ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАСИГА РИОЯ ҚИЛИШ МУСУЛМОННИНГ ГЎЗАЛ ОДОБЛАРИДАН БИРИДИР

            Йўл жамият аъзоларининг бир-бирлари билан боғланишлари, муносабат ўрнатишлари, мунтазам алоқаларни жорий этишлари воситасидир. Кишилар йўллар орқали уйдан уйга, маҳалладан маҳаллага, бир юртдан иккинчисига бориб-келишади. Инсонлар йўллар воситасида ҳаётлари учун керак бўлган юкларини ташийдилар. Ибтидоий жамият давридан бошлаб, ҳозиргача йўллар ижтимоий-иқтисодий ҳаётда муҳим ўрин эгаллаб келган.

   Аллоҳ таоло Зухруф сурасида шундай марҳамат қилади: «У сизга ерни бешик қилиб берган ва шоядки, ҳидоят топсангиз, деб сизга унда йўллар қилиб қўйган Зотдир». (10 оят). Нуҳ сурасида ҳам худди шу маъно таъкидланган: «Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди, унда сиз кенг йўллардан юришингиз учун». (19-20 оят). Аллоҳ таоло Ўз каломида ушбу неъматдан унумли фойдаланишга, йўл юриб, сайр қилишга тарғиб ҳам қилган: «У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, анинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг. Тирилиш ҳам Унинг саридир». (Мулк:15-оят). «Ер юзида сайр қилинг, сўнг¬ра ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг», деб айт». (Анъом: 11 оят).

Ҳаётнинг барча соҳасида тараққиёт, осонлик, кулайлик учун иўллар ўта зарур омилга айланиб қолди. Шунинг учун ҳам Исломда йўллар масаласига ўзига яраша алоҳида эътибор қаратилган. Йўлга ва йўл хизматларига оид ўзига хос қонун-қоидалар, одоб-ахлоқлар жорий қилинган. Йўл қоидаларига қатъий риоя қилишни назоратга олиш муҳим вазифага айланди. Мамлакатимизда ҳатто мактабгача таълим муассасаларида ҳам йўл хавфсизлиги қоидалари ўргатилмоқда. Ислом дини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам низом ва тавсиялар берган. Уловга минишдан олдин унинг йўлга тайёр эканини текшириш, носоз жойларини тузатиш лозим. Уловга белгилаб қўйилганидан ортиқ юк ортилмайди. Хавфсизлик чораларига тўлиқ амал қилиш, яъни, от-улов бўлса, эгарининг айилини ҳайвонга озор бермаган ҳолда маҳкам боғлаш ва жиловини яхши тортиш; автоуловда эса хавфсизлик камарини тақиш керак. Уловга маълум масофадан кейин дам берилади. Ҳайдовчи ҳам дам олиши мақсадга мувофиқ, чунки толиқиб йўлда ухлаб қолиши ёки улови ишдан чиқиши мумкин. Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг учун ҳам йўл алоҳида эътиборга сазовор тармоқ ҳисобланади.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда йўл ҳаракати қоидалари хусусида кўплаб кўрсатмалар бор. Чунки йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши, аввало, ўзиниг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса ислом динида қатъиян ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара,195). Бундан ташқари, йўл қоидасини бузган киши бошқаларнинг ҳаётига, мол-дунёсига ҳам хатар туғдиради. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш – жамият аъзолари маданиятининг кўзгусидир. Динимиз йўл ҳаракати одобларини биринчи бўлиб батафсил баён қилиб берганига шубҳа йўқ. Хусусан, “ўнг қўл ҳаракати”, “пиёдаларга йўл бериш”, “орада масофа сақлаш” каби йўл ҳаракати қоидалари айнан суннат амалларидир. Йўл умум мулки. Шунинг учун йўлдан фойдаланишда бошқаларга зарар етказиш омманинг ҳақини поймол қилиш ҳисобланади. Шариатимиз қоидасига кўра, бировларга зиён етказиш жоиз бўлмагани каби, зиёнга олиб борадиган ишларга қўл уриш ҳам мумкин эмас. Шу боис бировларга зиёни тегадиган бўлса, йўл юриш ножоиздир. Йўл оммавий мулк бўлгани сабабли жиддий зарурат туғилганда ҳаракатланишни тўхташ мумкин. Шунингдек, кишиларнинг ҳаёти ёки молларини сақлаш ва бошқа шу каби заруратлар юзасидан йўлларда тезлик миқдорини белгилаш ҳам шаръан мумкин. Бу, албатта, умумий манфаатлар юэасидан бўлгани учун жоиз ҳисобланади. Зотан, фиқҳий қоидалардан бирида: “Оммадан зарарни бартараф этиш якка шахсга етадиган зарарни кетказишдан устун қўйилади”, дейилган. Йўлдан фойдаланган киши унинг ҳақларига, хусусан, ҳаракат қоидаларига, шаръий кўрсатмаларга риоя қилиши шарт. Агар уларга оғишмай амал қилинса, у улуғ савобларга сабаб бўладиган ибодат даражасига кўтарилади. Борди-ю, уларга риоя қилинмайдиган бўлса, бузилган меъёрнинг кўламига кўра, йўл юриш макруҳ ёки ҳаром амаллардан бири ҳисобланади.

Шариатимиз буюрган одобларга риоя қилиш ҳар бир инсоннинг вазифасидир.Бу одоб ва мажбуриятларни бажариш ўзимизнинг ва ёнимиздаги ҳамроҳларимизнинг кўзланган манзилга соғу омон етиб олишимизни таъминлайди.

 

М.Матяқубов

Қўшкўпир тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *