САҲОВАТ ВА КЎМАК – ХАЛҚИМИЗГА ХОС ХИСЛАТ!!!

Айни пайтда дунёда бўлгани каби коронавирус билан боғлиқ мураккаб жараён мамлакатимизда ҳам кечаяпти. Халқимиз ушбу синовли кунларда сабр билан, бир-бирига меҳр-оқибат билан ўтаётгани халқимизнинг буюк сабр ва матонат эгаси эканлигини кўрсатиб турибди. Президентимиз ўз нутқларида халқимизнинг бу мураккаб кунларда кўрсатаётган матонати, саховатини кўп бор такрорлаб ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклигини таъкидлаб, халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар. Бу умумхалқ ҳаракати, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради. Чунки, ижтимоий кўмакка муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларга саховат кўрсатиш халқимизга хос қадриятлардан ҳисобланади.

Ислом динимизда ҳам сахийлик энг яхши инсоний хулқлардан эканлиги кўп бор таъкидланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ демасдилар.

Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр — савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир“ (Бақара сураси, 261-оят).

Ҳазрат Оиша онамиз(розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: «Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахт, томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради».

Саховат, аллома Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, “Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан биридир“.

Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида шундай дейилган: «Сахий кишининг таоми шифодир», «Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқилганида уни қўлидан тутиб туради», «Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради».

Имом Ғаззолий айтади: «Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, сахийлик эса зуҳднинг, яъни дунёга қиймат бермаслик самарасидир. Сахийлик ҳақиқий тавҳид ва таваккулга эришиш натижасидир. Яъни саховат билан мол камайиб қолмаслигига, Аллоҳ таолонинг бирга ўн баробар қилиб қайтариш ваъдасига ва ризқни Аллоҳ таоло етказишига ишончдан сахийлик туғилади».

Салмон Форсийнинг айтишича, “Агар сахий киши вафот этса, ер ҳамда одамларнинг номаи аъмолларини битувчи фаришталар: «Эй Раббим, бандангнинг бу дунёда қилган гуноҳларини авф эт!», дейишади.

Албатта, Рамазон ойи ҳам хайру эҳсон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир», деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш янада фазилатли эканлигини чуқур англаб, амал қилдилар.

Роббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Донолар айтганидек, «Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади». Аллоҳ таоло муборак Рамазони шариф барокатидан юртимиздан дардни аритсин, саховатли инсонларга хайрли ишларида Ўзи мададкор бўлсин!

        Н.Шожонов Янгиариқ туман “Хожи бобо” масжиди имом-хатиби         

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *