ОНА ЮРТ ҚАДРИ

Одатда лоқайднинг калласини, тарозунинг палласига қиёслашади. У ким нима деса ишонаверади, ўз фикрига эга эмас. Бундай одам ёмон ниятли душманга жуда қўл келади. Лоқайд одамга дўстнинг ҳам, душманнинг ҳам аҳамияти йўқ. Бугунги ўта мураккаб ва таҳликали даврда лақмалик ҳам, лоқайдлик ҳам, жамиятдаги тинч осуда ҳаётга, хавфсизликка зарар етказади. Ақл бўй билан эмас ўй билан ўлчанганидек, ҳар бир инсон ақл билан идрок этиб, ҳаётда ҳушёр бўлган тақдирдагина бугунги тинчликнинг қадрига етади. Мустақиллик йилларида тадбиркорлик ва хусусий бизнесга катта эътибор қаратилиб ёшларни иш билан таъминлашга қаратилга бир қанча эркинликлар қонунлар билан белгилаб берилган. Жумладан, оилавий бизнесни ташкил қилиш тўғрисидаги қонун уйда ўтирган аёлларни ҳам иш билан таъминлашга имкониятлар яратиб бермоқда. Бунинг натижасида ишлаб чиқаришлар ривожланмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат ички бозорларни тўлдириб, балки, ташқи бозорларга экспорт қилиниб, мамлакатимизнинг иқтисодини кундан-кунга ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шундай бир ҳолатда бу ерда топиб юрганига қаноат қилмасдан ўзга ерларни орзу қилиб, хорижга кетиб, турли қийинчиликларга гирифтор бўлиб юрганларнинг сони анча. Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”, деб марҳамат қилган. Агар инсон ўз юртида ишласа ҳам Аллоҳ таоло шу ризқни беради.

Баъзи ҳайвонлар асл Ватанидан бошқа жойга кўчирилса нобуд бўлиб қолади. Кўряпсизми, ҳамма ҳазрати инсондан тортиб майда ҳашаротларгача ўз Ватанини севадилар. Уни инсон фитратига Аллоҳ солиб қўйди. Бўлмаса ҳарорати олтмишга етадиган иссиқ жойларда ёки ҳарорат нолдан паст бўлган шимолий қутбларда ёхуд ўрмонларда, ҳар кун ҳаёт учун хавфли ерларда уларни яшашга нима мажбур қилади?! Уларни бунга ундаган нарса фақатгина Ватанларига бўлган муҳаббатдир. Бизнинг жонажон Ўзбекистонимизда ҳам барча имкониятлар эшиги очиқ. Ишлаб пул топаман деган ҳамюртларимиз, бемалол ишлашмоқда. Энг асосийси юртимиздаги тинчлик ва осудаликдир. Тинчлик бўлмаган жойда на роҳат на ором ва меҳнат қилиб, рўзғор юритиб бўлади. Шунга қарамасдан бу дунёда Баъзан одам бойлик илинжида энг яқин одамларидан, туғишганларидан ҳам кечиб юборади, бой яшаш учун кимгадир туҳмат ҳам қилади, ҳатто тил заҳри билан озор етказади, хуллас, ўз нафсидан бўлак ҳаммага ва ҳамма нарсага зулм қила олади. Минг доллар маош берар экан деса, минглаб километр йўл босиб бориб, кучини ўз ихтиёри билан етти ёт бегоналарга сотади. Умрини, қувватини бекорчи хаваслар учун, қизини ҳеч кимдан “кам” қилмай узатишни “ният” қилган ёки қизи келин бўлиб борган жойида тили “қисқа бўлмасин” қабилидаги ўйлар билан, чет элларга ишлашга ошиқаётганлар, аввало, “Бирор касб эгасими ўзи?”, бир ўйлаб кўришлари лозиммасмикан? Аксарият ҳолларда бундай кишилар ўз тақдирларини хорижга чиқиб, қисқа фурсат мобайнида “бойлик” орттириш, юртдан йироқда бўлса-да, ҳар қандай йўллар билан пул топиш каби ҳавойи ишларга боғлаб кўрмоқдалар. Ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан ёки бирор бир мутахаассисликни яхши ўзлаштирмасдан гўёки хорижда осон пул топиш мумкин, деган ақийда айниқса ёшлар орасида кўп тарқалаётганини кўриш мумкин. Кези келганда шуни айтиш лозимки, хорижга ишлашга чиқиш кишилардан маълум даражада тайёргарликни, бу борада жиддий ёндашувни ҳамда мусофирчиликда бўладиган қийинчиликларни енгиб ўтишни талаб этади.

Афсуски, бу борада айрим кишилар оқибатини ўйламасдан қилган ишлари, ёшларимизнинг шошма-шошарлик билан чет элга чиқиш, турмушдаги барча муаммоларни ҳал этишда нажот бўлади қабилидаги фикр-ҳаёллари аксарият кишиларнинг хорижга бориб ишлаш масаласига енгил-елпи қараётганидан далолат беради. Маълумки, баъзи ота-оналарнинг фарзандларини ёки ёш оилалар яқинларини ўйламай-нетмай хорижга ишлашга юбориб, охир-оқибатда хижолат бўлиб қолганларига ўзингиз ҳам кўп гувоҳ бўлгансиз. Бу борада, айниқса, ёшларимиз учун чет элда ишлашга боришдан олдин, бу масалага ҳар томонлама ўйлаб ёндашиш, биринчи галда, бирор касбни эгаллаш ва унинг сир-асрорларини ўрганиш, билимларини юртимиздаги корхоналарда иш фаолиятлари давомида синаб кўриш ҳамда маҳоратларини ошириш устида кўпроқ ишлашга ҳаракат қилиб, етарли тажриба орттирган ҳолда меҳнатда тобланишларини тавсия қилган бўлардик. Бойликка эга бўлмоқ, албатта яхши, фақат бойликка эга бўла туриб ундан оқилона, адолатли фойдаланиш ундан ҳам яхши. Чунки, ҳаётий қонунинимиз фақат адолатдадир. Англаганимиз шуки, инсон энг аввало ўзига адолат қилмоғи керак.

  Кўпчилик четга чиқиб пул топиб келишлари масалани фақат бир томонини, яъни моддий томонини ҳисобга олишмоқда холос. Лекин улар энг зарарли, маънавий-тарбиявий томонига эътибор бермаяптилар. Бу эса уларнинг оиласига салбий ҳолатларни олиб келишига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Бугун айниқса, вояга етмаган ёшлар одобсиз, аҳлоқсиз, тарбиясиз бўлиб вояга етмоқдалар. Чунки бундай ёшларнинг ота-онаси ҳам ўзга юртларда пул топиш илинжида бўлиб, фарзанд тарбияси, илм олиши, касб-ҳунарли бўлиши ҳақида ўйламаяптилар. Мана шу масалани ҳаммамиз яхши англаб олишимиз керак. Чунки бизнинг ризқимиз минг ҳаракат қилмайлик, тақдирда белгиланганидан ортиб ёки камайиб қолмайди. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ватанингизни севинг, уни ардоқланг. Ватан олдидаги бурч ва мажбуриятларингизни чин дилдан адо этинг. Зеро Ватан барчамизники.

О.Рўзметов

Боғот тумани “Толли бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *