КИШИНИНГ ЭНГ БУЮК ХИСЛАТИ КАМТАРЛИКДИР!!!

Камтарлик бу эзгу ниятлилик, одамийлик, хушмуомалалик, бағрикенглик, иззат-икромни билишлик, дўстлари ва умуман ўзгаларнинг қадрига етишлик, ҳурмат қила олишлик, маънавий поклик… демакдир.

Халқ оғзаки ижоди одобномасида камтарликнинг фойдаси, инсон учун қусур ҳисобланган манманликнинг зарарли оқибатлари ҳаётий воқеа ва ибратомуз тасвирлар воситасида тўла-тўкис акс эттирилган.

Камтарликни ўзига либос қилиб олган инсонлар ҳаётдаги энг яхши, соф виждонли кишилар бўлиб, ҳар қандай шароитда, ҳар қандай лавозимда тўғри ва ҳаққоний йўл тутадилар, тўғри сўзлаб, тўғри юрадилар, олижаноб ва раҳм-шафқатли, ҳамма ишни саранжом, осойишта бажарадилар. Манманликка, дабдабабозликка, муболаға, бўрттиришларга, ёлғон-яшиққа йўл қўймайдилар.

Эътибор беринг-а, мана халқимиз камтарлик тўғрисида нима дейди:

«Йўқ нарса ҳам бор бўлур, Сен камтар бўлсанг.

Бор нарса ҳам йўқ бўлур, Сен манман бўлсанг».

Ёшликдан камтаринлик либосини кийган киши кейинчалик ҳам қоқилмайди, тобора камол топа боради. Луқмони Ҳаким шундай дейди: «Мағрурлик ақлсизлик аломатидир. Кибрланиш, мағрурланиш инсонни ҳалокатга солади. Мағрур кишилар жамият ғазабига дучор бўладилар. Гарчи мағрур, такаббур кишилар бой, олим, мансабдор эсаларда, жамият ўртасида ҳеч обрўлари, қадрлари бўлмайди. Уларнинг ҳақиқий дўсти, улфати бўлмайди, борлари ҳам бошига ёмон кун тушганда асқотмайдилар. Охир оқибат улар хорлик, ёлғизликда яшашга маҳкумдирлар.»

Кишилар ҳадеб мажнунтолнинг олдига келаверганидан Мирзатеракнинг ғаши келибди. У такаббурлик билан: «Ёнимга савлатимдан қўрқиб, унча мунча одам кела олмайди. Сенинг олдиндан одам аримайди. Сени назар писанд қилишмайдими?», – дебди. Мажнунтол унга: «Сен кибру ҳаво билан осмонга интиласан. Мен бўлсам мени ўстирган заминга қаттиқ боғланганман. Унга ҳурматдаю таъзимда бўламан. Ёнимга кўплаб кишиларнинг келиши балким, ана шу камтарлигимдандир», – дебди.

Халқ наздида камтарлик ҳар қандай киши учун биринчи буюк ҳислатдир. Сизчи дўстим, сиз ҳам камтаринлик либосини кийганмисиз?

Р.Отажонов Янгиариқ туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *