ОИЛАЛАРНИ БУЗИЛИШИ ЖАМИЯТ ИНҚИРОЗИДИР

        Ислом таълимотига кўра, оила Аллох таолонинг розилигини топиш, хазрати Пайғамбаримиз (с.а.в) аҳлоқлари, чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш маҳсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан холи тинч ва обод бўлиши, аввало, ушбу кичик жамиятнинг тинчлиги, тотувлиги, аҳиллигига боғлиқ. Оиладаги тинчлик-хотиржамликни ва саодатни таъминлаш оиладаги ҳар-бир шахс ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши ва бажариши билан барқарор ва мустаҳкамлаш бўлади. Бундай масъулиятни эса, эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи никоҳгина мустаҳкамлаши ва жорийқилишимумкин. Мустаҳкам ва саодатли оилада эр-хотин ўзаро тотув яшаши, бир-бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч ва тотув яшаши лозим. Бу хақда Қуръони каримда бундай дейилган: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш халол эмасдир”, Яна, уларга берган махрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир).Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун)кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (“Нисо”сураси,19-оят).
            Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу хусусда шундай мархамат қилганларки;“Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳли-аёлига яхшироқ муомала қилувчингизман”. (“ал-Жомеас-сағир”)

Мана шундай ояти карима ва хадиси шарифлар орқали Ислом ўзининг илк давриданоқ оилада аёлларнинг хақ-хуқуқларини тиклаш, хурматини жойига қўйиш билан уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирган. Аёл кишига комили инсон, ҳурмат-эътиборга ва чиройли муомалага муносиб шахс сифатида эътибор қаратган.
             Оила таянчи бўлган аёлларимизга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилишимиз лозим, агарчи уларнинг феъл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини  айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Оила саранжом–саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг пок ва озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги беминнат хизматлари ва энг муҳими тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солих фарзандларни вояга етказишлари шундай яхшиликлар сирасига киради. Бу хақда Расулуллох (с.а.в.) бундай деганлар: “Мўмин эр киши мўмина хотинига ғазаб қилмасин. Агар унинг хулқидан, бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади”. (Имом Бухорий ривояти)
Жамиятимизда баъзи оилаларда эркаклар ўзларини оиладаги ўринларини ва оиладаги масъулиятини  оила бошлиғи эканлигини унутиб оиласига нафақаларини ўз вақтида қилмаслиги ёки оила бошқаришга уқуви йўқлиги оқибатида қонуний никоҳидаги аёлини ҳайдаб, ноқонуний равишда иккинчи, учинчи, тўртинчи аёлга ҳам уйланишлик ҳолатлари аниқланаётганлиги жуда ҳам ачинарли ҳолдир. Шу ўринда Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни бир хадисларини келтиришни лозим топдим яъни; “Ҳар-бирингиз бошлиқсиз ва ҳар-бирингиз қўл остингиздагиларга масъулдирсиз”-деганлар, демак ҳар-бир оилада бошлиқ эр бўлади, қўл остидагилар аёли, фарзандлари бўлади, охират кунида хар-бир эркак оиласидан сўралади. Шунинг учун барчамиз оиладаги масъулиятимизни унутмайлик. Ҳар-бир оила аъзоси оиладаги вазифасини сидқидилдан бажарса, оилалар тинч бўлади. Оилалар тинч бўлса, жамият тинч бўлади. Жамият тинч бўлгандан кейин давлат тинч бўлади.

Аёллар хам ўз ўрнида эрларига итоатли бўлмоқликлари лозим, чунки шариатимизда эрига осийлик қилган аёлларни ҳаттоки, Аллоҳ ҳам кечирмаслиги таъкидланган. Шунинг учун аёлларимиз хам эрларини ҳамиша раъйига қараб иш тутмоқликлари лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.) хадиси муборакларида шундай деганлар: “Қайси бир аёл ибодатларини вақтида адо қилса, ўз номусини сақласа, эрига хиёнат  қилмай, итоат қилса ва розилигини олса, саккизта жаннатни ҳоҳлаганига кирсин”( Имом Бухорий ривояти).

Биз имомлар  юқоридаги айтиб ўтилган салбий ҳолатларни олдини олишда қўлимиздан келганча хизмат қилишимиз зарур бўлади.  Ҳазрати пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Яхшилик қилишни, меҳр-шафқат ва меҳрибонликни оилангдан бошлагин”, деган пурҳикматли хадиси шарифларига мувофиқ оилани мустахкамлаш учун зарур бўлган барча эзгу ва савобли ишларни қилишимиз лозим бўлади. Бунда авваламбор эр-хотин қолаверса, қайнона-қайнота хамда уларнинг атрофидаги катталар оиланинг мустахкамлигига жиддий эътибор қаратиши лозим бўлади. Оиладаги унча-мунча, катта-кичик гаплар, баъзи кечирса бўладиган хатоларга кўп хам эътибор бермаслик, ундан улкан иш ясамаслик лозимдир. Шунда иншааллох, оилаларимиз тинч, фуқароларимиз бахтли, фарзандларимиз одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли бўлиб тарбияланадилар. Ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавият ўчоғи бўлмиш оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиздир.


 

        П.Бобожонов  Шовот тумани “Қорри Эшон бобо” масжиди имом-хатиби  

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *