ҲАММА НАРСА ЎЛЧОВЛИК

Инсон ҳаётидаги ҳамма нарса ўлчовликдир, шу жумладан “вақт” яни “умр” ҳам! Инсон ҳаётининг кунлари  ўлчовликдир ёзилганидан на бир сония кўпаяди, на бир сония камаяди. Вақтнинг яна бир хусусияти агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Вақт инсон сарф қиладиган асосий дастамоясидир. У қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Оз бўлсаю баракали бўлса, у кўпдир. Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқа ва лаҳзасидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши вожибдир. Ҳазарати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) марҳамат қилиб айтадиларки: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди; умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида” – дейилади.

Ислом таълимоти ялқовлик, лоқайдлик, бепарволик каби ижтимоий иллатлардан узоқда бўлишимизга, ундан паноҳ тилашимизга амр қилади ва ҳар вақт ҳар куни эрта туришга ва хайрли амалларни қилишга, ҳамда ёшлик, сиҳҳат-саломатлик, бойлик, бўш вақт ва дунё ҳаётини ғанимат билишга чорлайди. Имом  ат-Термизий  ривоят  қилган  ушбу  хадисда Расулуллоҳ с.а.в насиҳат  килиб: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг ”. –дедилар. Буюк олим ва воъиз имом Ҳасан Басрий (р.ҳ) айтадилар: “Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёматгача сенга қайтмайман,-деб жар солади”.

Улуғ аждодларимиз кунларини, вақту соатларини фойдали иш қилишга, гўзал аҳлоқий ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарф қилишда доим огоҳ ва сергак эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг бугунлари кечагисидан, эртанги кунлари бугунгисидан аъло ва афзал бўларди. Улар: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг у сени кесади”.-деган ҳикматли сўзга  амал қилишган. Ҳукамолардан бири шундай дейди: “Ким кунини бекорга ўтказса, бир яхши амални қилмаса, инсонларга чиройли сўз ёки яхши муомала қилмаса, бир илму маърифат ҳосил қилмаса, у кунига жабр қилиб, ўзига зулм қилибди”. Доно халқимизда бир мақол бор, унда шундай дейилади: “Вақтинг кетди, бахтинг кетди” Ҳа, вақт гўё улуғ бахт кабидир, уни ғанимат билмаслик катта гуноҳдир: Кунлар, вақтлар тинмай ўтса-ю, қайтиб келмас дақиқаларимизга бепарво бўлсак, бундан панду-насиҳат олмасак, икки дунё саодатига асло мушарраф бўла олмаймиз.Улуғ пиру муршидлардан бири Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари бундай деб марҳамат қилганлар: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.

Донишмандлардан бири шундай деган экан: “Уч кунлик дунёни бир кун деб ҳисобла. Бир кун ўтиб кетди, яна бир куни келадими,  йўқми, Аллоҳ билади. Сен ҳозирги кунингни ғанимат билиб, ҳаракатдан тўхтама”. Биз учун умримиз неча кундан иборатлиги эмас, балки бугунги кунимизда, айни лаҳзаларда қандай яшай олишимиз муҳим. Бугунимизни, ҳозиримизни қандай ўтказишимиз аҳамиятли. Зеро, улуғлар айтганидек, одамзот ҳаёти тежалган вақтга қараб узаяди. Инсон ҳаётда ўз олдига маълум бир мақсадни қўйган бўлади, ана шу мақсадга эришишда вақтдан ва ўз имкониятидан ўринли фойдаланишни режага солиши айни муддаодир. Яратган Аллоҳ таолодан юртимизга тинчлик, осойишталик тилаб, Аллоҳ таоло барчамизга инсон учун берилган бебаҳо умр ва олтиндан ҳам қимматли вақтини икки дунё саодатимиз учун фойдали ва савобли ишларга сарф қилишга, умримизнинг ҳар бир дақиқаси буюк фурсат ва ғанимат эканини доимо эсда тутиб саъю-ҳаракат қилишимизда ёру-мададкор бўлсин.

М.Мадиримов 

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *