ҲАДИС ТЎПЛАМЛАРИ: САҲИҲ, СУНАН ВА СУЛОСИЁТ

VII асрдан бошлаб ислом дини турли минтақаларга ёйилиб, мазкур ўлкалар халқларида ислом илмлари ва шаръий аҳкомларни билиш ҳамда улар воситасида Қуръони карим маъноларини тушунишга эҳтиёж кучайди. Шу сабабли ислом илмларидан бири — ҳадис илмини ўрганиш, яъни уни айтувчиларни излаб топиш, аниқлаш мақсадида турли сафарлар кўпайди. Вақт ўтиши билан ҳадис илмини ўрганувчилар ҳадис ривоят қилувчи кишиларни аниқ билиш, санадини текшириш, улар ўртасидаги тафовутларни аниқлаб, тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш, ҳадис матнини тўлиқ ўрганиш каби қатор масалаларни таҳлил қилиш кучайди ва пировард натижада «улум ал-ҳадис”яъни “ҳадис илмлари” пайдо бўлди.
IX аср мавжуд ҳадис тўпламларни қайта ишланган ҳолда уларни турли мавзулардаги боблар бўйича тасниф қилинган, яъни мусаннифлар ёзиш даври бўлди. Бу эса ҳадислардан фойдаланишда анча қулайлик туғдирди. Ислом оламида шундай мусаннафлардан олтитаси алоҳида эътиборга молик саналади Энг катта обрўга эга бўлган саҳиҳ ҳадислар тўпламлари Имом ал-Бухорий ва Имом Муслим, “икки шайх” (аш-шайхани)нинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” тўпламларидир. “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” китоблари ўз ичига биографик маълумотлар, Қуръон оятларига тафсирлар, диний қонун-қоидалар, ижтимоий ва шахсий ахлоқ мезонларини ҳам қамраб олган. Уларнинг ишончлилик даражаси бошқа тўпламлардан кўра анча юқори ҳисобланган. Ушбу асарлар яратилган даврга қадар саҳиҳ сўзи фақат иснодларнинг энг ишончли даражасини сифатлашдагина ишлатилган бўлса, кейинчалик бу ибора ҳадис тўпламларига нисбатан қўлланила бошланди. Кейинги даврларда олимлар икки шайхнинг ривоятлари энг ишончли бўлганлиги боис, ҳадисни ривоят қилганларида унинг саҳиҳлигини ифодалаш учун «Бухорий ривояти», «Муслим ривояти», «Муттафақун алайҳи» ибораларини қўллаганлар. Ҳар икки асар деярли бир хил ҳажмда бўлиб, Имом ал-Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида 7275 та ҳадисни (такрорсиз 4000 ҳадис) 97 боб (китоб)да келтирса, Муслим 4000 ҳадисни 54 боб (китоб)да келтирган. Икки асарнинг фарқли томонлари билан бирга умумий, ўхшаш жиҳатлари мавжуд. Имом ал-Бухорий Имом Муслим ривоят қилмаган 434 ровийдан ҳадис ривоят қилган бўлса, Имом Муслим Имом ал-Бухорийда учрамаган 625 ровийдан ҳадислар ривоят қилган. Уларнинг мақсади барча ҳадисларни эмас, балки фақат Саҳиҳ. ҳадисларни жамлашдан иборат бўлган. Улардан кейин ҳам ҳадислар бўйича бу борада кўпгина ишлар амалга оширилган.
Ҳадислар тўпламларини таснифлашнинг яна бир усули — “Сунан” дир. Бундай асарларда нафақат саҳиҳ ҳадислар, балки заиф ҳадислар ҳам келтирилади. Муҳаддислар “Сунан”ларда ҳар бир ҳадиснинг даражаларини кўрсатибгина қолмай, балки уларни фиқҳ мавзулари бўйича бобларга ажратадилар. Ҳадислар деярли бирор фиқҳий мазҳаб ёки фикр аралаштирилмаган ҳолда бобларга бўлиб жойлаштирилган бўлади. Мисол учун, “Таҳорат китоби”га таҳоратга тегишли ҳадислар жамланган. “Китоб ус-салот”да эса намозга тегишли ҳадислар келтирилади ва ҳоказо. Бу йўналишда Абу Довуд Сулаймон ибн Довуд ат-Тайолисий (ваф. 819 й.) “Сунан” ёзишни бошлаб берган. Ул зот Хуросон ҳофизларидан ҳадис ривоят қилган бўлиб, Басрада вафотэтган. Асарда 281 ровийдан 2767 та ҳадис ривоят қилинган бўлиб, муаллифи Абу Довуд иснодларни чуқур тадқиқ қилиб ҳадис ўрганган ровий – Шуъбадан ривоят қилинган ҳадислар билимдони сифатида танилган. Ушбу асар кейинги даврлар мобайнида асосан ҳадисларни қиёсий таҳлил қилишда катта аҳамият касб этди.
Абу Довуд, Имом ад-Доримий ва ал-Бухорийларнинг шогирди Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий ҳам ўзининг “Сунан”ига халифаликнинг турли ҳуқуқий мактаблари вакиллари ўртасидаги баҳс-мунозараларда кенг фойдаланилган ҳадисларни жамлаган. У ҳадис иснодларини танқидий ўрганиб, уларни қуйидагича таснифлайди: саҳиҳ; ҳасан; саҳиҳ ҳасан; ҳасан саҳиҳ; ғариб; заиф; мункар ва х.к.
Ахмад ибн Шуайб ан-Насоий (830-915) эса “Сунан” асарида исноддаги ровийлар ҳақидаги маълумотлар билан ҳадисларнинг турли матнларига эътибор берди. Баъзи ўринларда ҳадис ровийлари ва матнларига ўз баҳосини бериб ўтиши, турли қарашларга эга бўлган ҳадисларни ўзаро таққослаб кўрсата олганлиги унинг асарининг илмий қийматини оширади.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Можа ал-Қазвиний (824-886)нинг “Сунан”и эса олтилик таркибига кейинрок киритилган. Чунки унда ишончли бўлмаган, бировларнинг исмларини ўзлаштирган ровийларнинг ҳам ҳадислари жамланган бўлиб, лекин уларнинг баъзилари кейинги даврларда ўзини ишончлилигига эришди. Ушбу тўрт китоб Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”ларига қўшилиб, “Олти саҳиҳ” ни ташкил этган.
Бу муҳаддислар қаторида Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Доримий ас-Самарқандийни (798-869) ҳам айтиб ўтиш лозим. У Имом Бухорийнинг устозларидан бири бўлиб, “Сунан” асарини Сомонийлардан Самарканд амири Аҳмад ибн Яҳё ибн Асад даврида ёзиб тугатди. Баъзи олимлар Имом ад-Доримийнинг “Сунан”ини “Сиҳоҳ ситта” китоблари жумласига киритиш фикрида бўлганлар. Уни «Олти саҳиҳнинг муаллифлари қаторига биринчи бўлиб ал-Фадл ибн Тоҳир ва Ибн Ҳажар ал-Асқалонийлар қўшишган эди. Улардан кейин ислом оламининг бошқа олимлари ҳам шундай йўл тутдилар. Уларнинг фикрлари “Сиҳоҳ ситта”нинг олтинчи ўрнини Молик ибн Анаснинг “Ал-Муватто”си, Ибн Можа ва Имом ад-Доримийнинг “Сунан” асарлари ўртасида бўлинар эди. Ал-Муғултойи “Сунан ад- Доримий”ни “ас-Саҳиҳ”лар синфигақўшган. У Имом ад-Доримийни Ибн Можанинг ўрнига олтинчи муаллиф деб билиш таклифини киритган. Лекин Имом ад-Доримийнинг “Сунан” асари олимлар томонидан юқоридаги олти саҳиҳ китоблар, шунингдек, Молик ибн Анаснинг “ал-Муватто”, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”и билан бир қаторда — «Кутуб тисъа” ёки “Сиҳоҳ тисъа” ишончли тўплам сифатида тан олинган.
Ушбу тўпламлардан ташқари муҳаддислар томонидан яна бир услубда ёзилган асарлар тури ҳам юзага келди-ки, у фақат шу асрга хос ва мос бўлган. Бу турдаги асарлар “Сулосиёт” номи билан аталган. “Сулосиёт” ларда ўз номидан келиб чиқиб, фақат уч ровийлар томонидан ривоят қилинган ҳадислар жамланган. Бунда асар муаллифи ҳамда Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртасидаги ровийларнинг сони уч кишидан иборат бўлган. Манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, бу услубдаги асарларни Имом ад-Доримий, Имом ал-Бухорий, Шайх Абу Исҳоқ, Абд ибн Ҳумайд, Имом ат-Термизий каби муҳаддислар таълиф этганлар. Ҳожи Халифа Имом ад-Доримийнинг “Сулосиййот”ида 15 та, Имом ал-Бухорийникида 22 та ҳадис ривоят қилинганлиги, ушбу ҳадислар муҳаддисларнинг ишончли ҳадислар тўпламлари ичига киритилганлигини қайд этади. Уламолар ушбу асарларни ўрганиб чиқиб, улар орасида жамланган ҳадисларнинг ровийлари занжири — “олий иснод” сифатида эътироф этилган Имом ад-Доримийнинг асарини “энг сараси” деб топганлар.
Умуман, мухаддис имомлар ҳар бир ҳадисни, мазкур асарларга агар у ҳаёт бўлса айнан ўз ровийсидан эшитиб, исноднинг иложи борича қисқа бўлишига интилганлар. Натижада бу асарлар, ўз даврининг энг мукаммал ва ишончли ҳадис тўпламларидан саналган.

СОБИРОВ МАҲМУДЖОН
Урганч шахар “Имом Фахриддин ар Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *