ҚАРЗ МУОМАЛАСИ ВА ОДОБЛАРИ ТЎҒРИСИДА БИР ОЯТ ТАФСИРИ

Қарз масаласи турли сабабларга кўра бугунги кунимизнинг долзарб масалаларидан бирига айланиб қолди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Кўпчиликда осон йўл билан тезроқ ва кўпроқ бойлик орттириш истаги авж олди. Уларнинг хаёли бу мақсадга эришишнинг энг осон йўли қарз олиб, тижорат қилиш ёки бирор тадбиркорлик билан шуғулланиш, деган фикр билан банд бўлди. Одамлар «Фалон миқдорда қарз олиб, уни бир марта «айлантирсам», бунча фойда кўраман, икки марта «айлантирсам», мана бунча бўлади», қабилидаги ҳисоб-китобларни қилишга тушдилар. Ҳар ким қилмоқчи бўлган ишини яхши биладими-йўқми, ўзига, ҳозирги шароитга тўғри келадими-йўқми, барибир, натижаси албатта зўр бўлади, деган хаёл билан ҳаракат бошлайди.

Шунинг учун қарз борасидаги машмашалар ҳозирги кунимизнинг долзарб масалаларидан бўлиб қолмоқда. Энг ёмони, қарз бериш имкони бор кишилар бўлиб ўтган ҳодисалардан кейин бировга қарз беришга ботина олмай қолишди. Қарздорларнинг баъзилари қарзни тўлашга ҳаракат қилиш ўрнига турли-туман ҳийлаларни ишга солишга ўтдилар. Қолганлари эса қарзни қандай узиш ҳақида ўйлаб, хаёллари паришон бўлиб юришибди.

Мазкур муаммолар ва уларга боғлиқ ҳолатлар бўйича керакли шаръий маълумотларни алоҳида бир мавзу ҳисобланади.

Аллоҳ таоло қарз олди-берди борасида Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.

Эй, иймон келтирганлар! Маълум муддатга карз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. ушбу ояти кариманинг айтганига амал қилиб, қарз олди-берди қилганимизда ёзиб-хужжатлаштириб қўйишимиз зарурлигини англаб етамиз. Ояти кариманинг давомида мазкур ёзиб қўйиш қайси хилда бўлиши айтилади:

  Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Демак, қарз олди-бердиси ҳақидаги хужжатни қарз олувчи ҳам, қарз берувчи ҳам ёзмайди. Балки, учинчи —холис бир шаҳс адолат билан ёзади.

Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Чунки, бу иш —савобли иш. Бу иш— Аллоҳ таолонинг амрига биноан бўлаётан иш.

Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин.

Ояти карима «ҳақ зиммасига тушган киши» деганда қарз олувчини назарда тутган. Демак, ўртадаги киши келиб қарз олди-бердини ёзаётган вақтда матнни қарз олувчи айтиб туради. Аввало, қарз олаётганини эътироф қилади. Қарзнинг миқдорини, шартини ва муддатини айтади. Бу нарсаларни қарз берувчи айтиб турса, ўз фойдасига буриб юбормасин, деган эҳтиёт чораси туфайли шундай қилинади. Қарз олувчи муҳтож бўлиб тургани учун бундай қилмаслиги аниқроқ. Чунки, у муомаланинг тезроқ амалга ошишига муҳтож. Шундай бўлса ҳам, ояти карима яна бир бор уни Роббига тақво қилишга ва ҳеч нарсани камайтирмасликка даъват қилмоқда.

Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Яъни, қарз олаётган одам эси паст, молиявий ишлар тадбирини билмайдиган бўлса, заифлиги (ёши кичикдир ёки ўта кексадир, касалдир) туфайли ёки тилидаги айби, билмаслиги ва бошқа мавжуд айблар туфайли айтиб тура олмаса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Чунки, валийлар бошқа ишларда ҳам ўз қарамоқидагиларнинг масъулиятини оладилар.

 Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Молиявий олди-берди катта адамиятга эгадир, чунки бунда орага молу пул аралашади. Бундай холда биров бошқанинг ҳақини еб кетишининг йулини ҳар жиҳатдан тусиш лозим. Бунда адолатли котибга ёздириб қўйиш билан кифояланмай, яна мусулмонлардан икки эркак кишини гувоҳ қилишга ҳам амр бўлмоқда. Исломда гувоҳликка доимо адолатли кишилар ўтиши зарур. Чунки шариат ўлчовида адолатсиз бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Гувоҳларнинг эркак киши бўлишини таъкидлашнинг ҳам хикмати бор. Бу каби серташвиш хархашали ва масъулиятли ишлар одатда эркаклар зиммасига юкланади. Исломда аёл киши мол-дунё ташвишини чекишдан умуман озод этилган. Қарз олди-бердиси, ёзиб қўйиш ва ҳоказо ишлар билан муслима аёллар безовта қилинмайди. Аммо, фаразан, гувоҳликка икки эр киши топилмай қолса, унда нима булади?

Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови (аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади. Бу ерда гувохларнинг адолатли булишлари устига, яна бир муҳим шарт қўйилмоқда. Улар «ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан» бўлсин. Кейин бирор гап чиқиб қолгудек бўлса, гувоҳларга ишончим йўқ эди, гувоҳлар қарши томоннинг одами экан, каби гапларга ўрин қўймаслик учун шундай қилиш зарур.

«Икки эр киши бўлмаса, бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин» дейилган. Агар икки киши бўлсалар, бир-бирларига эслатиб, гувоҳликни адолат билан адо этадилар. Айнан мана шу эътибордан қарз олди-бердисида икки аёл гувоҳ бўлиши шарт қилинган.

Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар.

 Бу — Аллоҳнинг амри. Бунга амал қилмаган инсон гуноҳкор бўлади. Хақиқатни, адолатни химоя қилиш учун гувоҳликка ўтишлик улкан савоб ҳисобланади.

Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Яъни, қарз кичик миқдорда бўлса ҳам, катта миқдорда бўлса ҳам, вақтини аниқ қилиб, қачонгача олинганини айтиб-ёзиб қўйишни малол олманг. Кейин ёзиб қўярман, эслаб қолдим, шуни ҳам ёзиб ўтирадими, каби бахоналар беҳуда эканлиги ушбу жумладан очик-ойдин кўриниб турибди.

Шундоқ қилмоғингиз, Аллоҳнинг хузурида адолатлироқ гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Демак, қарз олди-бердисини ёзиб қўйиш жуда ҳам зарур экан. Булардан маълум бўладики, қарзни ёзиб қўйиш тўғри иш, нозик ва дақиқ иш, ишончли иш ва хотиржамликни пайдо қилувчи ишдир.

Қарз маълум муддатга олинадиган бўлса, ҳукми шундай. Аммо юриб турган савдо ишлари бўлса, ёзиш шарт эмас. Чунки ҳамма нарса аниқ мол олдида турибди, савдо тез-тез такрор бўлиб турадиган нарса, ҳар бирини ёзиш зарур бўлса, қийинлашиб кетади.

Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Ёзиб борса, ўзининг иши, лекин ёзмаса, гуноҳ эмас. Бундан чиқадики, аввал зикр қилинган нарсаларни ёзмаса, гуноҳ бўлади.

0лди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ хам зарар тортмасин. Савдо ишларига гувоҳ келтириш ҳақидаги ҳукмни уламолар «мандуб» деганлар. Сотувчи билан харидор ўртасида баъзи келишмовчиликлар пайдо бўлиб қолса, гувоҳлар ҳақни ўрнатишда ўз гувоҳликлари билан ёрдам берадилар. Оятнинг аввалидан ҳозиргача ёзувчи ва гувоҳларга вазифа юкланиб келди. Уларга ушбу хизматдан қочмаслик қайта-қайта тайинланди. Мазкур жумлада эса, ёзувчи ва гувоҳларнинг ҳақлари химоя қилиняпти. Улар ёзувчилик ва гувоҳлик қилаётганларида зарар тортмасликлари зарур. Одатда, ёзувчи ва гувоҳлар савоб умидида вақт сарфлаб, меҳнат қиладилар. Лекин кўпинча бало ва туҳматларга ҳам қоладилар. Шунинг учун, уларнинг хотирини жам қиладиган, бу савобли ишга қизиқтирадиган ваъда шу ерда келмоқда.

Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ хар бир нарсани билувчи зотдир.

Яъни, агар ёзувчи ва гувоҳга зарар келтирсангиз, фосиқлик қилган бўласиз, Аллоҳнинг амридан чиққан бўласиз.

Оятнинг сўнгида яна, Қуръони Каримнинг одати бўйича, кишининг виждонига, қалбига, асосий таъсир жойига хитоб қилинган: «Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир».

Худди бошқа ишлардаги каби бу ишларда ҳам тақво муҳим омил ҳисобланади. Тақво бўлса, Аллоҳ илм ҳам беради. У фазли улуғ зотдир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зот, Ўзи билиб иш тутади.

Демак, ҳар икки томон ўртасида кейинчалик ихтилоф ва низо чиқмаслиги учун қарзни гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ экан.

«Ояти мудояна» — қарз олди-бердиси ояти номини олган ушбу ояти карима Қуръони каримдаги энг узун оятдир. Ушбу ояти карима Қуръони карим, Ислом дини инсон ҳаётининг барча томонларини қамраб олганига ёрқин мисолдир. Бу ояти каримани ўрганган одам, бошка барча тузум ва жамиятлар ўзларининг асосий хужжатларида инсон турмушида тез-тез учраб турадиган қарз масалаига Қуръони карим қанчалик аҳамият берганини англаб етади.

Энди ислом динида садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқдир. Зеро, садақа ва эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтож ва номуҳтож кишиларга берилаверади. Аммо қарз фақат муҳтож кишиларгагина берилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

яъни: “Бирор нарсани қарзга бериш, уни садақа қилишдан кўра яхшироқдир”.

Бугунги кунда қарз олиб, уни ўз вақтида қайтариб беролмай юрганлар ҳам учраб туради. Қарз берган киши қарзини қистайвермаслиги, иложи борича имкониятлар яратиб бериб вақтини чўзиб бериши лозим. Пайғамбаримиз(сав) марҳамат қиладилар:

яъни: “Кимки камбағалнинг қарз узиш муддатини узайтириб қўйса ёки кечиб юборса, соя бўлмайдиган кунда (қиёматда) Аллоҳ таоло унга Арш остидан соя ато этади”.

Аллоҳ таоло қарздорлар қарзларини ўз вақтида адо этишларига муяссар айласин, қарз ва омонат борасидаги масъулиятни яхши биладиган омонатдор бандалардан бўлишимизга насибу рўзи айласин.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *