ИСЛОМДА ЁТ ОҚИМЛАР

Оламларнинг роббиси Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) га ва у зотнинг оила аҳлига, асҳобларига салоту-саломлар бўлсин. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, халқимиз ватанимиз мустақиллигидан бошлаб том маънода ўз қадриятларига эга бўлди. Ҳеч кимга сир эмаски, собиқ иттифоқда дин-диёнат, исломга чек қўйилган эди. Атеизм номи билан инсонларни даҳрийликка даъват қилинар эди. Тўғри, уруш йиллари Ўрта Осиёда мусулмонлар идораси тузишга, масжидлар очилишига рухсат берилган эди. Лекин барибир жамиятда даҳрийлик мафкураси устун турарди. Бобокалонлари исломий билимларда пешқадам бўлган авлод аста-секин ғайридинлар таъсири остига тушиб, уларнинг урф-одатлари-ю, маданиятини қабул қилиб борарди. Кўп жойларда ийд намозларини бир тўда қариялар яширинча адо этарди. Расмий лавозимларда ишлайдиган кишилардан ота-оналарига жаноза ўқитмаслик, фарзандларига никоҳ ўқитмаслик талаб қилинарди. Лекин, Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан халқимиз ичида динни қўлида чўғни сақлагандек сақлаб қолган кишилар ҳам бор эди. У зотлар ўшандоқ қийин шароитда ҳам динимизни мусаффо сақлаш, инсонларни ҳидоятга бошлаш учун жон куйдирганлар.

Айниқса бу борада Ўрта Осиё Мусулмонлар Идораси ходимларининг хизматлари ташаккурга арзийди. Зоҳиран ҳар қанча ҳайбатли кўринмасин, динсизлик жамияти аста-секин емирилиб борди. Аллоҳ таолонинг неъмати сифатида халқимиз бошига мустақиллик қуёши порлади. Динимизга ҳам эркинликлар берилди. Лекин минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир сабабларга кўра дин-диёнатга ташна ватандошларимиз ичида фирқаланиш пайдо бўлди. Дин номидан иш кўрадиган, мусулмончиликни суистемол қиладиган кишилар кўзга кўринди. Бу нохушликларнинг асосий сабаби пок ва мўътадил ислом динини таълим бериш издан чиққанлиги, халқимиз ичида Ислом динини мукаммал биладиган уламоларнинг камайгани эди. Такрор бўлса ҳам айтиш мумкинки мустақилликдан сўнг Ўзбекистонимизда 10 дан ортиқ ислом билим юрти, Ислом маъҳади, Ислом Университети ташкил қилинди. Бу ислом билим юртлари халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириши ва маънавий бўшлиқни тўлдириши, ватандошларимиз, хусусан ёшларимизни ҳар хил ёт оқим, фирқалар таъсиридан сақлаши лозим.

Маълумки фирқаланиш кўпинча имон-эътиқод, яъни ақоид масалаларида бўлади. Шу сабабли ислом билим юртлари талабаларига мусаффо ва мўътадил ислом ақоидини атрофлича таълим бериш, Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг далилларини таълим бериш мақсадга мувофиқдир. Бу соҳада ёш мутахассисларимиз кўп изланишлар олиб бориши, таълимнинг қулай, самарали усулларини ишлаб чиқишлари лозимдир.

Зеро пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларидек Ислом беш нарса устига бино қилинган. Ислом биносини кўтариб турувчи биринчи устун бу: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ», деб гувоҳлик беришдир. Яъни иймондир. Аллоҳу таоло «Рум» сурасининг 30-оятида шундай дейди:

«Бас, (эй, Муҳаммад) юзингиз (ўзингиз)ни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг!. Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар» Яъни инсонлар Аллоҳнинг ҳукмларига, динига бўйсунувчи қилиб яратилгандир аслида.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай дейдилар:

«Ўз ҳолига қўйилсалар исломдан бошқа йўлни ихтиёр қилмасдилар, чунки Аллоҳнинг дини бўлган ислом ақлга тўғри жавоб берувчи, соғлом фикрга мувофиқ келувчидир. Адашган инсонлар эса, инс ва жинларнинг адаштириши билан адашдилар Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. нинг ушбу сўзлари ҳам бу маънога далолат қилади. Росулуллоҳ с.а.в. дедилар: Аллоҳ таоло айтди: «Барча бандаларимни ҳаниф, ҳақиқатга мойил қилиб яратдим. Шунда шайтонлар уларни адаштириб, динларидан буриб юбордилар ва бошқаларни шерик қилишга буюрдилар». Яна Росулуллоҳ с.а.в. айтдилар: «Ҳеч бир чақалоқ йўқки, Аллоҳнинг хилқатида туғилмаса, (яъни ҳар бир чақалоқ Аллоҳнинг ягона қонуни бўлган ислом динида туғилади) сўнгра ота-онаси уни яҳудий қилади, ё насроний қилади, ё мажусий қилади. Гуёки, бир чорпо туғилганда тўла камчиликсиз туғилганидек, унда ҳеч бир камтик, кесик жойни сезмайсизларку», дедилар.

Аслида, ислом дини доимо инсонларни тинчликка ўзаро тотувликка чорлайди. Кишилар орасида меҳр-муҳаббат, иззат-ҳурматни вужудга келишини тарғиб этади. Ислом дини то қиёматгача барча маконларда замон билан ҳамоҳанг, чин инсоний туйғуларга мос келадиган диндир. Аллоҳу таоло ўз каломи Қуръони каримда шундай маарҳамат қилади: «Эй мўъминлар, Аллоҳнинг ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи адолат билан шаҳодат-гувоҳлик берувчи бўлингиз, бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз. Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».

М.Мансуров

Боғот тумани “Казанпир бобо” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *