ВАТАНИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИ- МУСТАҚИЛЛИК ИЛА ЧАМБАРЧАС БОҒЛИҚДИР.

Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини бизни яратган зот тарафидан бизга берилган инъомдир. Ҳар қандай инсон ўз ватани,юрти ва элининг озод ва обод бўлишини истайди.Ана шундай имкониятлар берилган кун санаси хар бир мамлакатда ўзгача нишонланади.Бизнинг ҳам жонажон ватанимиз мустақил бўлган кунга 29 йил тўляпди.Бу бизга ўзгача ҳурсандчилик ва ўзига ҳос ғурур беради. Ватан – бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни авайлаб-асраш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш, имон ва муҳаббат таянчидир. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир. Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди. Ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоачилик, бутун халқимизнинг онги шуурига етказиш мақсадга мувофиқдир.

Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз — эркин ва фаровон келажагимизни  ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз. “Мустақиллик” ва “ислоҳот” тушунчаларига  муштарак сўзлар сифатида қарашимиз табиий, албатта. Чунки фақат мустақил давлат ва мустақил жамиятдагина ислоҳотларни амалга ошириш мумкин. Мустақиллик ҳам, ислоҳотлар ҳам инсоннинг яхши яшаши, муносиб турмуш даражасига эришиши учун зарур шароит яратди. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

Кундан кунга юксалиб, тараққий этиб бораётган озод ва обод Ватанимизни бугун дунё танимоқда, тан олмоқда. Турли соҳаларда Ватанимиз эришаетган ютуқлар юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, халқимизнинг бунёдкорлик борасидаги меҳнатлари ва албатта, муҳтарам Юртбошимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати маҳсулидир. Айниқса, юртимимзда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади. Ёшларимиз таълим, спорт, санъат, қўйингки, барча соҳаларда эришаётган юксак марралар ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг самарасидир.

Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. 

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Юртимизда фаолият олиб бораётган масжидларнинг кўпчилиги жорий тамирланган ва қайта қурилган бўлса,яна янги масжидлар очилиб мўмин мусулмонларимиз ихтиёрига топширилди.

Ҳар бир соҳада бундай  мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Асосийси мустақил юртимизда ислоҳотлар ваҳар тамонлама ривожлиниш  тараққий этаверсин. Бизнинг вазифамиз эса шу юртнинг ободлиги учун ҳаракат қилишимиз ва ғайрат кўрсатишимиз керак.

Ш.Қўчқоров Ҳазорасп тумани “Олти Аълам бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *