Конституция — инсон манфаатлари учун хизмат қилади

        Мустақил давлатимизнинг Бош қомуси бўлмиш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 1992 йил 8 декабрь куни Олий Кенгаш сессиясида қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган бўлиб, 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборатдир. Конституциямизнинг асосий фазилати шуки, унда инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият деб белгилаб қўйилган бўлиб, у энг аввало инсон манфаатлари учун хизмат қилади. Бу олий қадриятларни, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш қайси йўл билан таъминланади? Албатта, қонунлар билан. Конституция — давлатимизнинг асосий қонунидир.

Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди, халқимиз тафаккурининг юксак намунаси бўлиб, ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.

Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиймати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган. Конституциямизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқаролар тенг ҳуқуқли деб эълон қилинган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари ва эътиқод эркинлигини камситадиган бирорта ҳам модда йўқдир. Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлганларнинг бир заминда эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб  яшашлиги – диний бағрикенглик ҳамда ҳуқуқий тенгликнинг ёрқин намунасидир.

Бугун диний бағрикенгликни, умуман, мамлакатимизда тинчлик, барқарорликни янада мустаҳкамлашда турли конфессияларнинг тарихи, таълимоти, уларнинг жамият ривожидаги аҳамиятини ўрганиш катта назарий ва амалий аҳамиятга эга. Айнан бағрикенглик, сабр-бардошли бўлиш, келиб чиқиши мумкин бўлган кўпгина ихтилофларни бартараф этувчи омиллардан саналади.

Маълумки, Аллоҳ таоло Ислом динини, Ўзининг шариатини инсониятнинг икки дунёдаги бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилган. Ислом динининг барча таълимотлари, қонун-қоидалари бешта асосий мақсадни кўзда тутади, яъни: инсоннинг ҳаётини,  ақлини, динини, инсоннинг наслини, мол-мулкини муҳофаза қилади.
Ишонч билан айтамизки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ушбу мақсадларнинг барчасига мувофиқ, уйғун ва ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир. 

 Бугун Конституциямизнинг 28 йиллик байрамини нишонлар эканмиз,
тарих учун бир лаҳза бўлган шу қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади.
Мана шу вақт давомида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатлаб қўйилди.

Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан мусулмонларга ибодатларини эркин адо этишлари учун барча шарт шароитлар яратиб берилди. Муборак ҳаж сафарига борувчи хожилар учун катта қулайликлар яратилди, икки ҳайит кунларини дам олиш кунлари этиб белгиланиши ихлосманд халқимиз учун улкан бахт бўлди, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумлар афв этилди. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, албатта.

Шундай экан, бу муқаддас заминда яшайдиган ҳар бир инсон Конститутциямизни ҳурмат қилиши, унда белгилаб қуйилган фуқаролик бурчларини яхши англаб олиши лозим. 

Урганч шаҳар бош имом-хатиби:                                   Х.Кенжаев

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *