МИССИОНЕРЛИК ҲАРАКАТЛАРИГА РАДДИЯЛАР

     Ўрта асрларда Ислом ўлкаларига қаратилган миссионерлик ҳаракатларида жуда муҳим нуқта бор эди. Насроний роҳиб ва сайёҳлар Ислом ўлкаларига сафар қилиб, уларнинг заиф томонларини ўрганишга киришганлар. Масалан, турли Ислом ўлкаларига саёҳат уюштирган Фабри ва Пилоти каби сайёҳларни айтиш мумкин. Булардан Пилоти насронийликни қабул қилганлар жуда яхши адолат ва эҳсонга сазовор бўлишини таъкидлаган. Яна бир миссионер Кеттонли Роберт эса Қуръонни бузиб таржима қилган. Арабча баҳс асарлар ғарбда кенг ёйилган. «Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом динидир»(Олм Имрон, 79).Биз, алҳамдулиллаҳ, қадимдан Ислом динидамиз. Ота-боболаримиз Ислом дини аҳкомларига амал этиб яшашган. Биз бундан оғишмаймиз. Афсуфки, ҳозирги кунда диний қадриятларимизга, маънавиятимизга раҳна солишга, диний можароларни келтириб чиқаришга интилаётган айрим чет эллик нопок кимсалар миссионерлик йўли билан фарзандларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳол, ғанимларимиз режалаштирганидек, ижтимоий, оилавий низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Фикримизча, бунинг сабаби динимиз асосларини, унинг инсоният саодатини таъминловчи йўриқларини билмаслик оқибатидир. Зеро, айнан Ислом динимиз моҳиятини билмаганлар миссионерларнинг сафсаталарига кўр кўрона эргашадилар.
        Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бир тилда гаплашадиган, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган, аммо турли динлар ёки конфессияларга эътиқод қиладиган миллатлар ҳамон ички бирликни таъминлай олмаётгани, кичкина бир сабаб қайта-қайта низоли вазиятлар ва фуқаролар урушининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради. Масаланинг ана шу жиҳатига эътибор берилса, миссионерлик ҳаракатлари ортида диний заминда миллатни ичидан бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли сиёсий мақсадлар ётганини ва у келтириб чиқарадиган фожиаларни англаб етиш мумкин. Бу, миссионерлар ўз мақсадларига эришадиган бўлсалар улар фаолият олиб бораётган мамлакатда низо ва жанжалларнинг авж олиши, душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратилиши, халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.
          Миссионерлар макон ва замонга мослашган ҳолда ўз услуб ва воситаларини доимий такомиллаштириб келганлар. Хусусан, сўнгги вақтларда улар маълум бир ижтимоий қатламни ажратиб олиб, мақсадли иш олиб боришга интилмоқдалар. Жумладан, миссионерлар асосий эътиборни аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар. Миссионерларга табиатан ишонувчан, ташқи таъсирга мойил бўлган ва айни пайтда, ҳаётда сабр-бардошли ва фидоий бўлиш билан бир қаторда ҳамиша маънавий-руҳий кўмакка, қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезадиган аёлларга ҳам алоҳида эътибор билан қарамоқдалар.
            Миссионерлик ҳаракатлари миллий маънавий барқарорликка жиддий таҳдидларни кутиш мумкин. Зеро, кўпгина мамлакатларда миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари шахсият ва интеллектуал таназзул, бошқалар иродасига кўр-кўрона бўйсуниш, индивидуалликнинг йўқолиши ва унинг ўзга мазмун билан тўлдирилиши, тараққиётдан тўхташ, моддий йўқотишлар, инсонларнинг ҳаёти, маънавий дунёқараши ва соғлигига салбий таъсир этувчи ҳолатларни келтириб чиқариши кузатилган. Шу боис, мамлакатимизда миссионерлик ва прозелитизм фаолияти қонун билан таъқиқлаб қўйилган. Бироқ, таъкидлаш жоизки, фақат миллий қонунчиликда миссионерлик ва прозелитизмга қарши ҳуқуқий чоралар белгилаш билан, бундай ҳаракатларга нисбатан тегишли жазо чоралар назарда тутилиши билан ушбу ғаразли фаолиятга бутунлай чек қўйиш қийин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун миссионерликнинг салбий моҳиятини чукур англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш, айниқса тегишли тарбиявий-мафкуравий тадбирларни мунтазам амалга ошириш зарур. Айниқса, ёшларимиз онгини ташқи ахборот майдонида мавжуд турли тахдидлардан асрашимиз, бунинг учун эса уларда мафкуравий иммунитетнинг шаклланишига шароит яратишимиз ва уларни милий-маънавий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашимиз лозим.

   Прозелитизм — тўғридан-тўгри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади. Прозелитизм келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, бизга қўшни бўлган айрим давлатларда христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боглиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мазорига дафн этишни хоҳламаганлари, мусулмонлар эса христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга қўйишни истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда. Шунингдек , христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни истамагани туфайли ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиққани ҳам маълум. Юқоридаги каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо, шуларнинг ўзи ҳам миссионерликнинг таркибий қисми бўлган прозелитизм ҳаракатлари бошқа динни қабул қилган туб миллат вакиллари оилаларида низолар ва жанжалларнинг авж олишига, ҳамда христианликнинг айрим йўналишлари вакилларига нисбатан душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратиши мумкинлигини яққол тасаввур қилиш имконини беради. Ўлкамиз мустақил бўлган кундан бошлаб чет эллардан турли хил диний оқим вакилларининг юртимизга ёпирилиб келиши кузатила бошланди. Айниқса, динни ўзига ниқоб қилиб олган “Ваҳҳбийлик”, “Акромий”, “Хизбут таҳрир” каби оқимларнинг ва миссионерларнинг ҳамласида катта хавф яшириниб ётибди.
Улар мамлакатимиз фуқароларини ўз тузоқларига илинтириб , онгини заҳарлашга ҳаракат этмоқдалар.
          Миссионерларнинг бу ишлардан кўзлаган мақсадлари нима? Уларнинг режаси азалдан мусулмон бўлиб келган, яъни мафкураси, урф-одати, бутун бошли маънавий тарихи бир хил бўлган, аслида мамлакатимизнинг куч- қудратини ташкил қиладиган бирдамликни, халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлапггириш, пароканда қилиш ва турли — туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан ўз ҳолимизча яшашга йўл қўймаслликдир. Миссионерлик фаолияти мафкурамиз учун ёт унсургина бўлиб қолмай, балки маънавиятимиз ривожи учун ҳам жиддий тўсиқдир. Демак, миссионерларнинг зарбаларидан чекинмаслик , уларга бефарқ қарамаслик, ватан равнақи ва ислом дини учун буюк хизматлар кўрсатган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлишимиз зарур бўлади. 

Ғ.Бабажонов

Тупроққалъа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *