БУЗҒУНЧИЛИК ИСЛОМДА ҚОРАЛАНАДИ.

Муқаддас динимиз ҳар қандай оғир шароитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишни қоралайди ва унга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкилиши кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум. Ақидапарастлар содир этаётган жиноятларини хаспўшлаб, жамоатчиликни, расмий уламоларни ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакилларини қоралаш мақсадида турли фисқу-фасодлар тарқатиб, инсон ҳуқуқлари поймол этилаяпти, виждон эркинлиги таъминланмаяпти, деган иддаоларни тарқатишмоқда. Бу туҳматлар албатта, нотўғри эканлигини аслият исботлашига қарамай, бу бўҳтонларни четдан туриб уюштираётган ва қўллаб-қувватлаётган баъзи-бир куч, учнчи қўл борлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

Шу ўринда мукаддас манбаларга мурожаат қилайлик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир[1]”. Ислом динида инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўровонлик қаттиқ қораланади. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни (тажовузкорларни) ёмон кўргай[2]”.

XX аср якуни инсоният тарихида терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, мутаассиблик каби иллатлар билан алоҳида ўрин эгаллади. Терроризмни бирор миллат ёки динга нисбат бериш, талқин этиш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. У кимнинг ва ниманинг номидан содир этилишидан қатъи назар, уни амалга оширувчи шахс жавобгар ҳисобланиб, тегишли жазога тортилиши шарт. Шу ўринда “ал-Азҳар” университети доктори Муҳаммад Абдулмунъим Абдулхолиқ “Террорчилик жиноятлари: диний ва ҳуқуқий ёндашув” деб номланган монографиясида диний экстремизм хусусида шундай фикр билдирган: “…бу гуруҳлар қотиллик, бегуноҳларнинг қонини тўкиш, уларга қарши бўлганларни менсимаслик, оёқ ости қилишни гуноҳ деб ҳисобламайдилар. Улар қоронғуга беркиниб олиб, ўзлари тарбия кўрган жамиятга ҳужум қилишга тайёрланадилар. Бунинг сабаби улар жамиятни исломдан олдинги жоҳилият даврида яшаяпти, кофирлар яратган қонунларга амал қилганликлари учун бошлиқлари ҳам, уларга эргашганлари ҳам кофир, деб нотўғри хулосага келганлигидир. Шу эътиқод уларга дунёнинг турли жойларида фитналар уюштириш, очкўзлик, кек сақлаш, сотқинлик, хиёнат, бошқаларнинг манфаатини ўйламаслик каби жиноятларни содир этиш имконини беради”. Ушбу фикрнинг тасдиғи ўлароқ, турли бузғунчилик қилиб, бегуноҳ инсонларни ўлдираётган қонхўрлар, аслида мақсади нима эканини, бу иши билан қандай азобларга дучор бўлишини ўзлари англаб етишмаяпти. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:“Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар[3]”, дейди.

Халқаро ислом ташкилотлари терроризм ва экстремизм ибораларига таъриф беришиб, Қурьони каримда зикр этилган бузғунчиликларнинг уларга мос эканлигини кўрсатишади. Ислом олами уюшмаси Ислом фиқҳи кенгашининг Макка баёнотида терроризм қуйидагича таърифланади: “Терроризм бу кишилар, жамоалар ёки давлатларнинг инсон дини, жони, онги, моли, номусига бузғунчилик билан душманлик қилишидир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият бериш, таҳдид солиш, ноҳақ ўлдириш, мол-мулкини тортиб олиш, йўлларда қўрқитиш, йўлтўсарлик қилиш, зўравонлик, таҳдиднинг барча турлари киради. Ушбу ҳаракатларнинг мақсади кишилар орасида қўрқув, таҳлика солиш, азият бериб қўрқитиш ёки ҳаётлари, эркинликлари, омонликлари, мол мулкларини хавф-хатарга қўйишдир. Шу билан бирга бунга яна атроф-муҳитга зарар етказиш, хусусий ёки оммавий мулк, юрт ва табиий бойликларни хавф-хатарга қўйиш киради. Буларнинг барчаси ер юзида фасод бўлиб, Аллоҳ Қурьони каримда мусулмонларни бу ишдан қайтариб: “Ер юзида фасод (бузғунчилик)ни истаманг. Албатта Аллоҳ фасодни ёқтирмас[4]”, деган”. Шайх Тантовий ушбу фикрга қўшимча тарзда шундай дейди: “Терроризм ва диний экстремизм инсониятнинг жони ва мулкига қасд қилишдир”.

Юқоридаги далиллардан кўриниб турибдики, ислом манбаларида зўравонлик, бузғунчиликка эмас, балки инсонпарварлик, осонлик, енгиллик яратишга аҳамият қаратилади. Ақидапарастлик, бузғунчилик бугунги кунда пайдо бўлган долзарб масала эмас, бу муаммога буюк алломалар ҳам кўп мурожаат этиб, унинг салбий оқибатларига ҳуқуқий жиҳатдан баҳо бериб келганлар.

О.Рўзметов

Боғот тумани “Толли бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *