КЕЧИРИМЛИЛИК – МЎМИНГА ХОС

Инсондаги улуғ сифат ва фазилатлардан бири – бу кечиримли бўлишдир. Аллоҳ таоло инсонларнинг ташқи кўринишини гўзал қилиб яратган. Агар инсон сийрати ва ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у комиллик даражасига етиши мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрган. Жумладан:

яъни: “Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун сураси 14-оят).

Демак, киши биродарини кечириши билан Аллоҳ таоло ҳам унинг гуноҳини кечирар экан.

Яна бир ояти каримада кечирган кимсага ажр бериш Аллоҳ таолонинг зиммасида эканлиги баён қилинган:

яъни: “Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шўро сураси 40-оят).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло жаннатий бандаларини сифатларини баён қилиб шундай деган: 

яъни: (Улар) ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси 134-оят).

Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўришимиз мумкин. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади. 

Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзларида мужассам қилган Зот –  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилатида ҳам энг гўзал намуна эдилар.

Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар: яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари). 

Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбарликларининг ўнинчи йиллари ўтиб ҳам қурайшликлардан ижобий натижа чиқмагач, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида Тоифга бордилар. У Зот шояд Тоифда дин ишлари юришиб кетса, деган умидда қабила оқсоқоллари билан учрашиб, уларни Исломга чақирдилар. Аммо улар унашмади. Аксинча, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни масхара қилдилар. Бу ҳам етмагандай, ўзларининг эси паст, бебош болаларини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан қичқиришга, сўкиб, тош отишга юбордилар. Тоифликлар йўлнинг икки четида туриб, У Зот ўтаётганларида аёвсиз тошбўрон қилишди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқлари қонади ва ғамгин бўлиб, қувватлари озлиги ва заифликларидан Аллоҳга илтижо қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло У Зотнинг ҳузурларига фариштани юборди. У келиб, икки тоғни Тоиф аҳли устига бостириб, уларни ҳалок қилишга изн сўради. Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат этиб юборилган Зот мушриклардан энг шиддатли азиятни Тоиф халқидан кўрганларига қарамасдан, бу ишга изн бермадилар ва шундай дедилар.

Демак, кечиримли бўлиш ва ғазабини ютишда барчаларимиз  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишимиз керак бўлади.

Кечиримли бўлиш улкан савоб ва жаннатга кириш учун сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

яъни: “Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: «Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингизни ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлидир«” (Имом Ибн Мурдавайҳ ривоятлари). 

Афсуски, ҳозирда кундалик ҳаётда ўта қаттиққўл, мутакаббир инсонлар учраб туради. Улар бировларни айб-нуқсонларини, хато-камчиликларини қидириб, уларни ёмонлашни, танбеҳ беришни яхши кўрадилар. Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмас. Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга, бу унинг мартабаси янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни кечиримли, сабрли ва хушмуомала бандаларидан айлаб, ўзгаларга нисбатан бағрикенг бўлишимизни насиб айласин!

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *