ИСЛОМ ИЛМ ДЕМАКДИР.

                 Исломда илм талаб қилиш, хусусан, динда фақиҳ бўлиш учун илм ўрганиш фақат ва фақат ягона Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина бўлади. Негаки илм олишни бизга Аллоҳ буюрган, фарз қилган. Шундай йўлни тутган одам икки дунё бахт-саодатига эришади. Дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади. Шунинг учун илмни талаб қилганда эса ниятини соф қилиши, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ўйлаб иш тутиши керак.

            Ислом – илму маърифатга етакловчи муқаддас дин. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган илк оятларида бундай амр қилади: “Ўқинг ( эй Муҳаммад! Бутун борлиқни)яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли зотдир. У инсонга қалам билан(ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси 1-5 оятлар). Ушбу оят мазмунидан билдикки, исломнинг илк бошланиши илм олишга тарғиб қилиш билан юзага келган. Шундай экан, ислом – илм манбаи деб айтишга хақлимиз. Зумар сурасининг 9-оятида “…Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!…” деб марҳамат қилинган. Албатта, уларнинг тенг бўлмаслиги ҳаммага аён. Чунки илм инсонни маънавиятга, маърифатга етаклаб даражасини юксакларга кўтарадиган ягона манбадир.

                 Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”, деб марҳамат қилганлар.Демак, ислом динида илм ҳар қандай бойликдан устун келадиган бебаҳо дурдонадир. Ислом мисоли бир қайнаб турган булоқ бўлса, илм ундан отилиб чиқаётган зилол сув зарраларидир. Кимгаки ана шу сувдан ичиш насиб қилган бўлса, дунё ва охиратда унинг даражаси баланд бўлади. Тарихдан маълумки, бизнинг бобакалонларимиз ислом дини асосида фанларни чуқур ўзлаштириб илм чўққисида баланд парвоз қилганлар. Ҳозиргача ва ҳатто қиёматгача инсониятни лол қолдирадиган даражадаги илм, фан ютуқларига эришганлар. Бугунлик кунда ҳам юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсат халқимизнинг илмга бўлган қизиқишини кундан кунга ошириб инсон манфаатини юқори даражага олиб чиқишга қаратилган.

           Дунёда ислом диничалик илм ўрганишга ва уни ўргатишга катта ахамият берган дин йуқ. Ўзининг энг охирги Пайғамбари йўлбошчимиз Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга энг охирги китоби Қуръону Каримнинг энг аввалги нозил қилинган ояти каримаси «Ўқи» деган сўз эканлиги хеч бир кишига сир эмас албатта. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ато қилинган мўъжизаларнинг энг улкани Аллохнинг муборак каломи бўлмиш Қуръону Каримда илм тўғрисида 811 жойда зикр қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча хадиси шарифларида барчаларимизни илм ўрганиш ва ўргатишга тарғиб этганлар ва илмнинг фазилати илм ахлларига бериладиган мукофоту-даражотлар хақида зикр этганлар. Чунки инсониятни хар икки дунёда хам азизу мукаррам ва даражаси баланд, обрў – эътиборга эга бўлишига сабаб бўлгувчи нарса шак шубхасиз илмдир. Аксинча инсонни хорлик ва таназзулга, залолатга етакловчи адашишига сабаб булгувчи нарса эса илмсизликдир. Илм Пайғамбар алайхимус саломларнинг мероси. Илм нур бўлса илмсизлик зулматдир. Қуйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Илм хақидаги айрим хадисларини айтиб ўтамиз. Абдуллоҳ (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Илм олинглар, илм олинглар. Илм олгач эса, амал қилинглар”Муҳаммад (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Албатта бу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қарангизлар!”.Абдуллоҳ ибн Анас (р.а.) ривоят қилишича Анас (розиёллоҳу анҳу) доимо ўз ўғлига: “Эй, ўғлим! Бу илмни қайд этинг (ёзиб қўйинг) лар”, дер эди”. Сахбара (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади : “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким илм талаб қилса, ўтган гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар”. Ибн Аббос (розиёллоҳу анҳу) айтади: “Кечаси бир соат илм билан шуғулланиш кечани ибодат билан ўтказишдан яхшироқдир”.Абдураҳмон ал-Ҳубулий (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Биродаринга сенинг ҳикматли сўзингдан яхшироқ ҳадя йўқдир”.Масруқ (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Илм инсонга Аллоҳдан қўрқишлик учун етарлидир. Кишининг ўз илми билан мағрурланиши, унинг жоҳиллигидан далолатдир. Ҳақиқий инсон мажлисларда ўзини унга муносиб тутади, ёлғиз қолганда эса, ўз гуноҳларини эслайди ва Аллоҳ таолога истиғфор айтади”.Али (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Илм ўрганинглар. Агар билсангиз, босиқроқ бўлинг. Илмга ўйин ва кулгуни аралаштирманглар. Қалб илмни сиқиб чиқариб юбормасин” Имом ат-Термизий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда, У зот: «Аллоҳ ва унинг малоикалари ва ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам илм аҳилларига истиғфор айтадилар», – деганлар. Шунингдек, бошқа бир ривоятда: «Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ Таоло унга жаннат йўлларини тўғрилаб қўюр», – деб марҳамат қилинган. Келгусида ўз тақдирини шу юрт истиқболи, истиқлоли, ривожи ва тараққиёти билан боғлаган ҳар бир ёш авлод, аждодларимизнинг бой меросларидан ўзи ҳам баҳраманд бўлиб, халқимиз илму-маърифатини янада юксакликка олиб чиқишда ўз ҳиссаларини қўшадилар деган умиддамиз. Зеро илм инсонга дунёда ҳам,вафот этганидан кейин ҳам, охиратда ҳам, манфаат етказиб туради.Аллоҳ таоло ҳаммамизга савоб ишларда бардавом бўлиб, иноқ-иттифоқ, аҳилликда ҳаёт кечиришимизни насиб қилсин.

Х.Матяқубов Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.