ОФИЯТ КАТТА НЕЪМАТДИР.

       Мўмин киши дунёси ва дини учун Аллоҳдан офия сўраши керак.Ҳар бир ишда офиятнинг зарурлигини билган киши офият катта неъмат эканлигини билади.

Офият сўзи  арабча сўз бўлиб, у  ўзбек тилида саломатлик, эсон-омонлик,  хотиржамлик каби сўзларнинг маъноларини англатади.  Бу ҳақда луғатда шундай дейилади:

 Офият — саломатлик, яхши кайфият, эсон-омонлик, бардамлик; куч-қувват, қурб, офият  

        Диндаги офият – бу турли шубҳа, фитна ва залолатлардан саломат бўлиш ҳисобланса, дунёдаги офият эса оғир ғам ташвиш, касалликлар ва қайғулардан саломат бўлишдир. Офият банданинг дин ва дунёсининг барча жабҳасини қамраб олар экан банданингАллоҳдан офият сўраши талаб даражасига чиқиб қолади. Шунинг учун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам вақт  имкониятига қараб Алоҳдан офият сўрашда бардавом бўлиб  саҳобаларни ҳам шундай қилишга васият қилганлар. Офият- Аллоҳ таолодан барча нарсада хотиржамлик тилашликдир. Ана шу маънодаги офиятни  инсон доимо ўзида сақлай билиши керак. Офиятни ўзида сақлай билиш қуйидагича бўлади:  Аллоҳнинг буюрганларини қилиб, қайтарган нарсаларидан  қайтиш ва динда шубҳа бўлган нарсаларни тарк этиш. Дин ишларида бирор мушкиллик ва тушунмовчилик бўлганида банда  фақат аҳли илмларга мурожаат қилиб муаммосини ечиб олиш.

Кўпинча Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам  саҳобаларни ҳамма ишларида  Аллоҳдан офият сўрашга юзлантирардилар. Саҳобалардан бирини гуноҳи учун Аллоҳдан унга тезроқ азоб юборишини дуо қилиб сўрашидан манъ этиб ҳамма ишида Аллоҳдан офият сўрашига амр этганлар. Банданинг бошига синов тушганида уни Аллоҳдан офият сўраб дуо қилиши банданинг сабрсизлигига далолат қилмайди. Бошига синовлар келганида офият сўраб сабр қилган киши сабр ва дуони жамлагани учун иккисининг ҳам савобига етган ҳисобланади. Бу эса бандалар учун хайрлидир.  Абу Фазл Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ таолодан сўрайдиган бирор нарса ўргатинг», дедим. «Аллоҳдан офият сўранглар», дедилар. Бир неча кун ўтиб келдим-да «Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ таолодан сўрайдиган бирор нарса ўргатинг», дедим. «Эй Аббос, эй Расулуллоҳнинг амакиси, Аллоҳдан дунёю охират офиятини сўранг», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва ҳасан, саҳиҳ деган). Қуйида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ва у зот саҳобаи киромларга ўргатган баъзи дуоларни келтирамиз. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор мажлисдан турсалар асҳобларининг ҳаққига ушбу дуони қилмай турмас эдилар. Дуонинг маъноси: Аллоҳим, бизга жаннатингга эриштирадиган хавфни ато эт. Дунё мусибатларини биздан енгиллаштирадиган комил ишонч ато эт. Аллоҳим, бизни тирик қолдирган муддатингча қулоқларимиз, кўзларимиз, қувватимиз ила баҳралантир. Уларни бизга ворис қил. Ўчимизни бизга зулм қилганларгагина қилгин. Бизга душманлик қилганлар устидан нусрат бер. Дунёни ташвишимизга, билимимизнинг мунтаҳосига айлантириб қўймагин. Бизга раҳм қилмайдиганларни устимиздан ҳукмрон қилиб қўйма! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қийинчилик ва ғам-ғусса пайтидаги дуосини Аллоҳ таоло қабул қилиши хурсанд қилса, фароғат пайти дуони кўпайтирсин», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва ҳасан ҳадис деган). Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма, инний асалукал ҳуда ват-туқо, ал-ъфаафа валғинаа», дер эдилар» (Муслим ривоят қилган). Дуонинг маъноси: Аллоҳим, мен Сендан ҳидоят, тақво, иффат ва беҳожатлик сўрайман. Ториқ ибн Айшам Ашжаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Исломни қабул қилган кишига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўргатар эдилар. Кейин ушбу калималар билан дуо қилишга буюрар эдилар: «Аллоҳумма, иғфир лий, варҳамний, ваҳдиний, ва ъафиний, варзуқний» (Муслим ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: Аллоҳим, мени мағфират қил, раҳм айла, ҳидоят қил, офият бер, ризқ ато қил. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дер эдилар: «Аллоҳумма аслиҳ лий динияллазий ҳува ъисмату амри ва аслиҳ лий дунйаяллатий фийҳаа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фийҳаа маъадий, важъалил ҳаята зиядаталлий мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталлий мин кулли шаррин» (Муслим ривоят қилган). Дуонинг маъноси: Аллоҳим, (дунё ва охират) ишимни муҳофаза қилувчи динимни ислоҳ қил. Тирикчилигим асоси бўлган дунёимни ислоҳ қил. Қайтажак бўлган охиратимни ислоҳ қил. Ҳаётимни ҳар бир яхшилик учун зиёда қилиб бер. Ўлимимни ҳар бир ёмонликдан роҳат қил. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп дуо қилдилар. Биз унинг бирортасини ёдлаб қололмадик. Сўнгра: «Эй Аллоҳнинг Расули! Кўп дуо қилдингиз. Биз унинг бирортасини ҳам ёдлаб қололмадик», дедик. Шунда у зот: «Сизларни ўшанинг ҳаммасини жамлайдиган нарсага йўллаб қўяйми? «Аллоҳумма, асалука мин хойри маа саалака минҳу Набийюка Муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи васаллам, ва наъуузу бика мин шарри мастаъаазака минҳу Набийюка Муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи васаллам, ва антал мустаъану ва ъалайкал балағу, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ», денглар», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва ҳасан ҳадис деган). Дуонинг маъноси: Аллоҳим, Биз Сендан Набийинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган хайрли нарсаларни сўраймиз. Сендан Набийинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ёмон нарсалардан паноҳ сўраймиз. Сен ёрдам сўралувчи Зотсан. Етишиш Сенгадир. Аллоҳдан бошқада куч ҳам, қувват ҳам йўқ.

Ш.Қўчқоров 

Ҳазoрасп тумани “Олти Алам бобо” масжиди имом хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *