ИНСОН ҲАҚ-ҲУҚУҚЛАРИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ!

Маълумки, ҳар бир давлатнинг равнақи ва фаровонлиги юртда амалда бўлган қонунларнинг адолатлиги ва инсонпарварлигига, халқ томонидан ушбу кўрсатмаларга амал қилинишига боғлиқдир.

Бинобарин, Аллоҳ таоло инсон наслини улуғлади, унга беҳисоб неъматлар, яхшиликлар ато этди. Бошқа махлуқотларга бермаган фазилатларни айнан одамга хослади.

Мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари, жумладан юртимиз мусулмонлари ҳам, белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг фойдаланмоқдалар.

Эътироф этишимиз лозим бўладики, мазкур ислоҳотлар ҳуқуқимиз кафолатлангани ва эркинлигимиз тўлиқ таъминланаётганлигидан далолатдир.

Бу ютуқлармизнинг барчаси юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик демакдир.

Ислом таълимотига кўра, дин – инсон ўз хоҳиши билан эътиқод қиладиган илоҳий кўрсатмалар мажмуидир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:

яъни: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…” (Бақара сураси 256-оят).

Ислом бирор шахсни динга зўрлаб киритишга, ўз эътиқодини бошқаларнинг хоҳиш-иродасига қарши ўлароқ тиқиштиришга йўл қўймайди.

Амалдаги қонунларимизда ҳам айнан фуқароларнинг виждон эркинлиги ва бошқа диний эҳтиёжлари тўлиқ кафолатлангани, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Жамиятдаги инсонларнинг ўзаро бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини астойдил адо этиб, жорий бўлган маълум қонун-қоидаларга риоя қилиб яшашлари ижтимоий адолатнинг қарор топишида муҳим ўрин тутади. Ислом динида жамиятдаги ҳар бир кишининг ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг миллати ва эътиқодидан қатъий назар, аниқ  ва равшан белгилаб берилган.

Энг аввало, ҳар бир шахс яшаш ҳуқуқига эга эканлиги Қуръони каримнинг кўплаб оятларида баён этилган, Жумладан:

яъни: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз!” (Анъом сураси, 151-оят).

Демак, ҳеч кимса бошқа кимсанинг ҳаётига тажовуз қилиши ва унинг яшаш ҳуқуқидан ноҳақ маҳрум қилиши мумкин эмас. Дунёда содир бўлаётган воқеалар замирида турли динлар ўртасида муросасизлик, адоват ва нафратни ёйиш, шу орқали тинч юртларни беқарор маконларга айлантиришга ҳаракат қилиш мақсади ётибди. Биз эса мамлакатимизда яшайдиган барча миллат ва дин вакиллари билан бағрикенгликда ҳаёт кечирмоқлигимиз лозим бўлади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсониятни аввалда ҳур қилиб яратган. Кейинчалик инсоният турли хил омиллар сабабли қулдорлик даврини ҳам бошидан ўтказди. Ислом дини келиб, қулларни озод қилишга кенг тарғиб этди. Аксинча, ҳур одамни қулликка солишни энг оғир гуноҳлардан санади. Қуйидаги ҳадисда шу маъно ифодаланган:

яъни: “Қиёмат куни мен уч тоифа киши билан хусуматлашаман: мен билан ваъда бериб, сўнгра хиёнат қилган; ҳур кишини сотиб, пулини еган; ижарачи ёллаб, ундан тўла-тўкис фойдаланиб бўлгач, ҳаққини бермаган киши” (Имом Бухорий ривоятлари).

Шу билан бирга, таълим олиш, меҳнат қилиш, даволаниш, эътиқод қилиш, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқлари ҳам динимизда ҳамма учун бирдек кафолатлангандир. Бош қомусимизда ҳам айнан мана шу ҳуқуқлар алоҳида моддалар билан кафолатлаб қўйилган.

Динимизда, шунингдек, жамиятдаги ҳар бир кишининг зиммасида ўзи яшаб турган жамиятга нисбатан, ундаги ҳар бир шахсга нисбатан ва Ватанига нисбатан бурч ва мажбуриятлари бор эканлиги ҳам баён этилган. Қуръони каримда шундай дейилган:

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси, 39-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай дедилар:

яъни: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, молнинг нархини ёлғондан кўтарманглар, бир-бирингизга буғзу-адоват қилманглар, бир-бирингиздан юзингизни бурманглар, ҳеч бирингиз бошқанинг савдоси устига савдо қилмасин, Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди, уни таҳқирламайди. Тақво мана бу жойдадир, деб, уч марта кўкракларига ишора қилиб айтдилар. Кишининг мусулмон биродарини таҳқирлаши унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмонга мусулмоннинг қони, моли ва обрўйи ҳаромдир” (Имом Муслим ривоятлари).

Шунинг учун фарзанд тарбиясига дахлдор бўлган ота-она, оила, мактаб, жамият, барча тарбиячи мураббийлар ва хусусан дин ходимлари зиммасига катта масъулият ва мажбурият юклайди. Сабаби, ёшларимиз онги ва қалбига ҳар томондан қилинаётган бузғунчи мафкуравий хуружлар авж олган ҳозирги пайтда уларни фақат юксак ахлоқ ва гўзал одобгина маънавий ҳалокатдан қутқара олади. Шунинг учун бу ишга масъул бўлган ҳар бир киши фарзанд тарбиясига ўта эътибор ва аҳамият билан ёндошиши, бу йўлда бефарқлик ва лоқайдлик каби иллатлардан четланиши лозим.                                                                                                      Юқоридаги оят ва ҳадисларнинг мазмунидан маълум бўладики, кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар – халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир.

Х.Аҳмедов

  Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *