НОТЎҒРИ АХБОРОТЛАРДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК

Ахборот хуружлари авж олган бугунги кунда ёшларимизни интернет ва бошқа оммавий ахборот воситаларидаги аниқ манбаси кўрсатилмаган, асоссиз хабар ва маълумотларга ишониб қолишларидан ҳимоя қилиш катта муаммога айланди. Маълумки, бугунги кунда ислом мусаффолигини асраш, дин ниқоби остидаги кучларнинг хақиқий башарасини очиб ташлаб, кенг оммани, айниқса, диний тушунчаси шаклланиб улгурмаган ғўр ёшларни уларнинг таъсиридан муҳофаза этиш тобора долзарб вазифага айланиб бормоқда.
Кўплаб мамлакатларни ўз домига тортган нотинч сиёсий жараёнларнинг келиб чиқишида оммавий ахборот воситалари ёки интернетда тарқатилаётган хабарларнинг ўрни катта. Ҳозирда турли фитналарга сабаб бўлувчи шов-шувли ёки ёлғон-яшиқ маълумотларни кенг оммага эълон қилиш билан шуғулланувчи ижтимоий тармоқлар зўр бериб ёшлар онгини заҳарлашга уринмоқдалар. Ёшлар ўртасида энг оммабоп ижтимоий тармоқлар лоқайдлик, ҳаёсизлик, тубанлик тарғиботига “хизмат” қилаётгани кўпчиликни жиддий ташвишга солмоқда.
      Афсуски, ёшларимиз орасида компютер ва мобил телефонларнинг хусусиятларини яхши ўрганиб олиб бошқаларга жосуслик қиладиганлари ҳам бор. Яъни телефонда улар билан гаплашиш орқали ёки интернет орқали уларнинг компьютерини бошқаришади. Мана шундай йўллар билан ўзгаларнинг шахсий нарсаларини билиб олишни мўлжаллайдилар. Бунинг натижасида бировнинг ҳаққига хиёнат қилиб ўзларини яхши инсон деб ўйлашади. Бошқаларга азият бериб ўзларини мўжизалар ихтирочиси деб ҳисоблашади. Ўзгаларнинг ғоялари билан машҳур бўлишга интиладилар.
Яна ёшларимиз орасида электрон ўйинларга шўнғиб кетадиганлари ҳам бор. Куну тунларини компьютер ва телефондаги ўйинлар билан ўтказадилар. Ўйиндаги автомобилни жуда катта тезликда бошқариш, отишмалар, курашлар, урушлар ва қўрқинчли-даҳшатли ҳаракатлар ёшларимизга салбий таъсир қилади. Бундай ўйинлар уларнинг ғазаб, нафрат ва адоватини қўзғатиб асабий қилиб қўяди. Бу ҳам етмагандай кун бўйи ўйин ўйнаб, чарчаб, китоб ўқишга ҳеч қандай имконият қолмайди. Тўғри, эндиликда ҳаётимизни компьютер техникаларисиз, уяли телефон алоқаларисиз ва албатта, интернетсиз тасаввур этиш қийин. Аслида, тўғри фойдаланилса компьютер ҳам, интернет ҳам ваҳимали, хавфли нарса эмас. Фақат улардан тўғри, боланинг ҳар томонлама камол топиши йўлида ва яхши мақсадларда фойдаланилиши керак.

Дарҳақиқат интернет орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан зарур ахборот ва маълумотларни олиш, билим ва маърифатни оширишда унинг беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Шунга қарамай, ён-атрофимизда, узоқ-яқин минтақаларда содир бўлаётган нохуш воқеалар бизни чуқур мулоҳаза юритишга ундайди. Ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган, интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётган ғаразли кучлар ҳам бор эканлиги бизни огоҳликка чақиради.
Қайси бир ота-она фарзанди яхши инсон бўлиб улғайишини, ҳаётда ўз ўрнини топиб, уларга раҳмат олиб беришини истамайди, дейсиз. Дунёда фарзандининг истиқболини, ёрқин келажагини ўйламайдиган, орзу қилмайдиган ота-она бўлмаса керак. Кўпинча биз ана шу орзу-истакларимизни амалга оширамиз деб хатога йўл қўямиз. Фарзандларимизни тўғри тарбиялаш ўрнига уни худбин, лоқайд, ишёқмас қилиб қўямиз. Унга ҳеч кимдан кам бўлмасин деб қимматбаҳо уяли телефонлар олиб берамиз. Бўш вақтини нималарга сарфлаётгани билан эса қизиқмаймиз. Эзгуликка, покликка ва дину диёнатга чақирувчи яхши китоблар олиб беришни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Китоб мутола қилишда ўзимиз ибрат бўлмаймиз. Яхши бир оилани биламан. Шу пайтгача оиласига маҳаллада ҳамма хавас билан қараган, оиласини эса ибратли оила деб, намуна қилиб кўрсатиб келганмиз. Яқинда содир бўлган воқеа эса ота-онанинг бошини ерга эгиб, қаддини букиб қўйди. Бу воқеани эшитганда ҳеч ким ишонмади. Бу оиланинг фарзанди жиноятга қўл уриши мумкинлигини ҳеч ким на қўни-қушни, на маҳалла-кўй тасаввурига сиғдиролмади.           

Лекин ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмасди. Қотиллик сабаблари суриштирилганида, ота-она ишдалиги пайтида, ўғил уйда берилган топшириқларни имкон қадар тезроқ бажариб, қолган вақтини ваҳшийликни тарғиб қилувчи қўрқинчли, ваҳимали жангари фильмлар кўриш ҳамда компьютер ўйинлари ўйнаш билан ўтказгани маълум бўлди. Бундай фильмлар ҳамда виртуал ўйинлар эса одамларни, ҳайвонларни шафқатсизларча ўлдириш, қон тўкиш саҳналари асосига қурилгани сабабли, бундай аянчли лавҳалар киши, айниқса, ёшлар онгига жуда кучли салбий таъсир кўрсатади. Отасининг куйиниб айтишича, ўғлининг пулга муҳтожлиги бўлмаган. Пулга муҳтожлик сезмагану маънавияти эътиборсиз қолдирилган. Ҳаётда бундай воқеаларга етарлича дуч келишимиз мумкин. Халқимиз бежизга: “Кейинги пушаймон-ўзингга душман”,-деб айтмаган. Ҳар қандай вазиятда ҳам фарзандларимизни эътиборсиз, назоратсиз қолдирмаслигимиз керак.

Ф.Маткаримов

Боғот тумани “Дарвеш бобо” масжиди имом-ноиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *