ОИЛА МУҚАДДАС ДАРГОҲ.

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг жуфти билан яратган. Аллоҳни ўзи бирдир, ҳар бир инсон аҳлоқ одоби оиладан ўзлаштиради. Ёшларни баркамол руҳда шакллантириш, уларни ҳаётга тайёрлаш ва эзгуликка йўналтириш оиланинг муқаддас вазифасидир. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла тинч бўлади, маҳалла тинч экан юртимиз гуллаб яшнайверади, оилада ҳалоллик, покизалик бўлса, жамият мустаҳкам, турмуш янада фаровон бўлиб бораверади.

Никоҳ бу ислом динида энг муқаддас тушунчалардан бири ҳисобланади, чунки никоҳ орқали бошқа-бошқа хонадонда, ўзга шароитларда вояга етган икки ёш бир оила бўлиб яшай бошлайдилар. Пайғамбаримиз (САВ) марҳамат қиладилар:: “Эй ёшлар жамоаси, Сиздан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин, албатта у кўзни тўсувчи ва фаҳшни сақловчидир. Кимки қодир бўлмаса, рўза тутсин, бу унинг учун (ҳаромдан) сақланишдир.

Ҳурматли азизлар, миллий қадриятимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Буюк саҳоба Анис ибн Молик (РА): “Пайғамбаримиз (САВ) янги ёш келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюрар эди” деганлар.

Азизлар, шундай ҳолатлар ҳам учраб турадики, билиб билмай, арзимаган оилавий можаролар сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар. “Талоқ” сўзи ишлатилган никоҳ бузилади. Аслида талоқ энг оҳирги чора-сифатида жорий қилинган бўлиб, Аллоҳ хуш келмаслиги ҳадиси шарифларда ворид бўлган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (САВ) марҳамат қиладилар: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ учун энг нохуш нарса талоқдир” (Имом Абу Довуддан). Баъзи инсонлар ўзлари ва оилаларига бахтсизлик ва мушкулот  йўлини тутиб, шариат ҳукмларига тўри келмайдиган “талоқ” сўзини кўп бўрттириб қўллаш ҳолатлари авж олмоқда. Аслида бу улкан маъсият ва ҳадан ошишдир. Талоқни эрмак қилиш, бўлар бўлмас сабаблар билан аёлни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликка сабаб бўлишини унутмаслигимиз керак. Ҳозирги кунда шариатдан бехабар баъзи эркакларнинг аёллари билан муносабатлари бузилса, мен энди аёлим билан яшамайман, уни нафақа билан таъминламайман, талоғини ҳам бермайман дейдиганлари ҳам бор. Бунда аёл на оилали бўлмайди, на эридан ажрала олмай йиллаб аросатда қолиб кетмоқда. Бундай иш қилиш динимизда ам шариатимизда зид амал ҳисобланади, бу борада Пайғамбаримиз (САВ) марҳамат қиладилар: “Мўмин эр, мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимиз оилаларимизни тинч қилсин, барчаларимизга чиройли ҳаёт кечиришлигимизни насиб қилсин.

С.Сапаев

Хива тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *