ДИНИМИЗДА СИЛАИ РАҲМ

Ислом динимизда қариндошлар орасини яхшилик ва меҳр билан боғлашга тарғиб қилади. Нафақат тарғиб қилади балки бу ишга буюриб ибодат даражаига чиқарган.
Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир” (Бақара сураси 215-оят).
Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг оғир гуноҳлардан ва ёмон феъллардан ҳисобланиб, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб баҳоланади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир”(Имом Бухорий ривояти).
Демак, бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалар яқин бўлаверади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳива салламнинг шундай деганларини эшитганман: “Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин!” (Имом Бухорий ривояти).
Қуйидаги ҳадиси шарифда сийлаи раҳм қилиш иймондан эканлиги ва иймон далолати эса сийлаи раҳм билан бўлишини айтилади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
бугунги кунда тирикчилик, нафақайи рўзғор илинжида чет элларда йиллар давомида қолиб кетиб, ота-она ва фарзандларининг ҳолидан хабар олмай, ҳатто бутунлай алоқани узуб юборган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Сийлаи раҳм энг аввало кишининг ўз оила аъзоларидан бошланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини силаи раҳмга чақириб, ўз яқинларидан алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қариндошлик алоқасини узиш ва зулмдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ”, деганлар” (Абу Довуд, Термизий ва ибн Можа ривоят қилган). Қариндошлик алоқаларини узиш ҳаттоки инсоннинг жаннатга киришига тўсиқ бўлиб уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштирар экан.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бошқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Силаи раҳм қилмаган одам жаннатга кирмайди”, деганлар. Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир. Буларнинг ичида энг муҳими қон ва насаб қариндошлигидир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузғунчилик ёвуз ишлар ва зулумдан қайтаради. Эслатма олурсиз деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур!.” ( нахл 90-оят) Инсон қариндошлари билан зиёрат қилиш ва ҳадялар бериш ила борди –келди қилиб туриши вожиб. Агар ҳадия беришга қодир бўлмаса, зиёрат қилиши, ишларига кўмаклашиб, ҳолидан хабар олиши лозим бўлади, буни ҳам иложи бўлмаса сўзлашув орқали боғланиб туриши керак. Ҳуллас мўминман деган киши қариндошлар билан алоқаларини яҳшилаши лозим.

Б.Абдуллаев

  Ҳазорасп тумани “Шайх Хусайин бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *