“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” ТУЗОҒИГА ТУШМАНГ.

“Оммавий маданият” ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Уни ғарбда “популяр” ёки қисқартирилган ҳолда, “поп-культура” (яъни “оммавий маданият”) деб аташади. Гарчи “маданият” деб аталса-да, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсадга кўра “оммавий маданият” чинакам маданиятнинг кушандасидир. Мутахассисларнинг фикрларича, ҳали илм-фанда “антикультура” (“ғайримаданият”) деган илмий тушунча шаклланмаганлиги учун “оммавий маданият” тушунчаси, ночорликдан қўлланилмоқда. Чунки, “оммавий маданият”, аслида маданиятсизлик, яъни маънавиятсизлик ва ахлоқсизликнинг синонимидир. “Оммавий маданият” асосини маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатлари ташкил қилади, холос.

бундай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган айрим ёшлар ҳаётга фақат бир томонлама боқадиган, енгил ҳаётга интилувчан бўлиб вояга етишади.. Бу эса уларда бузғунчилик, зўравонлик, фақат ўз манфаати учун ҳаракат қилиш каби иллатларни ривожланишига сабаб бўлади.

Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, миллий анъана ҳамда қадриятларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди. Бугун ёшларимиз ўзига хос “тушунчалар уруши” шароитида яшамоқдалар. “Оммавий маданият” ота-боболаримиз “қора” деган нарсаларни “оқ”, “оқ” деган нарсаларини “қора” деб уқтирмоқда. Миллий-маънавий маданиятимиз ва диний қадриятларимиз мазмун-моҳиятан жуда гўзал. Бу миллий маданиятимиздан бегона руҳиятда вояга етадиган ёшлар табиий равишда турли ёт кучлар қурбонига айланмоқдалар. Бизнинг миллий маданиятимизда ҳаё, андиша, ибо каби ахлоқий фазилатларга қатъий равишда амал қилиниб келинади. “Оммавий маданият” айнан миллий қадриятимиз асоси бўлган ҳаё, андиша, оқибат, меҳр-муҳаббат каби гўзал ахлоқий қадриятларимизга қарши бўлган ахлоқсизлик ва ёвузликни ўзида акс эттирган ҳаракатдир.

Халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг ахлоқи ва маънавиятига салбий таъсир кўрсатадиган омиллар асосан қуйидагилардир.

Биринчидан, хориж матбуоти хабарларига кўра, ҳозир Ғарб давлатлари телевизион дастурлари ва филмлари жаҳон медиа бозорининг тўртдан уч қисмини эгаллаган. Уларнинг тушунарсиз мусиқаси, маъносиз ҳамда ғайриинсоний ҳаракатлардан иборат қўшиқлари, қизиқиши, овқатланиш одати, ҳатто кийинишига бутун дунё тақлид қилаётгани боис, бундай жараёнлар таъсиридан ўз вақтида ёшларни ҳимоя қилмасак, халқимиз маданияти, маънавияти ва миллий хусусиятларига зарар етади.

Иккинчидан, ҳозирги вақтда, Ғарб маданиятининг айрим вакиллари ахлоқсизликни маданият деб билиши ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити, деб қараши бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила мустаҳкамлиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солаётган бир пайтда фарзанд тарбиясига катта эътибор бериш долзарб вазифа бўлиши керак.

Учинчидан, бугун айрим Ғарб давлатларида ёшлар маънавияти таназзулга учраб, ўзининг салбий натижаларини бераётгани маълум. Ғарб турмуш тарзининг бундай салбий жиҳатлари баъзи ғарб оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилинаётгани ачинарли ҳолдир. Гарчи бундай ҳолатлар бошқа кўп мамлакатларда кузатилмаган бўлса-да, бу ҳол ҳотиржамликка берилишга асос бўлмайди. Ўз вақтида ёшлар қалбида бундай хунук ишларга нисбатан нафрат туйғусини шакллантириш лозим.

Одоб-ахлоқ, ҳаё-ибо, ор-номус, диёнат каби фазилатлар азалдан халқимиз маънавий оламининг ажралмас қисмига айланган. Бугунги глобаллашув шароитида “оммавий маданият” ниқоби остида ёшларимизга турли ёт ғоялар, маънавий тубанликларни тарғиб этишга уринаётган айрим қабиҳ ниятли кучлар айнан ана шундай қадриятларимизга чанг солаётгани сир эмас. Аллоҳ таоло бузуқлик ва фаҳш ишлардан қайтариб Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

  “..Айт (Эй Муҳаммад) албатта Роббим ошкора ва яширин фаҳш ишларни ҳаром қилди..” (Аъроф сураси 34-оят)

    Аллоҳ таоло жамиятни бузилишига олиб келадиган зинони ва унга олиб борувчи барча нарсаларни ҳаром қилгандир. Бу ҳолат ҳақида “Исро” сурасида шундай деб айтган: ”..Зинога яқинлашманг..”

       Ояти каримага эътибор берсак, Аллоҳ таоло зино қилманг демади, балки зинога яқинлашманг деди.Бу буйруқ зинога олиб борадиган барча ишлар ҳам ҳаром эканлигини кўрсатади. Демак, оммавий маданият каби бузуқликни тарғиб қилаётган таҳдидлардан четда бўлиш ҳар бир мусулмон кишининг зиммасидаги вазифа экан.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам: “..Ҳаё иймондан бир жуздир”,-дедилар. Динимиз ҳаёни иймон даражасига кўтарган бир ўринда, барча мўмин кишилар оммавий маданият каби ахлоқсизликлардан четда бўлиши, фарзандлари, дўст-у биродарларини ҳам бу ишлардан огоҳлантириши лозим бўлади.

Донишманд халқимизда «касални даволашдан кўра, уни олдини олган маъқул» деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган, ёшларни нотўғри йўлга кириб кетгандан сўнг уни қайтаришдан кўра, ўша йўлга киришидан олдин асраб қолиш керак деган хулоса чиқади. Яъни, ёшларнинг онгида ғоявий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик керак. Уларни фойдали машғулотларга, илмий тўгаракларга жалб қилиш, спорт билан шуғулланиши учун замин яратиш, яхшиликлар қилишга ўргатиш, муҳими Худони танитиш ана шундай иллатлару бузғунчи ғоялардан йироқ бўлишини таъминлайди.

Ш.Қўчқоров Ҳазорасп тумани “Олти Алам бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *