ОГОҲ БЎЛАЙЛИК АЗИЗЛАР.

Улуғ шоир бобомиз Мир Алишер Навоий ҳазратларининг доно сўзлари бор:

«Агар огоҳсан сен, шоҳсан сен.

Агар шоҳсан сен, огоҳсан сен».

«Огоҳлик» сўзининг маъноларини бугунги замон шароитидан келиб чиқиб, янада кенг миқёсда тушунишимизга туғри келади.

Яъни бугунги огоҳлик халқимиз, айниқса, ёшлар қалбини, руҳиятини, ақл-идроки ва умуман маънавиятини жаҳонда юз бераётган мафкуравий йўналишдаги ошкора ва яширин таҳдидларнинг хатарларидан ва «оммавий маданият»нинг емирувчи таъсиридан мухофаза қилишни ҳам ўз ичига олади.

Албатта, халқимиз, жумладан, ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёти, санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди. Бирок ғарбда дин ва одобга зид бўлган қарашларнинг кўпчиликка сингдирилиши оқибатида юзага келган «оммавий маданият» тушунчасини ғарб зиёлиларининг ўзи «ғарбнинг муаммоси» сифатида баҳолаётганини ҳамда «оммавий маданият»нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.

«Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, тухмат ва бухтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга туғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда,» – деган муҳтарам Президентимизни сўзлари нафақат бирор вазифадор ёки бирор соҳадаги масъулларга қарата айтилган, балки ҳар бир ота учун, ҳар бир она учун айтилган деб билмоғимиз лозим!

Айниқса ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю кундуз тарқатаётган бир онда мазкур сўзлар, уйлашимча, жаннатмакон юртимизни, муқаддас Ватанимизни, доно халқимизни ҳар бир фуқаросига қушга ҳаво, балиққа сув зарурлигидай зарур бўлса керак. Бепарво бўлишга огоҳликни қўлдан бой беришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Халқимизнинг асрлар оша тўплаган тажрибасини ўзида ихчам тарзда мужассам этган мақолларда ҳам ана шу ҳақиқат ўз ифодасини топган. Жумладан, «Офат кўрмай десанг, хушёр бўл», «Эҳтиётинг бўлса, эҳтиёжинг бўлмас», «Сув пешонага чиққандан кейин пушаймондан фойда йўқ» каби мақолларда хушёрликнинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни нақадар юқори баҳоланганини кўриш мумкин. Хушёрликни таъминлашда кичик, майда-чуйда нарсаларнинг ўзи бўлмайди. «Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради», «Бир таёқ бошни ёради» каби халқ донишмандлиги намуналарида бундай эътиборсизликнинг инсон ва жамият ҳаётида қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ўзининг яққол ифодасини топган. Лоқайдлик ва бепарволик инсониятга катта зарарлар келтириши ҳақида Абдураҳмон Жомий: “Бепарволик минг турли ситамларнинг сабабчисидир” дейди.

Муқаддас динимиз таълимотини ўрганар эканмиз, у кўз ўнгимизда доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик ва хушёрлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, бепарволик ва лоқайдлик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида намоён бўлади. Тинчлик бебаҳо неъмат деб баҳоланади. Барча инсонларнинг бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлиги, иккинчи томондан эса, тинчликни барқарор этиш учун қандай йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлиги тўғрисида таъкидланган.

Демак, ҳар бир инсоннинг ўз ишини сидқидилдан амалга ошириши, лоқайдлик, бепарволикнинг олдини олиши, ён атрофида бўлаётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, Ватан тинчлиги йўлида хушёр ва огоҳ бўлиб яшаши лозим.

Аждодларимизнинг асрий орзуси бўлган, буюк неъмат мустақилликни ҳар томонлама асраб авайлашга барчамиз бирдек масъулмиз.

М.Мадиримов Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” жоме масжиди 

Имомхатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *