АҲЛИ СУННА ВАЛ-ЖАМОА КИМЛАР ВА УЛАРГА ЭРГАШИШ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ўз умматларини тез фурсатда 73 хил ақидавий оқимларга бўлиниб кетиши ва уларнинг ҳаммаси охири жаҳаннамий бўлиб атиги бир донасигина нажот топувчи жамоа эканини айтиб ўтганлар. Расулуллоҳ айтганидиек, бугунги кунда Ислом уммати ҳақиқатан кўплаб фирқаларга ажралиб кетди. Уларнинг ҳаммаси ўзларини ҳадисда башорат этилган нажот топувчи жамоа эканини даъво қилади. Ваҳҳобий-салафийлар, шиалар, ҳатто кечагина пайдо бўлган хизбчилар ҳам биз тўғри йўлдамиз деб таъкидлашади. Хўш, улардан қайси бири суннат аҳли ҳисобланади?

Бу ҳақда шофеъий мазҳабининг йирик олимларидан Имом Тожуддин Субкий шундай дейди: Билиб қўйинг! Аҳли сунна вал-жамоа вакилларининг барчаси ҳукми вожиб, жоиз ва маҳол бўлган муҳим ақидавий масалаларда бир хил эътиқод қилади! Гарчи уларнинг ифода услублари яъни, этиқодларини баён қилиб бериш услублари хилма-хил бўлсада ҳаммасининг мақсади бир хилдир!

Аҳли сунна вал-жамоа лафзий ихтилофларидан келиб чиқиб уч тоифага бўлинади:

1-) Аҳли ҳадислар. Буларнинг эътиқодда бирламчи сунячиқлари самъий далиллар яъни, китоб, суннат ва ижмоъдир.

2-) Аҳли назарлар. Улар ашъарий ва ҳанафийлар (мотуридийлар)дир. Ашъарийларнинг шайхи Имом Абулҳасан ал-Ашъарий, мотуридийларнинг шайхи эса имом Абу Мансур ал-Мотуридийдир. Самъий далилларда ечими топилмаган барча ақидавий масалаларда бу икки имомнинг фикри бир хил бўлган. Шунингдек, самъий далиллар асосида исбот этилган ва мантиқан мақбул эътиқодий масалаларда ҳам иттифоқ қилганлар. Бу икки имом таълимотида айрим лафзий ихтилофларни эътиборга олинмаса буларнинг ақидавий асослари умуий жиҳатдан бир хил бўлган.

3-) Аҳли виждон, аҳли кашфлар. Улар тасаввуфий жамоалар бўлиб, уларнинг бошланғич эътиқодий негизлари аҳли назар ва аҳли ҳадисларнинг асослари бўлса, кейинги ҳолларида илҳом ва кашфларга ҳам суяниб эътиқод қиладилар.

Сўфийларнинг илҳом ва кашф асосида чиқарган фатволари шариатга зид бўлса, масалан шаръий таклифларни соқит бўлиши, ё ваҳдатул-вужуд каби ботил ақидалар каби, улар аҳли суннадан, балки аҳли исломдан ҳам ҳисобланмайдилар.

Яна Имом Муртазо Забидий айтади: Аҳли сунна вал-жамоа деганда тўрт тоифа тушунилади, улар аҳли ҳадислар, сўфийлар, ашъарийлар ва Мотуридийлардир!.

Аҳли Ҳадис деганда фиқҳий Ҳанбалий мазҳаби вакиллари, ашъарийлар деганда асосан шофеъийлар ва қисман моликийлар. Мотуридий деганда асосан Ҳанафийлар ва қисман моликий ва ҳанбалийлар тушунилади. Аҳли виждон деганда ҳақ йўлдаги мўътадил тариқатчилар тушунилади.

М.Хабибуллаев

Гурлан тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *