УЛУҒ ФАЗИЛАТЛАРДАН БИРИ ОТА ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ.

Ота-онанинг гуноҳга сабаб бўлмайдиган ҳар-бир буйруқ ва топшириғи сўзсиз бажарилади. Уларнинг олдида жаҳлланиб, “уф” тортилмайди, гаплари қайтарилмайди. Ота-онага қўпол муомала қилиб, ранжитиш энг катта гуноҳлардан ҳисобланади. Ота-она ҳузурида изнсиз гапирилмайди, олдилари ва икки ёнларида юрилмайди, балки орқароқда юрилади. Фарзанд ота-онасининг номини айтиб чақирмайди, аксинча отажон, онажон деб мурожаат қилади. Ҳазил-мазах қилинмайди. Таомга муҳтож бўлса таом, кийимга муҳтож бўлсалар кийим берилади. Уларнинг иссиқ-совуғидан доимо хабардор бўлиб, сўрамасалар ҳам моддий кўмак бериб турилади.

Ота-она билан сўзлашувда, албатта одоб билан, оҳиста, паст овозда гапирилади, заруратдан ортиқча гаплар айтилмайди, сўзлари бўлинмайди, уларга буйруқ, таъна, қаҳр оҳангида гапиришлик одобсизликка киради. Ота-она билан хўмрайиб муомала қилмаслик лозим. Кесатиқ, пичинг билан: “Сиз ундоқ эмассиз, бундоқ эмассиз”, деб уларни ранжитмаслик керак.

Ота-онага доимо раҳм-шафқат кўрсатилади, чин дилдан дўст тутилади, улар ноҳақ бўлса ҳам, дилларига озор етказилмайди, улардан камчилик ўтса, ранжимай кечирилади.

Улар касал бўлса, даволатиш тадбирлари изланади, соғлиқлари учун садақа қилинади ва Аллоҳдан шифо тиланади. Айниқса, оналар қаттиқ иззат ҳурматга лойиқдир. Онани елкада кўтариб юрганида ҳам унинг бир марта қийналганлик ҳаққини адо этиш қийин.

Фарзанд ёмон кўрган нарсани ота-онага раво кўрмаслиги, яхши кўрган нарсасини уларга ҳам раво кўришлиги лозим бўлади. Ота-она розилигисиз ҳеч қаерга, ҳаттоки ҳажга ҳам борилмайди. Агар уйга ота ёки она кириб келишса, дарҳол туриб, эҳтиром билан кутиб олиш, юқорига ўтказиб, улар олдида тавозеъ билан ўтириш керак. Оёқни узатиш ёки ёнбошлаб олиш одобсизликдир.

Ота-она тириклигида ҳам, вафот этганидан кейин ҳам уларнинг дўстлари ва яқинлари билан алоқани узмаслик, уларни уйга меҳмон қилиб туришлик ва ота-она ҳаққига яхши дуоларда бўлиш, қабрларини зиёрат қилиш, яхши ишларини эслаш, Қуръон тиловат қилиб руҳониятларига бағишлаш ҳам фарзандлар бурчидир.

Ота-онага яхшилик қилган фарзандга кўп фойдалар борлиги учун динимизда энг фазилатли амаллардан хисобланади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кимни умри узун бўлиши ва ризқи кенг бўлиши ҳурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин дедилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади деганлар. Ҳикматларда келади: «Она жаннат эшикларидан бир эшикдир», яъни фарзанднинг онасига яхшилик қилиши уни жаннатга етказади. Машҳур Қози Иёз Закийнинг оналари вафот этганида қаттиқ йиғлаб туриб: Мен учун жаннатга олиб борадиган икки эшик бор эди, биттаси беркилиб қолди деганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен катта гуноҳ қилдим. Энди мен учун тавба борми?» деди.«Онанг борми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Холанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Унга яхшилик қил», дедилар» (Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти).

Демак, хола ҳам она ўрнида бўларкан. Онаси вафот этиб кетган инсон холасига яхшилик қилса, бу ҳам гуноҳларига каффорат бўлар экан. Увайс ал Қараний розияллоҳу анҳу Яманлик солиҳ киши бўлганлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг ҳаётликларида имон келтирганлар. Аммо Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламни кўра олмаганлар. Бунга сабаб доимо оналарининг хизматида бўлганликлари эди. Шунинг учун саҳоба бўла олмай, тобеъий бўлганлар. Увайс ал-Қараний розияллоҳу анҳу оналарига жуда меҳрибон, кўп яхшилик қиладиган зот эдилар. Шу сабабли Аллоҳ таоло у кишининг қасамини бажо қиладиган бўлди. Агар бировнинг хаққига дуо қилсалар, истиғфор айтсалар, Аллоҳ таоло у кишининг дуо ва истиғфорини қабул қиладиган даражага эришдилар. Баданларида оқлик бор эди, оналарига қилган яхшиликлари, меҳрибонликлари туфайли унга ҳам Аллоҳ таоло шифо берган эди.

Қуръони каримнинг Анкабут сураси, 8-оятида: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” дейилади. Ҳадиси шарифда айтиладики: “Гуноҳи кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш, инсонни қонини ноҳақ тўкиш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гувоҳлик бериш…”(Муслим ривояти). Ота онага яхшилик қилмайдиган фарзандлар хор бўлиши хақида ҳадиси шарифда “Ота –онасини тириклик вақтида рози қилмаган фарзанд хор бўлсин, хор бўлсин”, дейилган. Ота онасини рози қилган фарзанд хақида эса қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: “Кимки ота-онасини розилигини олган бўлса, унга қандай яхши! Аллоҳу таоло унинг умирини узайтиради”.

Дунёда ота-она улуғ зот ҳисобланади, чунки улар фарзандлари учун ҳаётини, меҳрини бериб, фарзанди катта бўлиб, оила қуриб кетгандан кейин хам улар ҳақида қайғуришдан тўхтамайдилар. Ҳар бир ота-она ўз фарзанди дунёга келиши билан уни парвариш қилиб катта қилади, касал бўлса даволайди, едиради, кийдиради, уни оқ ювиб оқ тарайди, умуман фарзандини ҳаётда керакли барча нарсалар билан таъминлашга харакат қилади. Хаттоки ота-оналар бунинг учун ўзлари ейиш-ичиш, кийиниш шу каби нарсалардан махрум бўлсалар ҳам фарзандларини бахти ва умрларини хайрли амалларга сарфлашликлари билан харакатда бўладилар. Мана шу ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифаларидан ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ нарса бера олмайди”. Демак, ота-она фарзандига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки ажойиб совға эмас, балки гўзал хулқ ва яхши тарбияси экан. Чунки кийим, таом ёки совға болага маълум вақт фойда беради, вақт ўтиши билан эса эскиради. Гўзал хулқ, яхши тарбия эса фарзандга умри давомида фойда беради. Нафақат умри давомида, балки вафотидан кейин охиратда ҳам манфаат келтиради. Зеро, ҳадиси шарифда: “Банда гўзал хулқи ила кечалари ибодатда қоим бўлувчи ҳамда кундузи рўза тутувчининг даражаси – савобига эришади”, дейилган.

Баъзи оилаларда ота-она эрталабдан кечгача ишлаб, кўча-кўйда юради, уйда бўлган вақтларида ҳам ўз ишлари билан овора бўлиб фарзандларига вақт ажрата олмайди. Натижада фарзанд тарбияни телефон, интернет, телевизор ҳамда кўча-кўйдан олмоқда. Шундай тарзда улғайган бола яхши хулқли, одобли, илм-маърифатли ва келажакда эл-юртига хизмат қилиб, ота-онасига раҳмат олиб келадиган бўлиб улғайишига ким кафолат бера олади?!

Шундай экан, ҳар бир ота-она, фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги керак. Ана шунда улар ота-онаси ва эл-юртига хизмат қиладиган, уларга икки дунёда обрў олиб келадиган, юзларини ёруғ ва бошларини юқори қиладиган фарзандлар бўлиб катта бўлишади.

Х.Юсупов Урганч тумани “Жон Хараш бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *