МИССИОНЕРЛАРНИНГ НАЙРАНГИГА АЛДАНМАНГ

Миссионерлик лотин тилидаги «missio» сўзидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш билан боғлиқ назарий ва амалий фаолиятни билдиради.
Миссионерликнинг узвий қисми бўлган прозелитизм тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишни англатади.
Миссионерлар турли соҳаларда ўз фаолиятини олиб боради. Масалан таълим соҳасидаги фаолияти, миссионерлар таълим тизимида ўз фаолиятини амалга оширишда алоҳида эътибор берадиган жиҳатлари қуйидагилар: 

— мактабга янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш учун таъмирлаш материаллари олиб берилади;

— ибодатга қатнайдиганларнинг бевосита таъмир ишларида қатнашиши таъминланади;
— ибодатга келувчиларнинг ахборотларига таяниб, янги ўқув йили арафасида муҳтож оилаларнинг болаларига дафтар, қалам ва бошқа канцелярия моллари олиб берилади;
— “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига болалар кийим-бошлари ва ўйинчоқлар совға қилинади;

— Тил ва компьютер ўргатиш марказлари, ҳатто мактаб ёшигача бўлган болалар учун шу йўналишдаги ихтисослашган боғчалар очиш орқали ҳам ёшлар орасида тегишли тарғибот ташкил этилади.

Одатда лақманинг калласини тарозунинг палласига қиёслашади. У ким нима деса ишонаверади, ўз фикрига эга эмас. Бундай одам ёмон ниятли душманга жуда қўл келади. Лоқайд одамга дўстнинг ҳам, душманнинг ҳам аҳамияти йўқ. Бугунги ўта мураккаб ва таҳликали даврда лақмалик ҳам, лоқайдлик ҳам жамиятга, тинч-осуда ҳаётга, хавфсизликка зарар келтиради. Ақл бўй билан эмас, ўй билан ўлчанганидек, ҳар бир инсон ақл билан идрок этиб, ҳаётда ҳушёр бўлган тақдирдагина бугунги тинчликнинг қадрига етади.
Ўзбекларни йўлдан оздириб, улар ўртасига ўзаро низо туғдириб, давлатимизнинг, жамиятимизнинг, халқмизнинг бирлигига ҳамда тотувлигига раҳна солишни ният қилганлар ўзларининг бундай ҳатти-ҳаракатларини очиқ-ойдин амалга ошираётганликлари бор ҳақиқат. Бундай миссионерлик ҳаракатларига ҳатто оммавий ахборот воситаларини ҳам жалб қилмоқдалар. Улар интернет сайтларидан ҳам унумли фойдаланмоқдалар.
Интернет хабарларига кўра, Россияга ишлаш учун борган ўзбек йигитларига ёппасига Библия тарқатила бошланибди.У ерда ўзбек йигитларини чўқинтиришнинг моддий ва маънавий имкониятларидан ҳам, кўндириш ва мажбурлаш усулларидан ҳам фойдаланиш оммавий тус ола бошлаган. Хўш, бундан қандай ғаразли мақсадлар кўзланган?! Ахир миссионерлик жиноятку! Ёки маданиятни маданиятсидан ўрган, деганларидек, муқаддас динимизга, миллий ва маънавий қадриятларимизга хиёнат қилиш билан “маданиятли” бўлиб қоламизми?! Асло! Биз фитначиларни доғда қолдирамиз, аммо йўлдан адашмаймиз. Ўзбек йигитларини йўлдан адаштириш ҳаракати бошланган экан, биз газеталардаги чиқишларимиз билан уларнинг бу ердаги ота-оналарини, ака-укаларини, қариндош-уруғларини,яқин дўст-биродарларини,умуман,юртдошларимизни огоҳлантириб қўймоқчимиз. Афтидан Ўзбекистондаги тинчлик-барқарорлик, диний ва миллий бағрикенглик, миллатлараро ҳамда динлараро тотувлик, бунёдкорлик ва тараққиёт, қолаверса, давлатимиз юритаётган мустақил ташқи сиёсат кимларгадир ёқмаётган кўринади. Бундай пайтда ҳар кун, ҳар соат, ҳар дақиқа ҳушёрликни унутишга ҳаққимиз йўқ.
Миссионерларнинг гаплари млойим, “хотматойлик”ларининг чегараси йўқ бўлиб туюлиши мумкин, аммо улар даъват этаётган нарса тавҳид эмас. Насронийлик ниқобида сафларини таъсир доираларини кенгайтирмоқчи бўлган миссионерлар чақираётган нарса ширкнинг турли кўринишларидир. Миссионерларнинг мақсади уч нуқтада жамланади: халқларни насронийлаштирш баҳонасида уларни иқтисодий, сиёсий, маънавий жиҳатдан ғарб давлатлари таъсир доирасига тушириш; одамларда ўз динига нисбатан шубҳа уйғотиш ва динидан чиқариш; бузғунчилик қилиш, одамларни адашган эътиқодларида мутаҳкамроқ туришга чорлаш ва улар сафини тўлдириб бориш.
Мамлакатимизда соф исломий эътиқод-Ислом дини қонун йўли билан ҳимоя қилинади. Унинг кўрсатмалари мусулмон халқимизнинг эзгу орзу-ниятлари амалга ошиши учун энг тўғри йўлдир. Юртбошимз таъкидлаганларидек, “Ислом ота-боболаримиз динидир. Уни ташқи таъсирлардан, ёт унсурлардан тозалаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир”.

Ғ.Бабажанов Тупроққалъа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *