ФАРЗАНДЛАР ТАРБИЯСИ ХУСУСИДА

Ислом дини таълимоти ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси учун жуда ҳам катта эътибор беради. Бу борада Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида кўпгина бебаҳо фикр ва кўрсатмалар баён қилинган. Чунки бизнинг келажагимиз, фаровонлигимиз, гуллаб яшнашимиз- уларнинг руҳий- маънавий соғлом, адолатли, тўғри сўз ва меҳр шавқатли бўлиб тарбияланишига боғлиқ ва ана шунда келажагимиз порлоқ ва бахтли бўлади, деб умид қилсак бўлади.

Ривоят қилинишича бир ёш она ўз фарзандини олиб донишманд ҳузурига бориб: Фарзандим тарбиясини қачондан бошлашим керак, деб маслаҳат сўрабди. Донишманд: Фарзандингиз неча ёшда, деб савол қилибди. Олти ойлик бўлди, деб жавоб қилибди она. Шунда донишманд афсуски унинг тарбияси учун кечикибсан, деган экан. Демак, фарзанд тарбиясини у туғилмай туриб бошлашлик лозим экан. Унинг учун аввало, ота-онанинг ўзи тарбия топган иймонли, маънавий етук, маданиятли бўлиши керак. Иймонли одам ҳар қандай вазиятда гуноҳдан сақланиб, ҳалол, диёнатли ва виждонли бўлади. Фарзанд ҳар бир нарсада ота-онасига қарайди, уларга тақлид қилади. Уларнинг юриш-туриши, кийиниши, бир-бирига бўлган муносабатидан ибрат олади. Фарзандларимизга яхши бўл десаг-у, ўзимиз бировнинг ҳақидан қўрқмасак, атрофдагиларни алдасак, қандай қилиб улар тарбияли бўлиб ўсишлари мумкин? Фарзандларимиз яхши-ёмоннинг, гуноҳ-савобнинг фарқига борадиган комил инсон бўлиб ўсса, жамият учун манфаат келтирадиган покдомон кишилар бўлиб улғайишига умид ортади, уларни ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, қиморбозлик, кашандалик офатларидан асрашимиз керак. Бу иллатларнинг зиёни катта, улар жамиятни кемиради. Шундай экан фарзандларимизни илм-маърифатга, Ватанни севишга, ҳушёрликка, соғлом турмуш тарзига ўргатиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Муҳаммадамин Муҳаммадзариф

Урганч  тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.