳа, Алҳамду лиллаҳ, яхшимиз, она!   

– Тушларингизда нималарни кўрдингиз?

– Онахон, кеча берган таомингиз ҳам шўр, ҳам аччиқ бўлиб қолган экан. Ташналикдан ичимиз ёнса ҳам, бир амаллаб чидадик. Охири ухлаб қолдик. Ҳозир гаплашиб тургандик, иккаламиз ҳам тушда сув кўрибмиз. Сувни шимириб ичиб ётибмиз экан, қанча ичсак ҳам, қонмаяпмиз. Қисқаси, биз тушимизда фақат сув кўрибмиз.

– Мана, кўрдингларми, болаларим! Сизларга шуни айтмоқчи бўлганим ҳам шу эди. Сизлар кеча кун бўйи ташна бўлиб, фақат сувни ўйлагансизлар, шунинг учун ҳам тушларингизда сувни кўргансизлар. Сувни қанча ичсангизлар ҳам қонмайдиган ҳолга тушгансиз. Мен Аллоҳнинг ҳабиби, башарият саййиди, Пайғамбарим Муҳамммад саллоллоҳу алайҳи вассаломни қанча ўйласамда, қанчалик соғинсамда, унга бўлган муҳаббатга тўймаяпман. Ҳеч бир куним йўқки, уни ўйламасам. У зотнинг сийратлари, нурафшон юзлари, ҳикматли сўзлари, ҳадиси шарифлари ҳар доим қалбимда, кўз ўнгимда туради. Ҳеч қачон у зотни ёдимдан чиқарган эмасман. Ул зотни таниганим сайин муҳаббатим ортиб боради. Шунинг учун, мен кун ҳар кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Сизларни ҳайратга солган сирим аслида шундан иборат, холос.

Талабалар ҳаяжондан юраги оғзига тиқилиб, қотиб қолишди ва ҳамма гап Аллоҳни ва Расулини севишда эканини амалда кўриб, бутун вужудлари билан ҳис қилишди.

Бу ажойиб воқеанинг хабари бир зумда халқ ичида тарқади ва чегара ошиб, бутун дунё мусулмонларига етиб борди. Бу ҳикоя сув томчилари уйқудаги юракларни уйғотгандек, мўминларниг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини жунбушга келтирса, ажаб эмас. 

Бу шундай улуғ мақом бўлиб, бу мақом фақатгина бизнинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га берилгандир. Қозий Иёз (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деган: “Инсонда бошқа кишига нисбатан муҳаббатни пайдо бўлишига тўрт ишдан бири сабаб бўлади:

– фойда келтириши. Қайси бир киши сенга фойда келтирадиган иш қиладиган бўлса, унга нисбатан сенда муҳаббат пайдо бўлади;

– зарарни даф қилиши. Бирор киши сенга келадиган зарардан сени ҳимоя қилса, унга нисбатан сенда меҳр ва муҳаббат уйғонади;

– хилқати, кўриниши чиройли бўлиши. Инсон бирор чиройли манзара ёки товусга ўхшаган чиройли қушни кўриб қолса, унга қизиқиши ортади ва унга муҳаббат қилади;

– хулқи чиройли бўлиши. Сен бирор хулқи, одоби чиройли бўлган кишини одамлар билан гўзал муомала қилаётганини кўриб қолсанг, унга нисбатан сенда муҳаббат пайдо бўлади.

Мана шу тўртта хусусиятнинг барчаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да жам бўлган. У зот бизга Раббимизни танитдилар. Бандага ўз Раббисини танишидан кўра яхшироқ нарса йўқ. У зот бизга жаннатга бориш йўлларини таълим бердилар. Бизга Исломни ўргатдилар. Аллоҳ таолога қандай ибодат қилишни таълим бердилар. Буларнинг барчаси Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бизга берган энг катта манфаатлари ва ёрдамларидир. У зот ҳаётимиздаги ҳар бир ёмонликдан бизни қайтардилар. Бизни дўзахдан қайтардилар. Бизга дўзах йўлларидан сақланишни ўргатдилар. Биримиз бошқамизнинг обрўсини тўкишдан, жонига ва молига хиёнат қилишдан бизни қайтардилар. Набий (алайҳиссалом)нинг хилқатлари, кўринишлари жуда чиройли бўлган. У зот барча инсонларнинг энг хулқи яхшиси бўлганлар. У зот ҳақида Қуръони каримда: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”, (Қалам, 4)дейилган. Ойша (розияллоҳу анҳо) у зотнинг хулқларини “Қуръон”, деган. Шунга кўра, у зот севилишга ҳақли бўлган зотдирлар.

Юқоридаги ҳадисда зикр қилинаётган Муҳаммад (алайҳиссалом)га муҳаббатли бўлиш имоний муҳаббатдан ҳисобланади. Агар инсонда имоний муҳаббат бўлсагина, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳақиқий муҳаббат қила олади. Саҳобаи киромларда мана шу муҳаббат бўлган ва шу сабабли у зотга ҳақиқий ошиқ бўлганлар. Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Абдуллоҳ ибн Ҳишом (розиялоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Биз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдик. У зот Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг қўлларини ушлаб турган ҳолда эдилар, шунда Умар (розияллоҳу анҳу) у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, нафсим унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, токи мен сизга ўзингиздан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча бўлмайди”, дедилар. Умар (розияллоҳу анҳу) у зотга: “Энди Аллоҳга қасамки, албатта, сиз мен учун ўзимдан ҳам маҳбуброқсиз”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ана, энди бўлди, Эй Умар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

У зотга бўлган муҳаббат қалбий ва амалий бўлиши лозим. Шунга кўра, у зотга муҳаббатли бўлган киши Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг суннатларига амал қилиши, у зотни хурсанд қиладиган ишларни қилиши керак бўлади. Уламолардан бири: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳақиқий муҳаббатли бўлиш – У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатини қўллаб-қувватлаш, унинг шариатини ҳимоя қилиш ва нафсини ва молини сарфлаш учун у киши билан бирга бўлишни орзу қилишдир”, деб айтган.

Б.Ходжаев Хива шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *