ЎЗБЕКИСТОН ДИНЛАРАРО БАҒРИКЕНГЛИК ЮРТ

Ифтихор билан айтишимиз мумкинки, жамият ҳаётининг барча жабҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўз самарасини бераяпти. Бинобарин, истиқлол йилларида Ватанимизда яшаётган турли миллатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенгҳуқуқлилик ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, унинг қонуний асосларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Мазк}ф тамойиллар Конституциямиз ва қонунларимизда ўз аксини топган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ҳамда элатларнинг тиллари, урф-одатлари, анъаналари ҳурмат қилиниши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ҳамда эркинликларга эгалиги, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган. Табиийки, диёримизда умргузаронлик қилаётган турли миллат вакиллари орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарлари борки, улар мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келишаётир. Буларнинг барчаси юртимиздаги демократик тамойилларнинг амалий ифодаси тасдиғидир.

Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ҳамда барқарорлик хорижлик сиёсатшунослар ва меҳмонлар томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда. Жумладан, Нью-Йорк давлат университети профессори, Глобал илмий тадқиқотлар маркази директори Парвиз Морвиж шундай ёзади: “Ўзбекистонда истиқлол йилларида тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар бераётган юксак самаралар ҳар қандай одамнинг ҳавасини келтиради”. Албатта, бундай еамимий дил изҳорлари ва холис эътирофлар ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур бағишлайди. Ўз навбатида, умрбоқий қадриятларимизни, айниқса, олижаноблик ва бағрикенглик каби инсоний фазилатларни асраб-авайлаш масъулиятини зиммамизга юклайди. Ўзини шу табаррук замин фарзанди, деб билган юртдошларимизни буюк келажагимиз йўлида бирлашишга, аждодларимизга муносиб ворислар бўлишга, миллий қадриятлар ва анъаналарни асраб- авайлаб, келгуси авлодларга мерос қилиб қолдиришга чорлайди.

Инсоният учун энг катта бойлик — тинчлик, унинг манбаи эса ҳамжиҳатликдир. Ўзаро тотувлик ҳамда дўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари барқарор мамлакатда инсон эмин-эркин яшайди, кўзлаган орзусига эришади. Шу жиҳатдан қараганда, бизнинг энг асосий ютуғимиз, Президентимиз таъбири билан айтганда, аввало, Ватанимиз осмонининг мусаффолиги, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролараро аҳиллик ҳамда ҳамжиҳатлик, дўстлик ва бирдамлик муҳитидир. Бу неъматларнинг қадрига етиш ҳамда турли миллат ва элатлар вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаётган Ўзбекистонимизни кўз қорачигидек асраб-авайлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

       Аллоҳ таоло “Эй одамлар” деб бутун инсониятга мурожаат қилиб, “Сизларнинг ота-онангиз бир” – демоқда, яъни барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансизлар. Шундай бўлсада сизларни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик. Мақсад бир-бирларингиз билан ўзаро танишишларингиз учун. Аллоҳ таола бу оятда бир-бирингиз билан ўзаро уришишингиз, ер, бойлик, мол-дунё талашишингиз, кучингизни бир-бирингизга кўрсатиб қўйишингиз, фахрланишингиз ёки мақтанишингиз учун демади. Бугунги кунда мен яхши сен ёмон, мен тўғри эътиқоддаман сен нотўғри эътиқоддасан, мен ҳақиқий мусулмонман сен мусулмон эмассан, деб бир-бирини қонини тўкаётган инсонлар аслида бир ота-онадан тарқалган инсонлардир. Энди мусумон инсон шундай бўлиши керакки унинг тилидан ва қўлидан бошқа инсонлар азият чекмаслиги керак. Мусулмон кишилар бошқа дин, бошқа миллат вакилларига қандай муносабатда бўлишлари, бағрикенглик, мулойимлик, сабр ва чидамлилик асосида муомала қилишлари кераклиги уқтирилади. Агар бутун инсоният миллатлараро бағрикенглик тамойилига риоя қилсалар халқлар ўртасида тинчлик, осойишталик, бахту саодат ҳукм сурган бўлар эди.

Бағрикенглик тамойили ҳадисларда ҳам ўз аксини топган. Пайғамбар алайҳиссалом ўзга дин ва бошқа миллат вакилларига қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида кўплаб ҳадислар айтганлар ҳамда ҳаётда ўзлари амалий кўрсатиб берганлар. Мавзуга доир баъзи ҳадисларни кўриб чиқамиз: Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анқудан ривоят қилган ҳадисда бундай дедилар: «Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалингизга қарайди». Жамият тараққиёти ва фаровонлиги миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Яратганга минг шукрким, мустақил ўлкамиз– Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, улар тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Диний бағрикенглик хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатади. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир.

М.Курбанбоев Гурлан тумани “Шайх Жамолиддин Гургоний бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *