АҚИҚАДА ҲИКМАТ КЎП

 Аллоҳ таоло инсонни фарзанд кўрганда хурсанд бўладиган табиат ила яратган. Инсон ушбу неъматни берувчи Аллоҳ таолога шукр қилиши керак. Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ворид бўлган асарда келишича, фарзанд кўрган кишига қуйидаги табрик сўзи айтилади:

“Аллоҳ сенга ҳиба қилинганни муборак қилсин, Берувчига шукр қилдинг, уни камолот ёшига етказсин ва сени унинг яхшилиги ила ризқлантирсин”. Ақиқа Аллоҳ таолога шукр қилишнинг ва Унга қурбат ҳосил қилишнинг бир туридир.

 Туғилган қиз ёки ўғил неъмати учун еттинчи кунида Аллоҳ таолога шукр сифатида сўйиладиган жонлиққа ақиқа дейилади. Самура розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир ғулом ақийқаси гаровидир. Унинг учун еттинчи куни сўйилади, сочи олинади ва исм қўйилади», дедилар”.

 Албатта, ақиқанинг ҳикматлари ва фойдалари кўпдир. Валийюллоҳ Деҳлавий айтади: “Ақиқада кўплаб манфаатлар бўлиб, булар миллий, маданий ва шахсий манфаатлар сифатида намоён бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ақиқани шариатда қолдирдилар, ўзлари унга амал қилдилар ва одамларни унга тарғиб этдилар. Ушбу манфаатлардан бири, боланинг насабини лутф билан кўпчиликка билдириб қўйилишидир. Зеро, бола катта бўлганда унинг насаби тўғрисида ҳар хил ёқимсиз гаплар тарқалиши мумкин. Ақиқаси қилинган болада бундай ноқулайлик содир бўлмайди. Чунки ақиқа жараёнида кимнинг фарзанд кўрганлиги танишлар орасида маълум бўлади.

Ақиқада саҳийлик намоён бўлади, бахилликдан юз ўгирилади. Насронийларда фарзанд туғилса, болани сариқ сув билан бўяшарди ва уни “Маъмудия” деб номлашарди. Кейин: “Бола шу билан насронийга айланади”, дейишарди. Аллоҳ таоло ушбу исмнинг шаклида оят нозил қилди: “Аллоҳнинг бўёғини (лозим тутинг). Аллоҳнинг бўёғидан чиройлироқ бўёқ бергувчи ким бор?! Ва биз Унга ибодат қилувчилармиз”. (Бақара‑137).

Фарзандга ақиқа қилиш билан унинг ҳаниф динга тобеъ эканлигини, Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар миллатига эргашганлигини кўрсатилади. Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз фарзандларини қурбонлик учун олиб борганлари, сўнг Аллоҳ таоло у зотга қурбонлик учун қўй жўнатганлиги воқеаси машҳурдир. Гўдак учун қўй сўйиш шундай улуғ инсонларга эргашишдир. Соч олиш, қурбонлик қилиш ҳам ҳаж амалларидан ҳисобланади. Ақиқада ҳам бу икки амал мавжуд бўлиб, киши гўё бу амаллар билан ҳаниф миллатнинг амалига эргашаётганини кўрсатади.

Ақиқада фарзанд неъмати учун Аллоҳ таолога шукр қилиш намоён бўлади. Зеро фарзанд улуғ неъматлардан биридир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир…”. (Каҳф46).

Ақиқада туғилган болани балолардан қутилтириш ва унинг фидясини бериш бордир. Туғилган фарзанд учун сўйиладиган жонлиқ қурбонлик ва ҳадий каби диёнат юзасидан сўйилиши лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким боласи учун жонлиқ сўймоқчи бўлса, қилаверсин”, дедилар. У зот фарзанд учун сўйиладиган ҳайвонни қурбонлик деб атадилар. Ақиқанинг шариатда жорий бўлиши боланинг чиройли тарзда униб улғайишига, келажак ҳаётида шайтоннинг зараридан омонда бўлишига сабаб бўлади. Гўдакнинг ҳар бир аъзоси учун сўйилган қўйнинг ҳар бир аъзоси фидо этилган ҳисобланади.

Ақиқа маросимида ҳар бир инсон фарзанд кўрганлигини ва унга маълум исмни қўйганлигини эълон қилади. Бу эса қўни‑қўшни, дўст‑биродарлар орасида тарқалади. Улар табриклаш учун келишади. Ақиқадан ризқланишади. Натижада мусулмонлар орасидаги дўстлик ва биродарлик мустаҳкамланади.

Ақиқа қилиш орқали жамиятда ижтимоий фаолиятнинг намунаси кўринади. Ақиқа қилган киши бир жонлиқни сўйиб, бева‑бечораларга, қўни‑қўшниларга ҳамда ўзининг яқинларига тарқатади ёки дастурхон ёзиб уларни чақиради. Кўпчиликнинг хурсандчилик сабабидан бир жойга йиғилиши жамиятдаги бирдамликни қувватлантиради.

 

Собиров Маҳмуджон

Урганч тумани “Ғойиб ота” масжиди имом-хатиби

Имом Фахриддин ар Розий ИУМБЮ мударриси

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.