СИЙРАТНИНГ СУРАТИ

         Расулуллоҳ саллолоху алайхи ва салламда барча яхши сифат ва гўзал ахлоқ жамланган эди. Шунинг боис у зот саллолоху алайхи ва саллам инсонлар учун намуна бўлишга энг ҳақли эдилар. Аллоҳ таоло пайғамбаримизни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган.

Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Аҳзоб” сураси 21-оятида бундай марҳамат қилган: “(Эй, иймон келтирганлар) сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”.

       Ҳар бир мусулмон бажараётган ишида пайғамбари саллолоху алайхи ва салламдан ибрат олиши лозим. Ибрат олиш эса у зотнинг хулқларига, сўзларига итоат қилишдир. Бу ҳақида пайғамбар саллолоху алайхи ва саллам,“Кимда ким пайғамбарга итоат этса, демак у Аллоҳга итоат этибди”, деганлар. Итоат қилишда у зотни кўриш ёки ҳамсуҳбат бўлиш шарт эмас.

       Расулуллоҳ саллолоху алайхи ва саллам ҳаётдан риҳлат қилиб саҳобалардан оз сонлилари қолган эди. Шулардан Миқдод ибни Асвад (р.а)ни олдиларига бир киши келиб, кўзларига термилиб туриб: “Қандай ҳам бахтли кўзларки, бу иккала кўз Расулуллоҳ саллолоху алайхи ва салламни кўрган, кошкийди биз ҳам сиз кўрган нарсани кўрганимизда”, деб Расулуллоҳ саллолоху алайхи ва салламни ирода қилди.

        Шунда Миқдод ибни Асвад (р.а) бу кишини гапига таажжубланиб дедилар: “Биласизми,   Расулуллоҳ саллолоху алайхи ва саллам шундай бир замонда дунёга келдиларки, жоҳилият авжига чиққан пайтда Аллоҳ таоло у зот а.с.ни Қуръон билан юборди, у пайтда ибодатнинг энг афзали буд-санамларга сиғиниш эди. Баъзи бир хонадонларда ўғил иймонга келган, аммо ота мушрик, баъзиларида эса аёл мусулмон, аммо фарзандлари мушрик ёки аксинча. Гап кўзда эмас, Аллоҳга шукр қилинг, чунки у зотни кўрмасдан туриб иймон келтириб турибсиз. Биласизми, пайғамбарни кўрган кўпгина кўзларни Аллоҳ таоло юз тубан жаҳаннамга мустаҳиқ қилди. Шунинг учун гап кўзда эмас, балки иймонда”, дедилар.

           Увайс Қароний ҳақларида ҳам Пайғамбар саллолоху алайхи ва саллам жаннатийликни башорат беришларига сабаб, у зотни кўриб иймон келтиргандан кўра, кўрмасдан туриб иймон келтириш афзал эканини билганларидан эди. Бироқ бир замонда яшаган эдилар, бориб кўришсалар бўларди, аммо кўришмасаларда у зотга муҳаббатлари чексиз эди.

          Ул зотнинг Аллох таоло тамонидан хулқларини олий қилиб қўйилиши Қуръони каримда: “(Эй, Муҳаммад саллолоху алайхи ва саллам Сиз буюк хулқ узрадирсиз”, деб таъриф берган. Жамолларини ҳам ҳуснларини ҳам чиройли қилган. Аслида ҳусн билан жамолнинг ўртасида фарқ бор. Ҳусн шундай нарсаки, инсон бир қарашда ақлини олиб ўзига ром қилишликдир. Аллох таоло Юсуф (а.с)нинг ҳуснларини киши аввал кўришда ҳайратланади, кейин унга яқин юрган сари муҳаббат ошиб, охири қараб тўймайдиган ҳолатга етиб бораверади. Пайғамбар саллолоху алайхи ва салламда ҳусн ҳам жамол ҳам мужассам эди. Кунларинг бирида Пайғамбар саллолоху алайхи ва салламнинг аёллари Юсуф (а.с) ҳақларида гаплашиб: “Юсуф (а.с) жуда ҳам чиройли бўлганларидан ҳатто маҳлиё бўлиб, аёллар тўғраётган сабзилари қолиб, қўлларини ҳам кесиб юборганларини сезмай қолган эканлар-а?”, деб айтиб ҳавасманд бўлишибди. Шунда Пайғамбар саллолоху алайхи ва саллам у мажлисдан ташқарига чиқиб Аллоҳга “Эй Роббим, юзимдаги пардани мендан кўтаргин!”, деб сўраганларида Аллоҳ таоло Пайғамбар саллолоху алайхи ва саллам юзларидаги 40 пардадан бирини кўтарди. У зот саллолоху алайхи ва саллам қайтиб ичкарига киришлари билан Хадича (р.а)нинг кўзлари тушибоқ ҳушларидан кетиб йиқилдилар, чунки Пайғамбаримиз саллолоху алайхи ва салламнинг чиройлари ақлини олиб қўйган эди. Кейин Аллоҳ яна пардани қайтариб юзларидаги чиройни тўсиб қўйди. Жамол ҳам берилган эди. Ҳар қандай одам аввал у зотга йўлиққанда ҳайбатларидан қўрқарди, кейин бўлса Пайғамбар саллолоху алайхи ва салламнинг юзларига қараб тўймайдиган бўлиб қоларди.

       Камолотлари ҳар жиҳатдан берилган эди. Илм-маърифатда, тақвода, ибодатда етук эдилар. Пайғамбар саллолоху алайхи ва саллам пурмаъно ва гўзал ҳикматлар билан хосланган эдилар. Араб лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳолисига улар лаҳжасида хитоб қилар, уларнинг тилларида сўзлар эдилар.

        У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳалимлик, чидамлилик, ўч олишга қодир бўлатуриб, кечириб юбориш, азиятга сабр қилиш сифатлари билан одоблантирган эди. Ҳар қандай ҳалим одамнинг ҳам гоҳо сабр косаси тўлиб, чидай олмай кетиш ҳоллари учраб туради. Бироқ Расулуллоҳ саллолоху алайхи ва салламга озор кучайгани сари у зотнинг сабрлари зиёда бўлиб борди, жоҳиллар жаҳолати кучайгани сари у зотнинг ҳалимликлари ошаверди.масалан Макка фатхидан кейин макка ахлига «Мен сизларни нима қилишимни айтайми” деганларида кўпчилик қатл қилади ёки бадарға қилади деган хаёлга борганлар аммо Расулуллох саллолоху алайхи ва саллам “Мен сизларни кечирдим” деганлар.

        Аллоҳ таоло барчамизни у зот саллолоху алайхи ва салламга содиқ уммат қилиб, суннатларига эргашиб, ахлоқларини ҳаётимизга татбиқ қилиб, жаннатда ўз қўлларидан кавсар сувини ичмоқлигимизни насиб этсин!

   

Х.Матяқубов

Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *